Дайжест: Даврида жиноятчилик каррасига ошган ИИВ вазири ишдан кетди, "Янги Тошкент"да қандай қилиб иш топиш мумкин ва "кешбек"нинг ўзбекчаси нима бўлади? (Видео)

Published
Ўқилиш вақти: 4 дақ

Душанба Ўзбекистон ИИВни узоқ йиллардан буён бошқариб келаётган Пўлат Бобожонов ишдан кетгани ҳақидаги хабар билан бошланган. "Янги Тошкент" қурилишида эълон қилинган 8-15 миллион сўмлик ишлар бўйича телефонда боғланиб бўлмаётгани айтилмоқда. Бу ва бошқа янгиликлар билан бугунги дайжестимизда танишинг.

Қарийб етти ярим йилдан буён Ички ишлар вазирлигини бошқариб келган Пўлат Бобожонов ишдан кетгани ҳақида биринчи бўлиб доимгидек норасмий каналларда тасдиқланмаган хабарлар пайдо бўлган.

Кейинроқ бу хабар тасдиқланиб, унинг ўрнига Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи лавозимида ишлаб келган Азиз Тошпўлатов расман янги ИИВ вазири этиб тайинланган.

Бобожоновнинг ўзи эса президентнинг кадрлар сиёсати бўйича маслаҳатчиси ўринбосарига айланган. Ҳозирда, президентнинг кадрлар сиёсати бўйича маслаҳатчиси – Сирдарё вилояти собиқ ҳокими Ғофуржон Мирзаев.

Деярли Мирзиёев қудратга келганидан буён мамлакатдаги энг муҳим кучишлатар тизимлардан бирига раҳбарлик қилган Бобожоновнинг нега лавозимидан кетгани сабаблари ҳали номаълум.

Унинг вазирлик даврида жамоатчиликнинг ички ишлар органлари фаолиятига нисбатан эътирози кучайган эди. Фаоллар, айниқса, ҳибсхоналарда одамлар ўлаётгани ва бундай ҳолатларга вазирликнинг очиқ муносабат билдирмаслигини танқидга тутган.

Расмий статистик маълумотларда эса Бобожонов соҳага раҳбарлик қилган йилларда жиноятчилик кўлами сезиларли тарзда ошгани ҳақида сўз боради.

Рақамларга разм ташланса, 2020 йилдан буён мамлакатда жиноятлар сони икки баробардан кўпга ошган бўлса, биргина 2024 йилда жиноятчилик 2023 йилга нисбатан 27,1 фоизга кўпайган.

$3 миллиардлик марра

1 март куни инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов Сурхондарёда афғонистонлик ҳамкасби – тан олинмаган Толибон ҳукумати савдо вазири Нуруддин Азизий билан учрашган.

Чегарадаги "Термиз" халқаро савдо марказида мулоқот қилган вазирлар икки томонлама ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилган ҳамда ўзаро савдо ҳажмини $3 миллиардга етказиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб олган.

"Савдо билан бир қаторда қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, фармацевтика, озиқ-овқат ва тоғ-кон саноати соҳаларида ҳам ўзаро манфаатли ҳамкорлик ва саноат кооперациясини кенгайтириш бўйича навбатдаги тадбирлар кўриб чиқилди", дейилади расмий хабарда.

"Газ ҳали ҳам чиқмоқда"

Ўтган йил сентябрь ойида Бойсундаги конда юз берган авария ортидан вазият қарийб ўзгармагани, аҳоли ҳамон заҳарли газдан азоб чекаётгани хабар қилинмоқда.

Воқеа жойидан яна бир репортаж тайёрлаган Kun.uz'нинг маҳаллий одамлар кўрсатмасига таяниб ёзишича, "болалар орасида аллергик касалликларга чалиниш ҳолатлари ошган, айримлар вилоятнинг бошқа туманларига кўчиб кетган, бошқалар эса ҳар эҳтимолга қарши ўзлари учун жой ҳозирлаб қўйган".

Одамларнинг нашрга билдиришича, газ ҳиди шамол билан келмоқда ва масъуллар аҳоли талабларига бефарқ муносабатда бўлмоқда.

"Кофрун қишлоғи одамлари масъулларнинг вазиятга бефарқлигидан хавотирда. Шу ерда яшовчи фуқарога кўра, ИИО ходимлари ОАВ ва блогерларга интервью бераётганларга турли босимлар ўтказяпти. Бу айрим блогерларнинг юзни кўрсатмаслик ваъдасини бузгани ортидан келиб чиқмоқда. Шу сабабми, баъзилар интервью беришни истамади", дейилади Kun.uz мақоласида.

"Зўр таклиф"

Бандлик вазирлиги қурилишда ишлаётган ўзбекистонликлар учун "Янги Тошкент"да зўр таклиф борлигини эълон қилган.

Расмий хабарга кўра, пойтахт Тошкент ёнида 20 минг гектар майдонда барпо этилаётган ушбу лойиҳага 10 мингга яқин соҳа эгалари ишга таклиф этилади.

"Бу ерда бетончи, пайвандчи, сантехник, ғишт терувчи, электрик, сувоқчи каби 38 турдаги йўналиш бўйича мутахассисларга талаб мавжуд. Ойлик иш ҳақи: 8-15 млн сўм. Ишчилар ётоқхона, кийим-кечак, транспорт хизмати ва 3 маҳал иссиқ овқат билан таъминланади", маълум қилган вазирлик.

Вазирлик ортидан Ўзбекистоннинг Россия ва Туркиядаги элчихоналари меҳнат мигрантларига мурожаат билан чиқиб, уларни "ватанда, оила бағрида" ишлашга чақирган.

Расмий эълонларда мурожаат учун қисқа рақамлар ҳам кўрсатилган, аммо Kun.uz'нинг ёзишича, одамлар бу рақамларга сим қоқиб, туша олмаяпти.

"Ҳолат юзасидан изоҳ олиш учун Бандлик вазирлигининг матбуот хизмати билан боғландик. Расмийларга кўра, қисқа рақам билан техник боғлиқ носозлик кузатилган, бу ҳақда 3 март куни эрталаб билишган", маълум қилган нашр.

"Брусчатка – Йўлғишт"

Атамалар комиссиясининг ишчи кенгаши 30 та хорижий атаманинг ўзбекча муқобили бўйича ўз таклифини жамоатчилик муҳокамаси учун илгари сурган.

Рўйхатда "повербанк", "кешбек", "челенж", "кулер" каби сўнгги йилларда Ўзбекистонда оммалашган сўзлар мавжуд.

Ишчи кенгаш "повербанк" учун "кучлантиргич", "кешбек" учун "ҳадя-қайтим", "челенж" учун "чорлов", "кулер" учун "сувлик" сўзларини расмий муомалага киритишни таклиф қилмоқда.

Бу рўйхатдаги хорижий атамалар бўйича якуний қарор эмас, жамоатчилик мазкур ҳавола орқали ўтиб, ўз таклифини илгари суриши мумкин.