Жириновский: Идеал вариант - мигрантларсиз яшаш. Ағанаган машинада ўзбеклар бўлган. Тулада яна рейдлар - O‘zbekiston, Rossiya, musulmonlar, yangiliklar

Сурат манбаси, facebook
- Жириновский нега мигрантларни Сибирга жўнатмоқчи?
- Муҳожирларнинг Россияга кириши ҳамон қийин;
- Йўллар очилиши билан автоҳалокатлар ҳам кўпайдими?
- Тула полицияси 30 нафар муҳожирни қўлга олди.
"Русларни ҳам тортишаяпти"
Кузминки ҳудудида ва ундан кейин давомий равишда бўлаётган мигрантларнинг оммавий жанжаллари ортидан сиёсатчи Владимир Жириновский ўз таклифини билдирди. Унга кўра, Россиянинг йирик шаҳарларидаги миллатлараро низоларни ҳал қилишнинг йўли - Марказий осиёлик муҳожирларни Узоқ Шарқ, Узоқ Шимол ёки Сибирга жўнатишдир.
ЛДПР партияси раҳбари бу таклифни ЛДПР-ТВ YouTube каналида айтиб ўтди.
Сиёсатчининг фикрига кўра, бундай чора мегаполисларда тез-тез келиб чиқадиган миллатлараро низоларнинг олдини олишга ёрдам беради.
"Муҳожирлар ўзаро жанжаллашишни бошлашаяпти, баъзида русларниям тортаяпти. Идеал вариант - мигрантларсиз яшаш. Аммо муҳожирлар бор экан, уларни Узоқ Шимол, Узоқ Шарқ ва Сибирда ишлатиш керак. Улар улкан иншоотлар, фабрикалар ва йўллар қуришади" - деди Жириновский.
Сиёсатчи "рус йигитлари Сибирга душсиз ва кўчадаги ҳожатхонали ерга яшаш учун кетмаслигини" таъкидлади.
Агар мамлакат ишини мигрантларсиз эплолмаса, "улар Беларусь, Украина ёки Болқондан бўлсин", деб қўшимча қилди Жириновский.
Бундан аввалроқ, сиёсатчи Россияга бошқа мамлакатларда яшовчи 20 миллион русларни қайтаришни таклиф қилганди.
"Биз Марказий Осиёдан 5-6 миллион, Украинадан 15 миллион русларни таклиф қиламиз", деганди Жириновский.
Россияга кириш ҳалиям қийинми?

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM
Россиядаги халқаро тадбирлар ташкилотчилари ушбу тадбирларни тайёрлаш ва ўтказиш учун чет эл фуқароларини жалб қилишлари мумкин.
Қонунчилик фаолияти бўйича ҳукумат комиссияси халқаро тадбирларга, шу жумладан, стадионлар қуриш учун тайёргарлик кўриш ва ўтказиш учун Россияга мигрантларни соддалаштирилган тарзда олиб кириш ташаббусини маъқуллади.
Бу ҳақда РИА Новости га Россия юристлари ассоциацияси кенгаши раиси Владимир Груздев маълум қилди.
"Қонун лойиҳасида мамлакатимиз иштирок этадиган халқаро тадбирлар ташкилотчиларининг ушбу тадбирларни тайёрлаш ва ўтказиш учун чет эл фуқароларини жалб қилиш ҳуқуқи кўзда тутилган", деди Груздев.
Қурувчига квота шартмас
Расмий шахс мигрантларни жалб қилиш борасида гап йирик спорт мусобақалари, турли халқаро фестивал ва кўргазмалар ҳақида ҳам бораётганини таъкидлади.
"Бундай тадбирларни тайёрлашда иштирок этувчи ташкилотчилар ва мигрантларга рухсат берувчи ҳужжат расмийлаштиш шарт эмас. Чет эл фуқароларига кириш учун таклифномалар тегишли квотасиз берилади. Чет элликлар тадбирларга зарур объектларни қуриш учун жалб қилиниши мумкин", деб тушунтирди Груздев.
Шунингдек, расмийга кўра, соддалаштирилган тартибда тадбир ташкилотчилари билан шартнома асосида ишлайдиган ва меҳмонхона, транспорт ва сайёҳлик хизматлари билан боғлиқ турли хил хизматларни кўрсатадиган компаниялар чет эл фуқароларини қабул қилишлари ва ишга ёллашлари мумкин.
Ағанаган машинада ўзбекистонликлар бўлган

Сурат манбаси, official
24 июль куни эрталаб Волгоград - Астрахань йўлида тўқнашган ВАЗ-2110 ва усти очиқ юк машинасида 12 нафар Ўзбекистон фуқароси бўлган.
Астрахань вилоятидаги Фавқулодда вазиятлар вазирлигига хабар берилган хабарга кўра, ҳодиса натижасида саккиз киши жароҳат олганди.
Шунингдек, маълумотларда бахтсиз ҳодиса автомагистралнинг 210 километрида, Михайловка қишлоғидан Ахтубинск томон икки километр узоқликда содир бўлганлиги билдирилган.
ИИВ Астрахань бошқармаси усти очиқ юк машинасидаги Ўзбекистондан келган 12 нафар ишчининг дала ишларига олиб кетилаётган бўлганлигини маълум қилди.
Мигрантлар ўтирган машина чапга бурилаётганда ВАЗ-2110 ундан ўзиб ўтишга уринган ва тўқнашув юз берган.
ИИВ автоҳалокат оқибатида 7 нафар ўзбекистонлик ва автоуловдаги бир киши турли хил тан жароҳатлари олишганини маълум қилди ва ҳозирда текширув олиб борилаётганини билдирди.
30 муҳожир нима айб қилганди?

Сурат манбаси, official/illyustrativsurat
Тула марказида кучишлатар тизим ходимлари Марказий осиёлик 30 нафар муҳожирни ҳибсга олишди.
Ўтган хафта сўнгида Тула шаҳар хавфсизлик кучлари Марказий осиёлик келган муҳожирларнинг энг гавжум жойларидан бири - Пирогова кўчасида рейд ўтказдилар.
Мазкур текширувлар натижасида 30 га яқин киши полиция маҳкамасига олиб кетилган. Гувоҳлар полиция рейдининг ўта қаттиққўл равишда ўтказилгани ва мигрантларнинг ҳақ-ҳуқуқлари бузилгани ҳақида ҳуқуқ ҳимоячиларига шикоят қилишга имкон берилмаганини билдиришган.
ИИВ вилоят бошқармаси маълумотига кўра, ўзбекистонлик муҳожирларнинг 5 нафари бўйича миграция қонунчилигини бузганлик учун, 2 нафар мигрант эса ниқоб тартибини бузганлиги учун маъмурий жавобгарликка тортилган.
Тулада яшаб ишлаётган меҳнат муҳожирлари шаҳарда яна аёвсиз рейдлар бошланганини билдиришмоқда.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek





























