You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Чақувлар, ҳарбий тайёргарлик, қаҳрамонлар парталари. Украина босқини бошлангандан буён Россия мактаблари қандай ўзгарди? Dunyo Yangiliklar
- Author, Наталия Зотова
- Role, Би-би-си
- Published
Бир йилдан ортиқ давом этаётган уруш Россиядаги мактаб таълимига тобора кўпроқ ўз таъсирини ўтказмоқда. Мактаб ўқув дастури ўзгармоқда, мафкуравий дарслар кўпайган, мактаблар ҳалок бўлган рус ҳарбийлари номи билан аталмоқда, ўқитувчилар ҳамкасблари ва ҳатто ўз ўқувчилари чақувидан қўрқади. Би-би-си ўтган йилнинг 24 февралида Украинага босқин бошлангандан кейин Россия мактабларида кузатилаётган ўзгаришларни сарҳисоб қилди.
"Ташландиқ уйлар жуда кўп. Улардан бирига кирдик, биринчи навбатда ювинишимиз учун ҳаммом ҳозирладик. Озиқ-овқат билан боғлиқ муаммо йўқ эди. Кўпчилик деярли ҳамма нарсасини ташлаб кетган".
Алоқадор мавзулар:
Шундай тарзда Украина босқини иштирокчиси Ставропол ўлкасидаги мактаб ўқувчиларига тинч аҳоли уйларидан қандай фойдаланганликлари, уларнинг овқатларини еганлиги, яъни ўзи қилган талончилик ишлари ҳақида гапириб берди. Уруш қатнашчилари мактабларда уруш ҳақида гапиради - бу одатий ҳолга айланмоқда, энди улар Украинадан қайтган, уруш кўрган аскарлар.
Мактаблардаги тирик ва ўлик ҳарбийлар
Бу Россия ҳукумати "махсус операция" деб атайдиган Украинадаги уруш қатнашчиларининг болаларга ўз «жасоратлари» ҳақида гапириш учун таклиф қилинган ягона мактаб эмас. Бундай хабарлар вақти-вақти билан маҳаллий янгиликлар сайтларида чиқиб туради. "Жангчи ўқувчиларга ҳарбий биродарлик ҳақида гапириб, аскарларнинг қаҳрамонона ишларидан мисоллар келтирди", дейилади «фахрий»лардан бирининг Тамбов вилоятидаги мактабга ташрифи ҳақидаги хабарда.
Бу ишлар 9 май арафасида «Улуғ Ватан уруши» фахрийларини мактабларга таклиф қилиб, суҳбатлар ташкил қилиш анъанасини эслатади. Иккинчи жаҳон уруши фахрийлари оз қолгани боис, ўша вақтда бола бўлган, айниқса, Ленинградда қамалда бўлганларни мактабларга чақириб туришади. Аммо санкт-петербурглик 10-синф ўқувчиси Софиянинг (исми ўзгартирилган) айтишича, улар ҳозир ўтмишдаги уруш ҳақида гапиришмаяпти: "У [қамалдан омон қолган одам - Би би си] ҳозир Украинада нима бўлаётгани ҳақида гапирди. Нацистлар Қрим кўпригини портлатиб юборди деди. Мен уни тинглашни хоҳламадим. Унинг айтмоқчи бўлгани у ерда нацистлар бор эмиш, Россия уларга қарши курашаётганмиш, Россия доим ёвузликка қарши курашган эмиш, гейлар ёки нацистлар ва ҳк."
"Тушунмаяпман, у сиёсатчи эмас, иқтисодчи ҳам эмас, ва умуман олганда, 90 ёшда. Жим эшитиб ўтирганимиздан уялдик", дейди София.
Украинага босқиннинг ҳақиқий иштирокчиларини кўрмаган мактаб ўқувчилари эса хат ёзишга мажбур қилинади. Қишда мактабларда "Аскарга мактуб" Бутунроссия тадбири ўтказилди.
Санкт-Петербургда мактаб маъмурияти инглиз тили ўқитувчиси Ларисага болаларга хат ёздиришни топширди. У рад этди.
"Мен [мухолифлар] Владимир Кара-Мурза (Россия ҳукумати томонидан "хорижий агентлар" рўйхатига киритилган) ва Лилия Чанишева билан ёзишмалар олиб бораман, Навалнийга ҳам ёзганман. Ёзишим керак бўлса, одам топилади, аскарга хат ёзиш ниятим йўқ, болаларга ҳам буни қилдирмоқчимасман", деб тушунтиради у жаҳл билан.
Ларисанинг айтишича, унинг мактаб маъмурияти билан муносабатлари кескинлашган, аммо уни охир-оқибат тушунишган ва бошқа талаб қилишмаган.
Бироқ, бошқа ўқитувчилар "ҳамма нарса фронт учун, ҳамма нарса ғалаба учун" кайфиятини бажонидил қабул қилмоқда. Баъзи мактабларда болалар ўқитувчилар раҳбарлигида камуфляж тўрлари тўқийди ва фронт учун хандақ шамлари ясайди.
"МҲО фахрийлари" мактабларга нафақат тирик, балки ўлик ҳолда ҳам келади.
Улғайиб, армияга бориб, ҳалок бўлган кечаги мактаб ўқувчилари хотирасига "қаҳрамонлар партаси" ўрнатилмоқда.
Кемерово вилоятидаги мактаблардан бирида катта Z ҳарфи ва 21 ёшли шу мактаб битирувчиси Андрей Вороновнинг портрети туширилган мактаб партаси бор. У 2018 йилда ўрта мактабни тамомлаган, шифокор бўлишни орзу қилган, ветеринар бўлиш учун ўқишга кирган ва 2021 йилда ҳарбий хизматга кетган. Армияда шартнома имзолаган: муддатли хизматдагиларга бу қатъий таклиф қилинади.
Краснодар мактабининг 20 ёшли битирувчиси Кирилл Сайкиннинг ҳам тарихи шундай: у 2021 йилда армияга чақирилган, 3 ойдан кейин шартнома имзолаган ва 2022 йил ёзида Украинада ўлган. "Қаҳрамон партаси"даги стикерда ҳам ҳозир у ҳақда ёзилган.
Чита вилоятидаги бир мактабда бирданига иккита "қаҳрамон партаси" қўйилди: бир собиқ ўқувчи урушда 21 ёшида, иккинчиси 28 ёшида ҳалок бўлди.
Баъзан мактабларга урушда ўлганлар номи қўйилди: Би би си ўтган йил октябрида Украинада вафот этган Евгений Орлов номи билан аталган Владивостокдаги мактаб ҳақида ҳикоя қилган эди. Ундан олдин Орлов Донбасс ва Сурияда жанг қилган ва Вагнер ёлланма аскари сифатида Украина санкциялар рўйхатига киритилган.
София лицейда ўқийди, у ерда "қаҳрамон парталари" йўқ. Аммо у ижтимоий тармоқларини кузатишда давом этаётган аввалги мактабида бунақа парталар аллақачон пайдо бўлган. "Агар аълочи бўлсангиз, қаҳрамон партасида ўтирасиз, - дейди София, - мен бунақа партада ўтиришни хоҳламайман".
"Урушга кетаётган бу эркакларга ачинаман, лекин мен бу қонли партада ўтиришни, мактабда ўлган одам сурати босилган партада ўтирганимни эслашни истамасдим", дейди у.
"Уруш бошланганда, мактабга кетаётганимда, наушникларимга "Эхо Москвы"ни ёқдим, - дейди ўқитувчи Марина (исми ўзгартирилган) босқин бошланган кунни эслаб. - Гардеробда кийимимни алмаштираётсам, ҳамкасбларим ҳеч нарса бўлмагандек суҳбатлашишарди."
Биринчи кунларда ўқувчилар уруш ҳақида саволлар беришни бошлаганларида, Марина аллақачон "тилини тийиши" кераклигини ҳис қилган. Лекин у умуман сукут сақлаб ҳам туролмасди. "Мактабимизда Чеченистонда ўлган 20 ёшли йигит учун лавҳа осилган, - дейди у Би би сига. - Мен у қандай очилганини ва унинг онаси бу жараёнга гувоҳ бўлиб турганини эслайман. Ўшанда ўйлагандим: унга шу лавҳа керакми ёки ўғил? Мен болаларга шуни айтдим.»
Вазир Кравцов ва унинг ташаббуслари
Екатеринбургда битта мактабнинг 5-синф ўқувчиларидан қўшиқ дарсида Шаманнинг "Мен русман" қўшиғини ёдлаш сўралган - уруш бошланганидан кейин Россиядаги асосий расмий хитлардан бири шу эди.
Краснодар ўлкасида болалар "Муҳим нарсалар ҳақида суҳбатлар" ўрнига Донбассдан "дала командирлари" ҳақида қўшиқ куйлашади. Ягона давлат имтиҳонининг рус тилидаги тест версиясига ёзувчи Даниил Прохорнинг "ЛХР халқ милицияси" ҳақидаги матн киритилган.
Бундай ҳолатлар жуда кўп, лекин улар одатда бирор мактаб ёки ўқитувчининг шахсий ташаббуси бўлиб, умуман мажбурий инновациялар эмас.
Шу билан бирга, таълим соҳасида ҳам тизимли силжишлар бўлмоқда. 2022 йил 24 февралдан кейин рус мактабларида кўп нарса ўзгарди. Рус байроғини кўтариш анъанаси бор эди, "Муҳим нарсалар ҳақида суҳбатлар" каби мафкуравий дарс соатлари қўшилди, бутун Россия бўйлаб дарсларда болаларга "махсус ҳарбий операция" Донбасс аҳолисини қутқариши, Ғарб санкциялари эса Россияда импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқарилишига туртки беришини тушунтиришди.
Мактаблардаги ҳозирги ўзгаришлар асосан тарихга йўналгандир. Тарих тобора мафкуравий мавзуга айланиб бормоқда. Апрель ойи охирида таълим вазири Кравцов 11-синфлар учун "махсус ҳарбий операция" боби қўшилган янги дарсликни тайёрлатди. Дарслик муаллифлари орасида президент Путиннинг ёрдамчиси ва собиқ маданият вазири Владимир Мединский ҳам бор. Янги бобда "МҲО бошланиши сабаблари" мавзуси ҳам бор. Янги тарих дарслиги жорий йил 1 сентябрига қадар фойдаланишга топширилади, деди Кравцов. Шундан сўнг, МҲО ҳақидаги саволлар тарих бўйича имтиҳонда ҳам пайдо бўлади.
Айни пайтда жаҳон тарихи дарсларидан Киев ҳақида эслатилган ўринлар ўчириб ташланди. Энди тўртинчи синф ўқувчилари князь Владимир Русни Киевда эмас, балки қандайдир «пойтахтда» чўқинтиргани ҳақида ўқийди, деб хабар берди "Медиазона".
Ўтган йил ноябрида Давлат Думаси "гей тарғиботини" тўлиқ тақиқлаш тўғрисидаги қонунни кўриб чиқаётганда, Таълим вазирлиги дарсликларда "оилавий қадриятларни инкор этувчи, ноанъанавий жинсий алоқаларни тарғиб қилувчи ва ота-онага ҳурматсизликни шакллантирувчи маълумотларнинг" йўқлигини текширишга қарор қилди. Вазир Кравцовнинг буйруғи билан дарсликларни мактабларда фойдаланишга рухсат беришдан олдин текширишнинг шундай тартиби белгиланди.
Уруш дарсликлар ва суҳбатлар орқалигина мактабларга кириб бораётгани йўқ. Таълим вазирлиги аллақачон ҳаёт хавфсизлиги бўйича янги дастурни тасдиқлаган, унда бошланғич ҳарбий тайёргарлик модули назарда тутилган. Мактаб ўқувчилари Калашников автомати ва қўл гранаталари қандай ишлашини, қандай ҳарбийча саломлашишни ва қандай қилиб ҳандақ қазишни ўрганадилар.
"Адолатли Россия" ташкилоти раҳбари Сергей Миронов «Известия» нашрига берган интервьюсида энди ёшлар урушга кўпроқ тайёр бўлишидан хурсандлигини айтади: "Ҳатто кўпчилик кўнгиллилар жанговар ҳаракатларда қатнашиш учун зарур тажрибага эга эмас. Мактабларда бундай фан ўтилиши фуқароларни эҳтимолий душман билан тўқнашувга мунтазам тайёрлашга имкон беради."
Сергей Кравцов ҳаёт хавфсизлиги доирасида ўтадиган бошланғич ҳарбий тайёргарликни "махсус операция" иштирокчилари олиб боришини тасдиқлади (лекин улар аввал болалар билан ишлаш бўйича махсус тайёргарликдан ўтказилади).
Педагогик маълумот ва тажрибага эга бўлмаган, эҳтимол жароҳатдан кейинги руҳий бузилиши бўлган одамларни мактабга жалб қилиш хавфлидир. Россия Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ҳисоб-китобига кўра, уруш фахрийларининг 3 дан 11 фоизигача руҳий бузилишни бошдан кечиради. Ярадорлар орасида улуш кўпроқ - 30 фоиз.
Ҳатто вазир Кравцов Россия педагогик таълимни ривожлантириш ассоциацияси бошқаруви йиғилишида ота-оналар учун ҳам "Муҳим нарсалар ҳақида суҳбатлар" жорий этилиши режалаштирилганини маълум қилди. Бу қандай бўлиши ҳақида ҳозирча тафсилот йўқ.
Бироқ таълим вазири матбуот анжуманларида ёки оммавий чиқишларда айтганларининг ҳаммаси ҳам амалда қўлланмади. Масалан, 2022 йил баҳорида Кравцов энди тарих биринчи синфдан ўқитилишини эълон қилган эди. Бу эълон ўқитувчилар учун кутилмаган бўлди, чунки биринчи синфда ҳамма болалар ҳам ўқишни билмайди. Вазирлик гап дарс ҳақида эмас, балки дарсдан ташқари ишлар ҳақида кетаётгани ҳақида гапиришига тўғри келди: масалан, музейларга экскурсиялар.
Қўрқув, зўравонлик, чақимчилик
"Бу йил мен Тарас Булбани болаларга ўргатмадим, - дейди марказий Россиядаги вилоят марказидан ўқитувчи Марина (исми ўзгартирилган). - Мен ўқув ишлари бўйича мудирга: "Ёлғон гапиришни хоҳламайман", дедим. Руслар кимлар, нега уларни Гогол шундай дейди? Қаҳрамонлар қайси тилда гаплашади, улар нима учун курашади? Беларус ҳозир нимага айланиб қолди? Доимий равишда бизга «Новороссия» тушунчасини уқтиришяпти - бундай қилиш мумкин эмас. Ёки болалар ота-оналари билан муҳокама қилишлари мумкин кимга нима ёқмаслигини? Ўз ўқувчиларингиздан қўрқиш даҳшатли".
Ўқитувчиларда чақувлардан эҳтиёт бўлиш учун асосли сабаблар бор. Россияда урушга қарши позицияси учун ўнлаб ўқитувчи у ёки бу тарзда жазоланган. 2022 йил август ойида пензалик ўқитувчи Ирина Ген саккизинчи синф ўқувчиси чақувидан кейин армия ҳақида "ёлғон хабарлар" тарқатишда айбланиб, беш йиллик шартли қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Болалар унинг урушга қарши нутқини диктофонга ёзиб олган эди.
Фақат болалар ўқитувчилар ҳақида эмас, балки ўқитувчилар ҳам болалар ҳақида маълумот беради.
Бундай ҳолатлардан машҳури Тула вилояти, Эфремов шаҳридан 13 ёшли Маша Москалева билан содир бўлди. Маша расм дарсида Украинадаги тинч аҳолига рус ракеталари учаётгани ҳақида чизди. Мактаб полицияга шикоят қилди, хавфсизлик кучлари қизнинг оиласини айблади ва натижада унинг отаси ижтимоий тармоқларда армияни «обрўсизлантирганлик» учун икки йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди, қиз дастлаб болалар уйига тушди, кейин эса у илгари бирга яшамаган онасига қолди.
Аммо бу ҳолат ягона эмас. Ноябрь ойида синф раҳбари Москвадаги 5-синф ўқувчиси Варвара Жоликер устидан полицияга шикоят қилди: 10 ёшли қиз "Муҳим нарсалар ҳақида суҳбатлар"ни ўтказиб юборган, профилига "Авлиё Жавелина" суратини қўйган, синфдошлари билан Зеленский ҳақида тортишган эди. Натижада қиз ва унинг онаси мактабдан тўғридан-тўғри ички ишлар бўлимига олиб кетилган, ижтимоий хизматлар эса оилани рўйхатга олган.
Ульяновскда бир ўқитувчи мактабни шу ерда 50 йил ишлаган ва яқинда вафот этган директор эрининг номига қўйишни таклиф қилгани учун синф раҳбарлигидан маҳрум қилинди. Чунки мактабга Украинада вафот этган майор номи берилган эди. Бошқа ўқитувчилар аёлни хоин деб аташди, чунки унинг синфи уруш фахрийлари учун жўнатмаларни йиғишда қатнашмаган экан.
Перм ўлкасидаги ўқитувчи ўз ўқувчисини Ватан ҳимоячилари куни учун танловга кечикиб қолгани учун хоин деб атади. "Ҳароми, бор гап шу. Ҳозир Украинада бунақаларнинг қанчаси борлигини биласанми?", дейди ўқитувчи мактаб ўқувчилари ёзволган видеода. "Ўзингизни кўрсатишингиз керак эди, бир қаторда туринг, ҳамма болалар, шундай! Бу мусобақа қайси кунга бағишланганини тушунмаяпсанми?» Айтганча, суд охир-оқибат бола тарафини олди, ўқитувчи ҳақорат учун жаримага тортилди ва мактабдан бўшатилди.
Чақимчилик зиддиятларни ҳал қилиш усулига айланиб бормоқда: Москвада Рублевский шоссесидаги мактаб директори полицияга мажлислар залининг ёпилиши, ошхонадаги антисанитария ҳолатлари, тажрибали ўқитувчилар ишдан бўшатилганидан шикоят қилган ота-оналар ҳақида чаққан. Директор буни бузуқилик деб ҳисобларди.
Шундай қилиб, ўқувчилар ҳам, ўқитувчилар ҳам чақувлардан қўрқишига сабаблар бор. Украина босқинининг дастлабки кунларида петербурглик инглиз тили ўқитувчиси Лариса юқори синф ўқувчилари билан уруш ҳақида гаплашган. Баъзи синфлар билан ҳам дарс шундай ўтган: "Мен инглиз тилида бошладим, лекин рус тилига ўтдим. Мен уларга фашизм 20-асрда Италияда, нацизм Германияда қандай пайдо бўлганлиги ҳақида гапирдим. Мен бу жараёнлар кўп жиҳатдан такрорланиши мумкинлигини тушунтирдим."
Аммо у синфлардан бирининг раҳбари "Путинпараст хола" ва камига ўқув ишлари бўйича мудир эканини билгач, уларга бу ҳақда гапирмади.
Бир неча ҳафта ўтгач, Лариса ўша "Путинпараст хола" билан "тўқнаш келди". У ўқитувчилар сукут сақлаётганидан ғазабланди ва ҳеч бўлмаганда урушга қарши петицияга имзо чекишни таклиф қилди. Ўша хола бунга жавобан "Украина деган давлат йўқлигини асослай бошлади". "Сиз тарихни билмайсиз", деб жавоб берди Лариса ва бундан тарих ўқитувчиси «хола» хафа бўлди.
"Бир кундан кейин директор менга қўнғироқ қилди: ўқитувчилардан бири унга чаққан экан. Директор гапиришимга қўймади, қисқагина огоҳлантирди: агар мен давлатга қарши чиқишлар қилишда ва ҳамкасбларимга ҳужум қилишда давом этсам, унда органлар мен билан шуғулланар экан», дейди Лариса. Шундан сўнг у ҳамкасблари билан уруш ҳақида гапиришни тўхтатди.
"Ватанпарварлик билан уруш бир нарса эмас"
Ўқитувчи Марина уруш ҳақида очиқ гапиришдан қўрқади: нафақат ўқувчиларга, балки ҳамкасбларига ҳам. "Тилимни қаттиқ тияман. Мен аслида ёлғизман. Мактабда уруш ҳақида гаплашадиган одам йўқ. 2015 йилдан бери телевизор кўрмайман ва, очиғи, телевизордан воз кечиш танқидий фикрлашга катта таъсир қилади."
Марина адабиётдан дарс беради ва дарсларида у ўзи айтганидек, "ҳақиқатан ҳам муҳим нарсалар ҳақида" гапира олади. "Албатта, мен болаларга уруш ва ҳокимият ҳақида - адабиёт доирасида гапираман. Мен айтаманки, ватанпарварлик ва уруш бир нарса эмас".
Яқинда дарсда улар ва мактаб ўқувчилари Лермонтовнинг "Алвидо, ювуқсиз Россия" шеърини таҳлил қилишди. "Болалар Лермонтов ўз ватанини севгани учун танқид қилган дейишди. Демак, 15 ёшда, идеаллар шаклланганда, болалар яхшини ёмондан ажрата олади", деб хурсанд бўлади Марина. Бу ўз мевасини беради, омон қолишга ёрдам беради.
Марина ҳақиқатан ҳам Украинага боришни хоҳларди, лекин насиб қилмади: шахсий ишлар ёки пандемия халақит қилди. "Мен жуда хафаман, афтидан у ерга ҳеч қачон боролмайман. Бувим ўша ерда дафн этилган, у ерга бормоқчи эдим, лекин бу орзуим ҳеч қачон амалга ошмайди."
Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002