Украина «рашизм» атамасини қонунга киритди. Бу нимани англатади? Янгиликлар Dunyo Yangiliklar

Published

Украина Олий Радаси сешанба куни "Россия Федерацияси сиёсий режими томонидан рашизм мафкураси қўлланаётгани, рашизм амалиёти ва тамойилларини тоталитар ва ғайриинсонийлик сифатида қоралаш ҳақида" қарор қабул қилиб қонунчиликка «рашизм» атамасини киритди.

Би-би-си Украина хизматига кўра, Олий Рада депутатлари ҳужжат матнида рашизм ҳақида ҳам украиналик, ҳам Ғарб тарихчилари ва публицистлари берган тушунтиришлар, Россиянинг амалдаги ҳукуматига берилган таърифлар ва хусусиятларни келтирган ҳолда, рашизм - замонавий рус фашизми деган хулосага келган.

"Россиянинг Украинага қарши шафқатсиз ва асоссиз уруши бутун дунёга Владимир Путин сиёсий режими неоимпериал, тоталитар диктатура сифатида ўтмишдан энг ёмон амалиётларни ўзига сингдирган, фашизм ва национал социализм ғояларини ўзида мужассам этган рус фашизмининг (рашизм) замонавий версияси эканини кўрсатди», дейилади қарорга илова қилинган шарҳда.

Украина депутатлари бу ҳужжат охир-оқибат Россиянинг Украинага қарши тажовузига сабаб бўлган сиёсати ҳақида халқаро институтларда ягона ёндашувни шакллантиришига умид қилмоқда.

Би-би-си мухбири Святослав Хоменко таҳлили:

Украина жамияти узоқ вақтдан бери Украина ва унинг халқи ўз мавжудлиги учун нимага қарши курашаётганини аниқлаб олиши керак эди.

"Россия армияси" ёки «Путин» каби сўзлар бу урушнинг моҳиятини тўғри акс эттирмайди. Бу атамалар, масалан, тажовузкор урушни ёқлаётган Рус Православ черковини ёки диванда ўтирганча урушни қўллаб-қувватлаётган миллионлаб русларни қамраб олмайди.

Украина ўз душманини шунчаки «руслар» деб атаса-чи? Аммо бу Украина учун қўлида қурол билан урушаётган русларга нисбатан адолатсизлик бўлади.

Украина қонунчилари «рашизм» атамасини энг маъқул тушунтириш деб ҳисоблашди. 24 февралдан кейин Украинада бу атамани қўллаш кўлами тез ўсди ва ниҳоят, ижтимоий тармоқлардаги жанжаллар ва муҳокамаларидан ташқарига чиқди.

Ўтган йил апрель ойида Володимир Зеленский матбуот анжуманида келажакда "замонавий Россия мафкураси сифатида рашизм тарих китобларида ўз ўрнини эгаллашини" айтган эди. Шу билан бирга, машҳур америкалик тарихчи Тимоти Снайдер рашизм ҳақида бир нечта мақола чоп этди.

Унга кўра, бу атама Россияда ҳукм сураётган фашизмнинг ўзига хос хусусиятлари - шахсга сиғиниш, ўлим культи, ўтмишни қумсаш, ялпи цензура ва мақсадга етиш воситаси сифатида урушни маъқуллашни академик руҳда тўлиқ тавсифлаш учун энг тўғрисидир.

Шу сабабли, Олий Рада томонидан рашизм тўғрисида резолюция қабул қилингани бугунги кунда Украинада ҳам, қисман, жаҳон илмий лисонида ҳам ушбу атама қўлланилишини шунчаки тасдиқлайди.

Лекин бу ҳаммаси эмас. Ушбу ҳужжат муаллифлари рашизмнинг энг инструментал таърифини беришга ҳаракат қилган, бу эса ушбу атамани сиёсий мақсадда, шу жумладан, халқаро ҳамкорлар билан мулоқотда қўллашни имкон қадар қулайлаштиради.

Резолюция муаллифлари Би-би-си билан суҳбатда, унинг қабул қилиниши Украинадаги воқеаларга халқаро эътиборни яна бир бор бирлаштириши ва бу Украинага тарафдор коалициянинг ўзига хос мафкуравий бирлигини шакллантиришга ёрдам беришини таъкидлади.

Шу маънода, Раданинг Ғарбдаги ҳамкорларга ҳозирги қарорни инобатга олиш учун мурожаати аҳамиятини эътиборсиз қолдирмаслик керак.

Украина қонунчиларининг мақсади дунёнинг турли тилларида рашизм атамасини сиёсий, публицистик ва маданий соҳаларда қўллашга эришиш, одамларга Россия ҳақиқатдан ҳам фашистик амалиётларни фаол қўллаётганини кўрсатишдир.

Агар ҳуқуқий нуқтаи назардан қарасак, Украина Россияни халқаро суд қилишга фаол интилаётганини унутманг. Унинг формати ҳақида гапиришга ҳали эрта, лекин фалсафа қилиш мумкин: бундай трибуналда қораланадиган объект нима бўлиши мумкин?

Ҳар қандай тарихий паралеллар тўғри бўлавермаслиги мумкин, аммо агар биз Нюрнберг трибуналини эсласак, унда Германия ва немислар эмас, балки нацизм мафкураси ва унинг раҳнамолари ҳукм қилинган. Фаразий келажак ҳукми Россияга нисбатан эмас, балки рашизм мафкураси, унинг етакчилари ва тарғиботчилари устидан чиқади.

Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002