Истанбулда қалбаки алкоголдан ўнлаб одам ўлди, уларнинг қарийб ярми ўзбекистонлик. Туркияда сохта ароққа нега талаб ошмоқда?

Published
Ўқилиш вақти: 3 дақ

Истанбулда бу ҳафта қалбаки алкоголь истеъмоли ортидан камида 37 инсон вафот этган – 14 нафари ўзбекистонлик. Маҳаллий ҳокимият вазиятни тартибга солиш йўлида қўшимча чоралар қабул қилган.

Қалбаки спиртли ичимлик ичгани ортидан жами 88 инсон шифохонага ётқизилган.

17 январь ҳолатига кўра, маҳаллий ҳокимлик метанол билан заҳарланган бу инсонларнинг 37 нафари ҳаётдан кўз юмганини маълум қилган.

Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси уларнинг 14 нафари мамлакат ватандошлари бўлганини билдирган.

"Бош консулхона дипломатлари Истанбул шаҳридаги шифохоналарнинг жонлантириш бўлимларида қалбаки спиртли ичимликдан заҳарланиш оқибатида даволанаётган фуқароларнинг ҳолидан хабар олдилар. Уларнинг 3 нафарининг аҳволи оғир.

Бош консулхона барча вафот этган фуқароларимизнинг яқинларига сабр, касалларга шифо тилайди", дейилади 17 январь куни қолдирилган расмий баёнотда.

Туркия матбуотининг хабар қилишича, беморларнинг 29 нафари сунъий нафас олиш аппаратига уланган ҳолда даволанишда давом этмоқда.

Бир бемор даволанишдан бош тортгани, яна икки бемор эса касалхонани рухсатсиз тарк этгани айтилмоқда.

Истанбул ҳокимлиги сохта ичимлик ишлаб чиқариш ва сотилишининг олдини олиш мақсадида қўшимча чоралар қабул қилганини эълон қилган.

Бирламчи чоралар ўлароқ спиртли ичимлик сотадиган дўконларда бинонинг бутун қисмини кузатиб турувчи юқори аниқликдаги 24 соатлик камера тизимини ўрнатиш ва ёзувларни 30 кун давомида сақлаш мажбурияти жорий этилган.

Шунингдек, ҳокимлик назорат гуруҳлари томонидан 24 соатлик мониторинг ўтказилишини маълум қилган.

1 январдан бошлаб амалга оширилган операциялар давомида 29 тонна қалбаки алкоголь мусодара қилинган, сохта ёки ноқонуний ичимлик сотган 64 корхонанинг лицензияси бекор қилиниб, улар ёпилган.

Одамлар нега қалбаки ароқ ичмоқда?

Мутахассисларнинг тахминича, бу Туркияда яқинда кучли спиртли ичимликлар нархи ошганига боғлиқ бўлиши мумкин.

24 декабрь куни эълон қилинган президент қарори билан юқори алкоголли ичимликлар учун махсус истеъмол солиғи 13 фоизга оширилган эди.

Ушбу ўсиш билан 0,7 литрлик раки (Туркия миллий спиртли ичимлиги)нинг нархи тахминан 1,000 турк лираси ($28)га етган.

Бу миқдорнинг 71 фоизини солиқлар ташкил қилади.

Мутахассисларнинг фикрига кўра, нархларнинг ошиши уй шароитида тайёрланган ичимликларга бўлган қизиқишни оширмоқда.

Метанолдан заҳарланиш

Қалбаки спиртли ичимлик туфайли юзага келадиган ўлимларнинг кўп қисми метанол билан заҳарланиш натижасида содир бўлади.

Метанолнинг жуда оз миқдори ҳам доимий соғлиқ муаммолари ва ҳаттоки ўлимга олиб келиши мумкин.

"Қалбаки ичимликлар таркибида метанол бўлади. Метанол алкоголь ўрнида ишлатилиши ёки унга қўшилиши мумкин. Натижада маълум токсик таъсирлар пайдо бўлади", дейди BBC билан гаплашган туркиялик профессор Пинар Эркекўғлу.

Метанолнинг кўплаб токсик таъсирлари мавжуд, у доимий кўрликка ҳам олиб келиши мумкин.

Эркекўғлу сохта ичимликни ҳидидан ёки кўринишидан аниқлашнинг иложи йўқлигини айтади.

"Метанол алкоголнинг ўрнида ишлатилиши мумкин, чунки у арзонроқ, топиш қийин эмас ва этанолга қараганда синтези тезроқ, осонроқ кечади. Метанол ҳам, этанол ҳам тиниқ ва рангсиз суюқликлар бўлгани учун уни кўз билан фарқлашнинг иложи йўқ".

BBC суҳбатдоши метанолнинг организмга салбий таъсири инсоннинг сезувчанлигига қараб ўзгариб туришини айтади.

"Танамизда метанолни парчаловчи ферментлар мавжуд. Ушбу ферментлар ҳар бир кишида турлича ишлайди. Баъзи одамларда 50 мл метанол истеъмолидан сўнг соғлиқда муаммолар бошланса, бошқаларда эса бу миқдор 15-20 млгачани ташкил қилиши мумкин. Кўпчилик шу миқдордан кейин ўзини ёмон ҳис қила бошлайди".

Профессор Эркекўғлининг тавсиясига кўра, қалбаки спиртли ичимликлардан сақланишнинг энг яхши йўли – ишончли фирмаларнинг маҳсулотларини танлаш, арзон ичимликлардан узоқ туриш, фақат ишончли жойларда ичиш ва уй шароитида алкоголли ичимлик тайёрлаш фикридан воз кечиш.

"Фақат қалбаки эмас, балки арзон ичимликлар ҳам тез-тез бош оғриғи ва кўнгил айнишига сабаб бўлади".