Видео: Россия бомбардимонига қарамасдан Миколаев ғалаба иштиёқи билан ёнмоқда - Ukraina, urush

Published
Ўқилиш вақти: 1 дақ

Украина жанубидаги Миколаев шаҳри Қора денгиз бўйидаги Одесса порт шаҳрига олиб борувчи асосий йўлда жойлашган. Россия бу шаҳарни тез-тез ўтга тута бошлади. Бироқ Украинанинг энг бадавлат одамларидан бири ҳалок бўлган шанба кунги бомбардимон янада узоқ давом этди.

Миколаевда яна бир оғир тун ниҳоясига етди. Уруш чизиғидаги шаҳар шанба куни энг қақшатгич бомбардимонга тутилди.

Айрим ракеталар аниқ бир нишонни кўзлаётгандек кўринса-да, бироқ бу Россиянинг аҳоли мавзеларига кассетали бомбалар ва қанотли ракеталар билан одатий тартибсиз ўт очиши эди.

Миколаевдаги касалхоналар тўлиб тошган, аммо шаҳар ҳимоячилари собит турибди.

"Менимча, ҳамма урушга кўникди. Йўқотган одамларимиз ҳамда жароҳатланганлар учун қайғурамиз, аммо ғалаба қозониш ва яна жанг қилиш иштиёқи билан ёняпмиз", дейди вилоят мэри Виталий Ким.

Уруш эса тобора кучайиб бормоқда. Украина Россия қўшинларини тузоққа тушириш ва Қрим ярим ороли томон қарши ҳужумга йўл очиш учун стратегик муҳим кўприкларни бомбалашни бошлади.

Аммо ҳозирча Миколаевдаги кўпчилик тинч аҳоли ҳеч қаерга кетмаган, ичимлик суви учун навбатда туриб, доимий таҳлика остида яшамоқда.

"Бунга қандай кўникиш мумкин? Манзара қанчалик даҳшатли бўлмасин, бу Миколаевдаги кундалик ҳаётга айланиб бўлган. Ҳар кеча минглаб одам бу сафар уйларига нима келиб урилади, ракета, қанотли ракета ёки кассетали бомбами деган хавотир билан уйқуга кетади", дейди Би-би-си мухбири Андрю Ҳардинг.

Бир кун олдин Яковенконинг уйига иккита ракета келиб урилди. Ҳаво ҳужуми сиренаси уларни деразалардан узоқроққа кетишга ундаб ҳаётларини сақлаб қолди.

Бироқ Олгага осон бўлмаяпти. У "қандай яшаш мумкин", деб сўрайди. Олга хавфсизроқ жойга кетишга қодир эмаслигини айтади.

Кетиш ўрнига улар бузилганларни созлашди ва ўзларини олдиндан айтиш қийин бўлган яна бир кечага тайёрлашмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek