Исроил ва Фаластин: Рамазон Ҳайити арафасида Қуддусда вазият янада оловланмоқда – дунё хавотирда video Isroil Falastin dunyo yangiliklar

Published
Ўқилиш вақти: 2 дақ

Рамазон Ҳайити арафасида Қуддусда вазият янада оловланмоқда. АҚШ, Европа Иттифоқи ва Буюк Британия Исроил ва Фаластинга мурожаат билан чиқишди. Уларни зудлик билан тангликни юмшатишга чақиришди. БМТ Хавфсизлик Кенгаши нимани муҳокама қилгани номаълум.

Қуддусдаги бир неча кунлик тартибсизликлар энди томонларнинг бир-бирларига қарши ҳақиқий ҳужумларига айланган.

Кеча, душанба куни тунда фаластинлик жангарилар Қуддусга қарата ракета отишган.

Исроил эса, бунга жавобан уларнинг Ғазо Бўлгасидаги мавқеъларини ҳужумга тутган, авиациясини ишга солган, ҳаводан зарба берган.

Исроил Қуддуси Шарифни ўзининг пойтахти, деб билади.

Ғазодаги фаластинлик тиббиёт масъулларининг айтишларича, Исроилнинг ҳаво ҳужумлари оқибатида 22 киши қурбон бўлган. Қурбонлар орасида болалар ҳам бор.

Исроил ҳарбийларининг даъво қилишларича эса, Ҳамаснинг Ғазо бошқарувига масъул камида уч аъзосини ҳам ўлдиришган.

Сўнгги зўравонликлар мусулмонлар учун муқаддас Рамазон ойига тўғри келган.

Кеча, душанба куни Қуддусдаги муқаддас сатҳда Исроил полицияси билан юз берган тўқнашувлар чоғида юзлаб фаластинлик яраланган.

Худди шу воқеалар ортидан, Ҳамас ҳужум таҳдиди билан чиққан.

Исроил Бош вазири эса, гуруҳ "ҳаддидан ошгани"ни айтиб, мамлакати "катта куч билан жавоб қайтариши"ни маълум қилган.

Сўнгги кунлардагиси каби ёмон зўравонликлар Қуддаси Шарифда бу яқин йилларда кузатилмаган.

Қуддуснинг Эски шаҳар қисмидаги Исроил полицияси ва фаластинлик намойишчилар орасида келиб чиққан ўта зўравон тўқнашувлар йирик можаро хавфини пайдо қилган.

Фаластинликлар Ислом динидаги энг муқаддас учта қадамжодан биттаси сифатида эътироф этилувчи ал-Ақсо масжидига ўта олмаётганликларидан ғазабда.

Уларнинг масжид жойлашган ҳудудга киришлари чекланган. Тақиқ Рамазон ойида ҳам юмшатилмаган.

Худди шу ерда яҳудийлар ҳам ўзлари учун муқаддас сановчи Маъбад тоғи жойлашган.

Бугун, сешанба куни тонгда Фаластин Қизил Ярим Ой инсонпарварлик ташкилоти янги рақамларни эълон қилган.

Ташкилот Исроил хавфсизлик кучлари билан Қуддус ва Ғарбий Соҳилдаги тўқнашувларда 700 дан ортиқ фаластинлик яраланганини айтмоқда.

Портлаш садолари минтақада бугун тонгга қадар эшитилган, ҳужумлар тун бўйи давом этган.

Исроил ҳарбийларига кўра, Ғазо Бўлгасига ҳаводан юздан ортиқ зарба беришган.

Ҳамаснинг Би-би-сига айтишича эса, сўнгги 12 соат ичида 300 дан зиёд ракета отишган, асосан Исроилнинг жанубий Ашкелон шаҳрини нишонга олишган.

АҚШ, Европа Иттифоқи ва Буюк Британия Исроил ва Фаластинга мурожаат билан чиқишган. Уларни зудлик билан тангликни юмшатишга чақиришган.

БМТ Хавфсизлик Кенгаши душанба куни зўравонликлар юзасидан фавқулодда йиғилиш ўтказган. Аммо ҳеч қандай баёнот берилмаган.

Кенгашнинг бу хусусда қандай тўхтамга келгани ҳозирча ноаён қолган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek