Президентнинг дўстига ҳукм нимани англатади?

Сурат манбаси, Erkin Saliev
- Author, Санжар Эралиев
- Role, bbc.com/uzbek
- Reporting from, Бишкек
- Published
- Ўқилиш вақти: 5 дақ
Қирғизистон сиёсий саҳнасида яқин вақтларгача катта таъсирга эга сиёсий шахслардан бири кўрилган Қамчибек Ташиевга чиқарилган маҳкама ҳукми жамиятда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.
Айрим ҳуқуқшунос ва жамоат арбоблари худди жаноб Ташиевга қўйилган айблов билан қамоқ жазосига ҳукм қилинганлар мавжудлиги, айни ҳолда Ташиев ва у билан бирга маҳкамага тортилганларга озодликда қолишларини назарда тутувчи пробация қўлланилганини икки хил ёндашув сифатида баҳолашмоқда.
Ҳукм нима учун баҳсларни келтириб чиқарди?
2 июл куни Бишкекнинг Биринчи май туман суди Қамчибек Ташиев ва яна етти нафар собиқ амалдорни Жиноят кодексининг 326-моддаси — "Конституцияни бузган ҳолда ҳокимиятни куч ишлатиб эгаллаб олиш ёки куч билан сақлаб туриш, шунингдек конституциявий тузумни куч ишлатиш орқали ўзгартиришга қаратилган ҳаракатлар" бўйича айбдор деб топган.
Суд уларнинг ҳар бирига тўрт йиллик озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаган. Бироқ уч йиллик пробация назорати белгилангани сабабли улар жазони озодликда ўтайди. Ҳукм ўн кундан кейин кучга киради. Шунингдек, судланганларнинг мол-мулки мусодара қилиниши ҳам белгиланган.
Айни пайтда Қирғизистонда худди шундай ёки ўхшаш моддалар бўйича ўнлаб одамларга қамоқ жазоси ҳукми чиқарилган. Маҳаллий оммавий ахборот воситалари турли ҳисоб-китобларга таяниб, бундай айбловлар билан қамалганлар сони 50 дан 140 нафаргача бўлиши мумкинлигини ёзган. Расмий маълумотлар эълон қилинмаган.

Сурат манбаси, Taqdim/facebook.com/gulshair.abdirasulova
Пробация қонунийми?
Муҳокамаларнинг асосий мавзуси - давлат тузумига қарши жиноятларда айбланганларга нисбатан пробация қўлланилиши мумкинми, деган савол бўлди. Айрим ҳуқуқшунослар Жиноят кодекси бундай ҳолларда пробацияга йўл қўймаслигини таъкидламоқда. Бошқалар эса қарор сиёсий омиллар билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини айтмоқда.
Жамоатчиликдаги танқидларга жавобан Биринчи май туман суди пробация жиноят аслида ҳали амалга оширилмагани, уринишлар "тайёргарлик кўриш" босқичида қолгани сабабли қўлланилганини маълум қилди. Судга кўра, айбланувчиларнинг шахсий хусусиятлари ҳамда уларни озодликдан маҳрум этмасдан туриб, тўғри йўлга кириш имконияти ҳам инобатга олинган.
Бироқ инсон ҳуқуқлари бўйича "Қилим шами" ташкилоти раҳбари Гулшайир Абдирасулова бу изоҳ ҳуқуқий жиҳатдан етарли эмаслигини таъкидлайди.
"Муаммо шундаки, суд таянаётган Жиноят кодексининг пробацияни қўллаш ҳақидаги 82 моддаси конституциявий тузум асослари ва давлат хавфсизлигига қарши жиноятларда пробацияни қўллашни очиқдан очиқ тақиқлайди. Бу моддада тугалланмаган жиноят, тайёргарлик ёки суиқасд ҳақида ҳеч қандай истисно йўқ, тақиқ жиноятнинг қайси босқичда содир этилганидан қатъи назар амал қилади. Мен суднинг инсонийликка концепциясини назарга олиш ҳуқуқи билан баҳслашмаяпман. Саволим: суд 82-моддани қайси асосда қўллади? Агар судда ҳуқуқий асос бўлса, у очиқ айтиб, қайси нормага таянганини, пробация қандай асосда қўлланганини аниқ кўрсатиши керак. Агар у нормани кўрсатса, у ҳолда бошқалар ҳам худди шу ҳуқуқий мантиқ асосида озод қилиниши лозим".
Шунга ўхшаш саволни Конституциявий Маҳкаманинг собиқ ҳаками Клара Сооронқулова ҳам ўртага ташлади.
"Чунки ҳокимиятни босиб олишга алоқаси йўқ одамлар колонияда ўтиришибди. Беш йилга қамалганлар кўп. Етти йилга, тўққиз йилга озодликдан маҳрум этилганлар ҳам бор. Нега бундай айб қўйилган таъсирли шахсларга, ҳокимиятни босиб олиш имконияти бўлган одамларга шундай енгил жазо қўлланилаётгани ҳақида савол туғилмоқда".

Сурат манбаси, Taqdim/facebook.com/klarasooronkulova
Сиёсатчи ва жамоат арбоби Бектур Асанов эса бу каби қарор аввалдан кутилганини айтади.
"У президентнинг ажралмас дўсти эди. Тўғрими? Шунча шов-шувдан кейин оқлаб юбориш ҳам мумкин эмас эди. Менимча, улар орасида суҳбатлар, келишувлар бўлган, деб ўйлайман".
Ташиевга ҳукм чиқарилганидан икки кун ўтгач, собиқ президент Алмазбек Атамбаевнинг ўғли, "Оммавий тартибсизликка тайёргарлик кўриш" айби билан 2025 йил кузидан буён қамоқда сақланаётган Қодир Атамбаев мурожаат билан чиқиб, бу ҳолатни суд тизимидаги икки хил ёндашув сифатида баҳолади.
У билан бирга шу иш бўйича қамоқда сақланаётган "Социал-демократлар" партияси раҳбари Темирлан Султанбеков ҳам айнан шу айблов билан тергов қилинмоқда.
Одатда долзарб сиёсий мавзуларга ижтимоий тармоқлар ёки давлат нашрлари орқали тезкор муносабат билдириб келадиган президент Садир Жапаров бу борада ҳозирча изоҳ бермаган.
Қамчибек Ташиев ҳам суд қарорини шарҳламади. Ҳукмдан бир кун ўтиб у Манас шаҳрида футбол ўйинини томоша қилиш учун борди. Интернетда тарқалган видеоларда Ташиевни томошабинлар қарсаклар билан қарши олгани акс этган. Ҳокимиятни куч билан босиб олишга уриниш айби билан судланган шахснинг бундай кутиб олиниши ҳам ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокама қилинмоқда.
Қандай қилиб Ташиев судланувчига айланди?
57 ёшли Қамчибек Ташиев Қирғизистон сиёсий саҳнасидаги энг таъсирли шахслардан бири ҳисобланади. У президент Садир Жапаровнинг яқин дўсти ва сиёсий ҳамкори сифатида кўрилади. 2020 йилда Жапаров ҳокимиятга келганидан кейин Ташиев 2026 йил бошигача Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси ҳамда Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари лавозимларида ишлаган.
У 10 феврал куни кутилмаганда лавозимидан озод этилди. Бундан бир кун аввал 75 нафар собиқ амалдор ва сиёсатчи президент ҳамда Жогорку Кенешга (парламент) муддатидан аввал президент сайловини ўтказиш таклифи билан мурожаат йўллаган эди. Имзо чекканларнинг катта қисми Ташиевга яқин шахслар сифатида тилга олинган.
Шундан кейин милиция қонунга зид ҳаракатлар содир этилган бўлиши мумкин, деган гумон билан жиноят иши қўзғатди. Жамоатчиликда бу иш "75чилар мактуби" номи билан машҳур бўлди.
Ташиев ўзини айбсиз деб атади, бир муддат хорижда бўлиб, кейин мамлакатга қайтди. Кейинчалик унга яқин дея кўрилган бир қатор амалдорлар лавозимларини тарк этишди, парламентдаги ўнга яқин депутат эса истеъфога чиқишди.
Президент Жапаров ўша пайтда Ташиевни ишдан бўшатиш қарорини "давлат ва халқ тинчлиги учун" қабул қилганини айтган. Шу билан бирга, икки сиёсатчи ҳозиргача бир-бирини очиқ танқид қилмаган.

Сурат манбаси, Erkin Saliev
Жамоатчиликда Ташиев келгусида президентликка даъвогар бўлиши мумкинлиги ҳақида ҳам тахминлар тарқалган эди. Жиноят иши қўзғатилганидан кейин берган бир неча интервьюсида у президент Жапаров сиёсатини қўллаб-қувватлашини билдирган ва судда оқланишига ишонишини айтган.
Бошқа судланувчилар ҳам муддатидан аввал сайлов ўтказиш ҳақидаги ташаббус Конституция доирасида илгари сурилганини, бу амалдаги ҳокимиятга қарши ҳаракат эмаслигини таъкидлашган.
Ушбу воқеалар манзарасида Конституциявий суд навбатдаги президентлик сайловини 2027 йил январига белгилаган.
Президент Жапаров Ташиевга қарши очилган жиноят иши бўйича аввалги чиқишларида унга ҳуқуқий баҳо бериш суд ваколати эканини таъкидлаган. Шу билан бирга, у Қамчибек Ташиевни ўзининг яқин дўсти эканини ҳам бир неча бор айтган.
Ташиев ҳақида қарама-қарши фикрлар
Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Ташиев мамлакат раҳбарияти таркибида бўлган даврда сиёсий танқидчилар ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларига босим кучайгани ҳақида бир неча бор ҳисоботлар чиқаришганди.
Шу билан бирга, уни қўллаб-қувватловчилар Ташиев коррупцияга қарши курашда натижага эришганини, уюшган жиноий гуруҳларга қарши чоралар кўргани, ҳамда Ўзбекистон ва Тожикистон билан давлат чегарасини белгилаш жараёнида муҳим роль ўйнаганини айтишади.
Ташиев лавозимдан кетганидан кейин эса айрим тадбиркорлар унинг раҳбарлиги даврида бизнесга босим ўтказилгани ва баъзи мулклари тортиб олинганини даъво қилишмоқда. Айни дамда унинг укаси коррупцияга алоқадор ишларда айбланиб, қамоққа олинган.




























