You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Мусулмонлар майити энди ёқилмайди – дунё ва тақдирлар, dunyo, Islom dini, musulmonlar, yangiliklar
Мусулмонлар энди ёқилмайди. Буйруқ бекор бўлди. Унгача Шри Ланкада ковиддан ўлган барчанинг майитини ёқиш шарт бўлган. Майитни куйдириш Ислом динида тақиқланган.
Танқидчиларига кўра, мазкур буйруқ мамлакатдаги миллий ва диний озчиликларга қаратилган, диний тартиб-қоидаларни писанд қилмаган.
Шри Ланка ҳукумати эса, бунинг сабабини майитларнинг тупроққа қўйилиши ерости сувларини ифлослантиради, деган иддао билан изоҳлаб келган.
Хабарларга кўра, Покистон Бош вазири Имрон Хоннинг ташрифи ортидан, ҳукумат бу буйруқни бекор қилишга қарор қилган.
Манбаларнинг Би-би-ига айтишича, Шри Ланка шу йўл билан БМТ Инсон ҳуқуқлари Кенгаши йиғинида Покистоннинг дастагини қўлга киритмоқчи.
Бўлажак йиғин
Кенгаш инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятнинг ёмонлашиб бораётганига оид хавотирлар боис, Шри Ланкага қарши янги резолюция қабул қилиши мумкин.
Хавотирлар мамлакатдаги мусулмонларга бўлган муносабатни ҳам ўз ичига олади.
Шри Ланка ҳуқуқбузарларни жавобгарликка тортиш ва 26 йиллик фуқаролар уруши юзасидан адолатни қарор топтиришга чақирилмоқда.
Уруш камида 100 минг кишининг умрига зомин бўлган. Уларнинг аксарияти миллий озчилик бўлган тамиллар экани айтилади.
Шри-Ланка бу айбловларни қатъиян рад этган ва аъзо давлатлардан ушбу резолюцияни қўллаб-қувватламасликни сўраган.
Ҳукуматнинг ковиддан ўлган барчанинг жасадини бирдек ёқиш буйруғи ҳам яқинда халқаро кенгаш ва яна қатор инсон ҳақларини сақлаш ташкилотлари томонидан танқидларга тутилганди.
Фаолларга кўра, Шри Ланка ҳукумати қурбонлар ва улар оилаларининг диний ҳис-туйғуларини ҳурмат қилмаган.
Улар айни ўринда мусулмонлар, католиклар ва яна айрим буддавийларни ҳам назарда тутишган.
Ҳукумат эса, экспертлар қўмитасининг сўзларига таяниб, дафн маросимлари ерости сувларини ифлослантиришини даъво қилган.
Аммо ўзи тилга олган қўмита таркиби ва малакасини очиқламаган.
Сиёсий, диний ва жамоат етакчилари эса, Шри Ланка ҳукуматининг бу иддаосини савол остига олишган.
Бунга 190дан ортиқ давлатдаги ҳолат ва Жаҳон Соғлиқ ташкилотининг маслаҳатини мисол қилиб келтиришган.
Иш ҳатто Олий Судгача чиққан, аммо улар бирор бир изоҳсиз бекор қилинган.
20 кунлик мусулмон гўдакнинг мажбуран куйдирилиши воқеълиги яна оммавий баҳсу мунозараларни қизитган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek