Ўзбекистон: Милиция болаларга маъруза қилган боғча мудираси жазоланди - Янгиликлар

Бу маърузага президент ҳам эътибор қаратган.

Сурат манбаси, Social media

Сурат тагсўзи, Бу маърузага президент ҳам эътибор қаратган.
Published

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги билдиришича, боғча болалари учун Ички ишлар ходимлари томонидан маърузани уюштирган Тошкентнинг Учтепа туманидаги боғча мудираси ва услубчисига қарши интизомий чора кўрилган.

Бу ҳақида Газета.уз айни вазирлик иштирокида АОКАда ўтказилган матбуот анжуманига таяниб хабар тарқатди.

Алоқадор мавзулар:

Ўтган ҳафта ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода бир хонанинг ичида икки Ички ишлар ходимидан бири ўнлаб болалар олдида ва вентилятор ўзларига қаратилган ҳолда нутқ сўзлаётгани акс этади.

Унда ходим афтидан зериккан ва баъзилари тик турган болаларга қарата шундай дейди:

«Ҳурмат қилиш керак ота-онани, қолган нарса ўзи бўлиб кетаверади. Фақат яхши инсон бўлиш керак, бўлди. Қилма деганни қилиш керакмас. Қилгин [деган] ишни қилиш керак. Оқ билан қорани ажратиб олинглар олдин. Нима оқ, нима қора? Қайси ишни қилсам, тўғри бўлади, қайси ишни қилсам, нотўғри бўлади? Қилишдан олдин бу ишни қилганимдан кейин эртага нима бўлади, шуни ўйлаш керак. Тушунтира олдимми?»

Газета.уз хабарига кўра, Мактабгача таълим агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Фарруҳ Бобоев аслида болалар билан машғулотлар махсус майдончада ўтказилиши белгиланганини таъкидлади. Аммо учрашув нотўғри ташкил этилиб, хонада ўтказилган.

«Мактабгача таълим ташкилотларида ёз ойларида мактабга тайёрлов гуруҳларимиздаги 6 ёшли болажонларимизга йўл ҳаракати қоидаларини ўргатиш, ҳарбийлар билан учрашиш, она ватанга садоқат руҳида тарбиялаш мақсадида ёзги соғломлаштириш дастурлари йўлга қўйилган. Айнан ҳар битта боғчада йўл ҳаракати қоидаларини ўргатувчи майдончалар мавжуд. [Видеодаги] учрашув айнан ўша майдончада эмас, балки гуруҳда ўтказилган. Учрашув нотўғри ташкил этилгани учун тегишли мутасаддилар (агентлик ахборот хизматининг «Газета.uz»га маълум қилишича, боғча мудираси ва услубчиси)га нисбатан интизомий чоралар қўлланилди», — деди Фарруҳ Бобоев.

Видео ижтимоий тармоқларда кўплаб кулгу ва норозиликларга сабаб бўлди.

Йўл ҳаракати қоидаларини болаларга ўргатиш учун келган ходимлар нега қизил, сариқ ва яшилни эмас, оқ ва қорани ажратиш ҳақида насиҳат қилганлари номаълум.

Мактабгача таълим агентлиги ўз изоҳида мактабгача таълим ташкилотлари болалар билан суҳбат ўтказиш учун турли соҳа вакилларини таклиф қилишлари мумкинлигини, аммо бундай тадбирлар ўйинлар, байрамлар, экспериментлар, томошалар, китоб ўқиш ва экскурсиялар шаклида ўтказилиши кераклигини маълум қилди.

Ўтган ҳафта Фарғона водийсига сафар қилган Президент Шавкат Мирзиёев ҳам маҳаллардаги "ижтимоий профилактика" тамойили ҳақида гапира туриб бу мавзуни кўтарганди.

"Нима иш қилиш кераклигини билмаган айрим профилактика инспекторлари эса боғчаларга бориб, 3-4 ёшли болакайларга "оқ-қорани фарқлаш" бўйича маъруза ўқиш билан банд", - деб айтган давлат раҳбари.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002