Ўзбекистоннинг яна икки қишлоғи Қирғизистонга ўтди. Келишув ортида нима бор?

Сурат манбаси, RASMIY
- Author, Санжар Эралиев
- Role, bbc.com/uzbek
- Reporting from, Бишкек
- Published
- Ўқилиш вақти: 4 дақ
Ўзбекистоннинг яна икки қишлоғи аҳолиси билан бирга Қирғизистон таркибига ўтди. Бу ҳақда Бишкек расмийлари маълум қилди. Тошкент томони эса ҳозирча расман изоҳ бермагани айрим фаоллар орасида муҳокамаларга сабаб бўлди.
Қирғизистон президенти матбуот котиби Асқат Алагозов 23-июн куни Facebook саҳифасида ёзишича, Ўзбекистондан Қирғизистон таркибига ўтган икки қишлоқда тахминан 2500 нафар аҳоли яшайди.
"Гап аввал Фарғона вилояти таркибига кирган Чўнгара ва Тош-Тепа қишлоқлари ҳақида кетмоқда. Бу қишлоқларда этник қирғизлар яшайди. Энди ушбу икки қишлоқда рўйхатга олиш ишлари ўтказилиб, аҳолига Қирғизистон фуқаролиги берилади. Мазкур қишлоқлар эвазига Қирғизистон томони Ўзбекистонга чегара ҳудудидан тенг миқдорда ер ажратди. Бундан ташқари, Сой қишлоғидан Таян қишлоғи томон автомобил йўли қуриш учун 236 гектар ер майдони тенгма-тенг алмашилди", деди у ва бу масаладан сиёсий баҳс ясамаслигини сўради.
Алагозов шунингдек алмашилган ерлар чизилган ҳаританинг бир қисмини ҳам эълон қилган.

Сурат манбаси, RASMIY
Мазкур қарор ҳақида Ўзбекистон бош вазири Абдулла Ариповнинг Қирғизистонга хизмат сафар борган пайтда эълон қилинди. Бироқ ҳозирча Ўзбекистон ҳукумати портали ёки расмий ижтимоий тармоқ саҳифаларида ушбу ўзгариш юзасидан маълумот берилмаган.
Расмий ахборотнинг йўқлиги эса айрим ўзбекистонлик фаоллар ва журналистлар эътиборини тортди. Махаллий нашриётлар эса Қирғизистон тарқатган малумот асосида бу хабарни ёритишяпти.
"Тасаввур қиляпсизми? Шунча катта ишлар бўляпти, давлатнинг ери, минглаб тирик одамлари бор бутун бошли қишлоқлар иккинчи давлатга ўтказиляпти-ю, ўзбекистонликлар бу стратегик янгиликларни Қирғизистон президенти матбуот котибининг Фейсбуги орқали ўқияпти. Бизникилар бу ҳақда ҳатто кичик пост ёзиб қўймади", дейди журналист Илёс Сафаров.
Тармоқ фаоли Дима Қаюм эса "Чўнғарани бериб қаердан ер олдик?" деган савол қўйди.
"Агар Сўх туманига коридор берилган бўлса, яхши келишув... Агар коридор берилмаган бўлса қаердан ер берилди ва алишишдан қандай фойда бизга? Чўнғарадаги мактаб ўқувчилар, олийгоҳларимизда ўқиётган ёшлар қизиқ аҳволга тушиб қолишса керак", деб ёзди у Facebook саҳифасида.

Сурат манбаси, Dima Qayum
Қирғизистонга аввал ҳам битта қишлоқ берилган
Бу Қирғизистон таркибига ўтаётган биринчи аҳоли пункти эмас. 2024-йилда Фарғона вилоятига қарашли Қора-Янтоқ қишлоғи Қирғизистоннинг Боткен вилоятидаги Қадамжой шаҳри таркибига қўшилган эди. Қирғизистон расмийлари бу қарор икки давлат ўртасида давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш бўйича ҳукуматлараро комиссия келишувлари асосида қабул қилинганини билдирган. У ерда ҳам аҳолининг асосий қисми қирғиз миллатига мансуб.
Қора-Янтоқда ҳозир ҳам икки давлат валютаси - қирғиз соми ва ўзбек сўми муомалада. Қишлоқ кўчаларида Ўзбекистон давлат рақами билан ҳаракатланувчи автомобилларни ҳам кўп учратиш мумкин.
2024-йилда Қирғизистон Ўзбекистон ҳудудидаги Барақ эксклавини тўлиқ Ўзбекистон тасарруфига ўтказгани, эвазига эса бошқа ҳудуддан 208 гектар ер олгани расмий маълум қилинган. Барақ қишлоғида яшовчи аҳоли Қирғизистон ҳудудига кўчирилган. Улар учун Ўш вилоятида Янги-Барақ номли янги қишлоқ барпо этилиб, 100 та уй қурилган.

Сурат манбаси, RASMIY
Баҳслар, ҳибсга олишлар ва икки хил вақт
Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегарани аниқлаш бўйича асосий ишлар 2022–2023 йилларда амалга оширилган бўлса, жараённинг якуний босқичи 2025-йилга тўғри келди.
Икки давлат ўртасидаги чегара масаласи Марказий Осиёдаги энг узоқ давом этган ҳудудий келишув жараёнларидан бири ҳисобланади. Унинг ечимига эришиш учун 30 йилдан ортиқ вақт сарфланган.
Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов 2022-йил парламентдаги нутқида Қирғизистон билан аввал келишилмаган 35 та участка бўйича якуний келишувга эришилганини, музокаралар эса беш йилдан ортиқ давом этганини айтган. Қирғизистон томони эса келишув натижасида қўшни давлатдан 19 минг гектардан зиёд ер олганини маълум қилган.
Кейинчалик икки мамлакат парламентлари келишувларни маъқуллади. Президентлар Давлат чегарасининг айрим участкалари тўғрисидаги шартнома ҳамда Кампиробод сув омборини биргаликда бошқариш ҳақидаги битимни ратификация қилди.
Чегара масаласи бўйича келишувга эришилгани 2023-йил январ ойида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бишкекка давлат ташрифи чоғида расман эълон қилинган.
Шу билан бирга, келишувнинг айрим бандлари Қирғизистонда баҳсларга сабаб бўлган. Хусусан, Кампиробод сув омбори остидаги ерларни бошқа ҳудудлар эвазига Ўзбекистонга бериш қарори жамиятнинг бир қисми томонидан танқид қилинган.
Натижада мамлакатда "Кампиробод иши" деб ном олган жиноят иши очилиб, 2022-йил кузида 30 га яқин сиёсатчи ва фаол қамалган. Бир ярим йил ўтгач, Бишкек туман суди уларни оқлаган.
Турли норозиликларга қарамай, айрим экспертлар Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегара келишувларини Марказий Осиёдаги чегаравий баҳсларни тинч йўл билан ҳал қилишнинг муҳим намунаси сифатида баҳолайди.
End of Ижтимоий тармоқдаги саҳифаларимиз:
Ўзбекистоннинг Фарғона, Наманган ва Андижон вилоятлари Қирғизистоннинг Ўш, Боткен ва Жалолобод вилоятлари билан чегарадош. Чегаранинг умумий узунлиги 1314 километр.
Айрим ҳудудларда давлат чегарасини бир йўл ёки бир девор ажратиб туради. Аммо қўшнилар икки хил вақт минтақасида яшайди. Яъни, Қирғизистон вақти Ўзбекистон вақтидан бир соат олдинда.
Икки йил аввал Қирғизистон таркибига ўтган Қора-Янтоқ қишлоғи аҳолисининг айтишича, уларнинг электрон соатлари ҳануз Тошкент вақти билан ишламоқда.
Yaqin yillargacha O‘zbekiston va Qirg‘izistonning Farg‘ona vodiysidagi chegaralari mintaqadagi eng murakkab hududlardan biri deb sanalgan.
Яқин йилларгача Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг Фарғона водийсидаги чегаралари минтақадаги энг мураккаб ҳудудлардан бири деб саналган. Чегара масаласи кўп йиллар давомида муаммоли бўлиб, ҳатто одамлар ўлимига олиб келган можаролар ҳам бўлган.
Ислом Каримовнинг президентлик даврида Ўзбекистон бир неча йил чегараларни бир томонлама ёпиб қўйган. 2016-йилда эса икки давлат ҳарбийлари Унгар-Тепа деган кичик тоғ яқинига жойлаштирилганда, чегара масаласи урушга айланиши мумкинлиги ҳақида хавотирлар кучайган.
Чегара муаммоларини ҳал қилиш жараёни 2017-йилдан бошланган.





























