Россия: Владимир Жириновский вафот этди - зиддиятли сиёсатчи билан BBC Uzbek нинг сўнгги суҳбати Rossiya siyosat yangiliklar

MAXIM ZMEYEV

Сурат манбаси, MAXIM ZMEYEV

Published

Владимир Жириновский ўзининг зиддиятли ва ашаддий миллатчилик чиқишлари билан танилган россиялик сиёсатчи эди.

Унинг Либерал-демократик партия лидери сифатида Ўзбекистонга қилган илк ташрифи ижтимоий тармоқларда кескин норозиликларга ҳам сабаб бўлмай қолмаган.

Қозоғистондаги сўнгги воқеалар фонида айтган айрим гаплари учун эса, "Ўзбекистонга кириши тақиқланиши керак"лигига оид даъватлар ҳам янграган.

Хабарларга кўра, Владимир Жириновский пойтахт Москвада вафот этган. У 75 ёшда эди.

Жириновский 30 йилдан ортиқ умрини катта сиёсатда ўтказган.

Шу йил февраль ойида унинг коронавирусга чалиниб, касалхонага ётқизилгани хабар қилинган.

Россия Давлат думаси спикерининг ўз Telegram каналида маълум қилишича, Владимир Жириновский "узоқ ва давомий хасталик сабаб ҳаётдан кўз юмган".

Оммавий ахборот воситалари 25 март куни ҳам унинг вафоти ҳақида хабар беришган.

Аммо дума спикери тезда буни рад этиб чиққан.

Партияси Жириновскийнинг ўлими ҳақида биринчи бўлиб хабар тарқатганлар билан судлашишини ҳам айтган.

Россия Соғлиқни сақлаш вазирлиги эса, Либерал-демократик партия лидерининг аҳволи барқарор эканини маълум қилганди.

Жириновскийни тириклигида турли номлар билан аташган, "сиёсий масхарабоз", халқбоз, аксилғарбчи, яҳудий, антисемит, хотинларни ёқтирмовчи, аёл сайловчиларнинг севимлиси, дейишган.

Баъзилар унинг устидан кулишган, нафратланишган, айримлар эса, кўкларга кўтаришган, у ҳақда латифалар тўқишган.

Жириновский ўзининг 30 йиллик сиёсий фаолияти давомида минглаб баёнотлар қилган.

Унинг айтган кўплаб гаплари ҳатто иқтибосларга айланиб кетган.

"Россия ҳудудининг 65 фоизи абадий музлик бўлса, қанақа демократия ҳақида гапириш мумкин".

"Мадҳияни тикланг, шунда мамлакат "Иш ҳақи керак эмас", деб айтади".

"Нега кулмаяпсиз? Қизиқ эмасми? Тушунмаяпсиз, тўғрими? Бу Россия!", деган гаплари ҳам тилга тушган.

Хабарларга кўра, Россия Давлат думасида Жириновский хотирасига бир дақиқа сукут сақланган, унинг фаолияти бир соатга тўхтаган.

Би-би-си Ўзбек хизмати Владимир Жириновский билан сўнгги бор 2018 йилда, унинг Ўзбекистонга ташрифи олдидан суҳбатлашганди. Қуйида ушбу суҳбат матнини эътиборингизга қайта ҳавола этамиз:

Владимир Жириновский

Сурат манбаси, Getty Images

Владимир Жириновский: Биз Ўзбекистонни Марказий Осиёнинг энг йирик давлати, деб ҳисоблаймиз. Ўзбекистонга кўп нарса боғлиқ. Бу - Хоразм, Хива, Урганч, Бухоро, Самарқанд сингари қадимий шаҳарлар дегани. Биз биринчидан, Ўзбекистонни кўрмоқчимиз. Депутатларнинг кўпчилиги кўрмаган. Менинг ўзим кўп бор хизмат сафарлари билан Тошкентга, Олма-Отага борганман. Депутатларимиз янги раҳбарият билан, депутатлар билан танишмоқчи. Биз янгича иттифоқчилик алоқаларини таклиф қилмоқчимиз. Нафақат МДҲ доирасида, балки янада яқинроқ алоқалар - маданий, иқтисодий, инсонпарварлик соҳасида, ёшлар билан алоқалар. Яъни алоқаларимизни фақат ижобий тарафдан ривожлантириш истагида боряпмиз. Республиканинг янги раҳбари Шавкат Мирзиёевни, депутатларни кўриш, улар билан тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатиш ниятимиз бор. Қолганини кейин кўрамиз.

Алоқадор мавзулар

Би-би-си: Яъни сизни Президент Мирзиёевнинг шахсан ўзи қабул қиладими?

Владимир Жириновский: Йўқ, йўқ, ҳозирча режаланмаган. Биз албатта учрашишни истардик. Ҳозирча Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги бизнинг ҳайъатимизнинг Ўзбекистонга келишига эътирозимиз йўқ, деган розиликни берди. Аммо гап ҳозирча фақат маданий-оқартув ташрифи ҳақида боряпти. Биз Ўзбекистон раҳбари билан, Ташқи ишлар вазири билан учрашув эҳтимолини ҳали ҳам кутяпмиз. Ҳали бу борада ниҳоий қарор йўқ.

Би-би-си: Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги сизнинг ташрифингизга ҳеч қандай эътироз билдирмадими?

Shepard Sherbell

Сурат манбаси, Shepard Sherbell

Сурат тагсўзи, Жириновский Яқин Шарқнинг ағдарилган раҳбарлари билан яқин алоқада бўлган.

Владимир Жириновский: Ҳа. Ташқи ишлар вазирлиги душанба куни бизнинг Тошкентдаги элчихонамизнинг нотасига ижобий жавоб берди. Делегациянинг маданий-оқартув мақсадида Тошкентга, Ўзбекистонга келишига эътирозимиз йўқ, деган мазмунда. Сиёсий контактлар масаласида ҳали музокаралар давом этяпти. Балки Президент билан, парламент билан учрашувлар ҳам бўлар. Мен масалан, Ироққа борганимда ҳамма вақт Саддам Ҳусайн билан учрашганман ёки Ливияда Муаммар Қаддофий билан... Озарбайжонда, Туркманистонда давлат раҳбарлари билан учрашдим. Балки Ўзбекистонда ҳам учрашув бўп қолар. Биз ҳозирча жавобни кутяпмиз.

Би-би-си: Яъни ташриф сиёсий эмас, маданий?

Владимир Жириновский: Ҳозирча йўқ, ҳозирча маданий-оқартув. Аммо учрашув бўп қолса, ажабмас. Билишимча, Ўзбекистон парламентининг халқаро алоқалар қўмитасидан депутатлар билан кўришишимиз эҳтимоли бор. Ҳозирча бир нарса дейишга эрта. Ҳали музокаралар давом этяпти. Биз пайшанба куни учиб борамиз. Бугун сешанба, ҳали вақт бор.

Би-би-си: Сиз марҳум президент Ислом Каримов даврида Ўзбекистонга боришга ҳаракат қилиб кўрганмисиз?

Владимир Жириновский: Қайсидир маънода назардан қочирганмиз. Бутун МДҲ - Қозоғистон, Ўзбекистон ва ҳатто Украина, Беларусга етарлича эътибор қаратмаганмиз. Мен буни хато, деб ҳисоблайман. Биз ўзимизнинг собиқ совет республикаларига каттароқ аҳамият қаратишимиз керак эди. Буни энди-энди англаяпмиз. Охирги икки йилда менинг ўзим собиқ совет республикаларига сафарлар уюштиряпман. Мана ўтган йили Озарбайжонда бўлдим, мени у ерга Президент Алиев шахсан таклиф қилди, Туркманистонда бўлдим. Бу йил эса Марказий Осиё мамлакатларини айланмоқчиман. Яъни биз яқин алоқалар тарафдоримиз. Қўшниларимиз билан ҳар томонлама сиёсий, иқтисодий, ҳарбий алоқаларни мустаҳкамлаш ниятидамиз. Ва бунга айнан бизнинг фракциямиз - ЛДПР катта эътибор қаратади. Менинг ўзим учун Марказий Осиё муҳим. Чунки мен сизнинг ҳамюртингизман. Узоқ йиллар Олма-Отада яшаганман.

Би-би-си: Ўзбекистонда сизнинг шахсингизга қандайдир тақиқ бўлганми? Чунки биламиз, сиёсий қарашларингиз туфайли, сизга баъзи давлатлар, масалан, қўшни Қозоғистонда тақиқ бор?

Жириновский ҳақоратли чиқишлари билан танилган - у президентликка номзод Ксения Собчакни "фоҳиша" деб атаган

Сурат манбаси, Mikhail Metzel/Getty Images

Сурат тагсўзи, Жириновский ҳақоратли чиқишлари билан танилган - у президентликка номзод Ксения Собчакни "фоҳиша" деб атаган

Владимир Жириновский: Мен ҳатто Қозоғистондаги тақиқ ҳақида ҳам ҳеч нарса билмайман. Бизга ҳеч ким бу ҳақда хабар бермаган. Эслайман, Қирғизистонда депутатлардан бири бу масалани кўтарганида, Президент Атамбаев рад қилганди мени қандайдир рўйхатларга киргизишни. Қирғизлар менинг баъзи баёнотларимдан хафа бўлишган. Масалан, мен айтгандим, Иссиқкўлни бизга ижарага беринглар, сизларга ҳам даромад бўлади, деб. Чунки уларда сайёҳлар кам. Даромад йўқ. Майли, хоҳлашмаса беришмасин, даромад ҳам бўлмайди. Масалан, мен Абхазияга боргандим, у ерда сайёҳлар сони икки баробарга ошди. 250 минг доллар даромад кўришарди туризмдан, 500 мингга ошди. Биз вариантларни таклиф қиламиз. Аммо Бишкекда, Тошкентда, Душанбеда ўзлари ҳал қилишсин. Зоримиз бор, зўримиз йўқ.

Би-би-си: Мен сизнинг бошқа бир нутқингизни ҳам яхши эслайман. Сиз ўзбеклар, қирғизлар, бир кун барибир бизга қайтади, деб айтгансиз. Сиз ҳали ҳам шу фикрдамисиз? Ўзбекистон ва Қирғизистон каби давлатларнинг мустақил ривожланиш ҳуқуқини тан оласизми ёки улар сиз учун ҳали ҳам бор-йўғи Россиянинг собиқ мустамлакалари, холосми?

Владимир Жириновский: Албатта, мустақил. Мен фақат бизга биргаликда ривожланиш осонроқ, деган нарсани назарда тутганман, холос. Мана, Сурияни кўриб турибсиз. Агар Россия аралашмаганида, Сурия ҳам, Иордания ҳам, Ливан ҳам бўлмас эди. Биз Ўрта Шарқда бир қатор давлатларни парчаланишдан асраб қолдик. Агар биз аралашмаганимизда, кейинроқ бу кучлар Марказий Осиёга ташланарди ва сизларда ҳам уруш чиққан бўларди. Шунинг учун хавфсизлик мақсадларидан келиб чиқиб гапиришимиз керак. Мана, Туркманистон расман нейтрал давлат. Аммо бизни жон деб қабул қилди. Биз президент билан, вазирлар ва депутатлар билан учрашдик, бу масалаларни муҳокама қилдик. Ҳамма томонлар мамнун бўлди.

Би-би-си: Баъзи ўзбекистонликлар сизнинг эҳтимолий ташрифингиздан хавотирда. Айниқса, ижтимоий тармоқларда, қандай қилиб ўзининг шовинистик қарашлари, чиқишлари билан танилган миллатчи сиёсатчи Ўзбекистонга бориши мумкин, деган саволлар берилмоқда. Мухолифатдаги "Эрк" партияси сизни буткул тақиқлашга чақирди. Ўзингиз нима деб жавоб берасиз?

Владимир Жириновский: Биласизми, уларнинг тасаввурлари янглиш. Янглиш ва кимдир уларга бу ёрлиқларни сингдирган. Қандай шовинистик қарашлар ҳақида гап бўлиши мумкин? Биз ҳамюртлармиз. Биз фақат яқин алоқалар тарафдоримиз. Ўзаро ҳурмат, ўзаро манфаатли алоқаларни истаймиз. Буларнинг ҳаммаси кимлардир ўтириб олиб, бекорчиликдан ўйлаб топган гап-сўзлар...

Би-би-си: Сиз меҳнат муҳожирларига ҳам қаршисиз. Ҳатто 2012 йилдаги сайловолди кампаниянгизда мигрантларнинг ҳаммасини Россиядан ҳайдаш керак, деган гапларни айтгансиз? Ҳали ҳам шу фикрдамисиз?

Владимир Жириновский: Биз ҳаммасини ҳайдаш керак, демаганмиз. Тартибга солиш керак, деганмиз. Уларни ёллаётган ширкатларнинг жавобгарлиги оширилсин, мигрантлар ётоқхона билан таъминлансин, маошларини бермай, алданмасин, деганмиз. Бўлмаса, кўпгина гастарбайтерлар алданиб қоляпти, ҳалок бўляпти. Биз уларнинг яшаши ва ишлаши учун нормал шароитлар яратилсин, деб айтаяпмиз. Ва бу ерда келишиш мумкин. Россияда ишчи кучига муҳтож жуда кўп объектлар бор. Яхши шартномалар бўлса, Ўзбекистондаги ортиқча ишчи кучи бу ерларда ишлаб, даромад топиши мумкин. Биласиз, Ўзбекистонга миллиардлаб доллар пул жўнатмалари ўтказиляпти. Қирғизистонга ҳам.

Би-би-си: Яъни сизнинг мигрантларга ҳеч қандай эътирозингиз йўқ?

Владимир Жириновский: Йўқ албатта. Йўқ жойдан ҳеч қандай эътироз бўлмайди. Мен жиноятчилик кўпаймасин, деяпман. Мигрантларни ўз ҳолига ташлаб қўйиш керакмас, уларнинг иши, жойи бўлиши керак, деб айтяпман. Бизда ҳам ишчи кучидан фойдаланишнинг Европадаги каби тараққий этган шакли бўлиши керак...

Би-би-си: Президент Мирзиёев ҳақида қандай фикрдасиз? Уни Каримовдан кўра кўпроқ россияпараст, деб ҳисоблайсизми?

Владимир Жириновский: Бир нарса дейиш қийин. Биз ҳеч қачон учрашмаганмиз. Масалан, мен Туркманистон президентини яхши биламан, Озарбайжон, Арманистоннинг собиқ президентини яқиндан билганман. Мирзиёев президент бўлганига энди икки йил бўлди. У Москвага келди, аммо учрашмадик. Мана энди учрашиб, ўзимизнинг мавқейимизни тушунтирмоқчимиз. Унинг ҳам мавқейини билишни истаймиз. Бунинг учун контактлар бўлиши керак. Уйда ўтирволиб, учрашмасак, ҳеч қандай натижа ҳам бўлмайди. Қолаверса, биз Россия парламентидаги йирик, қудратли партияни тамсил қиламиз. Биз турист эмасмиз. Биз депутатлармиз, орамизда сенаторлар, губернаторлар бор. Яъни Ўзбекистон учун фойдали бирон иш қилмоқчимиз. Аммо ҳозирча масала узил-кесил ҳал бўлгани йўқ.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek