You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Хитой энди қор, ёмғир ёғишини ҳам назорат қилмоқчи - қўшнилари хавотирда, Xitoy, dunyo, yangiliklar
- Author, Тамара Гил
- Role, BBC News Mundo
- Published
- Ўқилиш вақти: 4 дақ
Хитой сунъий ёмғир ва қор ёғдирмоқчи - энди мамлакатнинг ярмидан кўпроғида об-ҳавони ўзи назорат қилмоқчи ва ўзгартирмоқчи. Хитой тажрибасида бунақаси бўлмаган. Расмий Пекиннинг янги режасидан минтақадаги бошқа қудратлар аллақачон ташвишда.
Пекин дунёнинг энг ифлосланган шаҳарларидан бири. Осмондан булутлар ариб, Қуёш нур сочса, шу пайтда Хитой пойтахтида муҳим сиёсий учрашув ёки халқаро аҳамиятга молик тадбир ўтказилади. Аммо об-ҳаво ва тадбирларнинг бундай ўзаро мос келиши тасодиф эмас.
Хитой расмийлари йиллар давомида об-ҳавога таъсир қилиш дастурини қўллаб келади, декабрь ойида бу яна бир қадам илгарилади: ҳукумат бу дастурни нафақат Пекин, балки мамлакатнинг бошқа ҳудудларига ҳам жорий қилажагини эълон қилди.
Расмийлар 2025 йилгача 5.5 миллион квадрат метр майдонда - Хитойнинг деярли 60 фоиз ҳудудида сунъий ёмғир ва қор ёғдириш дастурини жорий қилишни кўзламоқда.
Аммо бу режа қўшни мамлакатлар, масалан, Ҳиндистонда хавотирларга сабаб бўлмоқда. Чунки бу технология кутилмаган оқибатлар келтириши, минтақавий тангликни орттириши мумкин.
Хитой об-ҳавони қандай ўзгартиради?
Хитой бунинг учун бутун дунёда "булут экиш" сифатида маълум бўлган усулдан фойдаланади.
Булутга кумуш иодид пуркалади, сўнг булутда концентрациялашув тезлашиб, ёмғир ёға бошлайди, бу об-ҳавони ўзгартириш техникасидир.
"Кўп мамлакатлар бу технологиядан фойдаланади, Хитой уни анчадан буён қўллайди. Ҳиндистон ҳам фойдаланган", дейди Дҳанастри Жаярам Би-би-сига. У Ҳиндистондаги Олий таълим Манипал академиясида экспертдир.
"Бу методдан Саҳройи Кабир жанубидаги Африка давлатлари ва қурғоқчилик сурункали муаммо бўлган қитъанинг шимоли шарқида фойдаланилган. Ёки Австралияда, масалан."
Аммо Жаярамнинг айтишича, бу усул бошқа жойларда Пекин режа қилганчалик кенг миқёсда қўлланмаган.
Булут экиш узоқ тарихга эга, 1940 йилларда (асосан АҚШда) пайдо бўлган. Аммо унинг оқибатлари ҳақида жиддий шубҳалар ҳамон бор.
"Унинг самараси ҳақида жуда оз илмий мақолалар чоп этилган", дейди Пекин Нормал университетидан Жон Мур Би-би-сига.
"Булут экиш бирор илмий асосларсиз ривожлантирилган."
"Об-ҳавони булут экиш орқали манипуляция қилиш Хитойда "оператив масала" саналади", деб қўшимча қилади мутахассис.
"Бу тадқиқот ҳам, илмий ҳам эмас. Бу шаҳар ва шаҳарчаларда жамоатчилик асосида бажариб келинган."
Буни Пекин катта тадбирларга мезбонлик қилганда кўриш мумкин, аммо бошқа алоҳида ҳолатларда - йиллик парламент сессиялари, завод ёпилишларида ҳам ифлосланишни камайтириш учун қўлланади.
Мурга кўра, 50 000 Хитой шаҳарча ва шаҳарларида булут экиш мунтазам равишда, фермерлар майдонларига зарарнинг олдини олиш учун қўлланади.
"Бу асосан ҳосилни нобуд қилувчи дўл ёғиш олдини олишга уринишдир, шунинг учун жуда хавфли тус олмасидан булутдан ёмғирни олиб қўйишга ҳаракат қиласиз", дейди у.
Аммо олимнинг айтишича, булут экиш Хитойда "йилда бир ёки икки ой давомидагина" самарали ишлаши мумкин.
2020 йил февралида "New Scientist" журнали АҚШда ўтказилган бир тадқиқот ҳақида эълон қилди.
Унда тадқиқотчилар орографик булут экдилар. Бу булутлар ҳаво тоғлар тепасида юқорига кўтарилганда ҳосил бўлади.
Тадқиқотчилар аниқлашича, булут экиш ёғингарчиликни 10 фоизгача кўпайтира олади.
Ёмғирга ким эгалик қилади?
Хитойнинг об-ҳавони манипуляция қилиш дастурини кенгайтириш бўйича Давлат кенгаши баёноти 2 декабрда эълон қилинди.
Баёнотда айтилишича, дастур хатарлар олдини олиш, қишлоқ хўжалигига ёрдам бериш, ўрмон ва яйловлар ёнғинига қарши курашиш, шунингдек, ноодатий иссиқ ҳаво ва қурғоқчиликка жавобан қўлланади. Расмийлар шундан ортиқ тафсилотларни бермаган.
"Гарчи ҳужжат "Ривожлантириш бўйича мулоҳаза" деб номланса ҳам, у марказий ҳукумат умумий рамка чизиб бериши, алоҳида вазирликлар ва маҳаллий ҳокимиятлар аниқ тадбирларни ишлаб чиқишини ва улар бунинг учун марказдан яхшигина маблағ олишини англатади", деб изоҳ беради Би-би-сининг Пекиндаги мухбири Ицин Ван.
Ван шимолдаги Гансу вилоятини мисол келтиради. Вилоят "дарҳол жуда катта режаларни эълон қилди", унинг стратегияси катта дронларни ҳам қамраб олади.
Баёнотдан бир ой ҳам ўтмай, Хитой об-ҳавони ўзгартириш дастурини Ганлин 1 (хитойчада "ширин ёмғир" дегани) дронини учириш билан бошлади, деб хабар берди Шинҳуа ахборот агентлиги.
Бу техника борасидаги шубҳалар Хитойни унга катта маблағ ажратишдан тия олмади ва бу ҳолат шундоқ ҳам геополитик зиддиятлар кучайиб бораётган қўшни мамлакатларда хавотирларни пайдо қилди.
"Ана шундай хавотирлардан бири бу усул бутун минтақада муҳим аҳамиятга эга Ҳиндистондаги ёзги муссонга таъсир қиладими йўқлиги устидадир. Аммо бу масалада жиддий тадқиқотлар қилинмаган", дейди Дҳанасри Жаярам.
Мутахассиснинг фикрича, агар Хитой Ҳиндистон муносабатлари илиқ бўлганда бу каби эълонларга эътибор ҳам берилмас эди.
Чегарадаги тўқнашувларни ҳам ҳисобга олсак, Ҳиндистонда аксил Хитой кайфият кучайган.
Ёмғир "ўғрилиги"
Тайван Миллий университетидан тадқиқотчилар 2017 йили эълон қилган мақолаларида об- ҳавони ўзгартириш ишлари мувофиқлаштирилмаслиги қўшни мамлакатларнинг бир бирини "ёмғир ўғрилиги"да айблашга сабаб бўлади.
Мурнинг айтишича, бундай айбловлар учун бирор илмий асос бўлмаса ҳам, Осиёда муссон жуда нозик ҳодисадир.
"Муссонни келтириб чиқарувчи кучлардан биттаси Тибет платоси ва Ҳинд океанидаги ҳароратлар фарқидир", дейди олим.
"Айримлар режалаштиргандек, Тибет платосида катта ўзгариш қилишга уринсангиз, бунинг оқибатлари кескин бўлиши мумкин", деб қўшимча қилади у.
"Ковбой қурувчилар"
Мур Хитой муҳандисларининг маҳаллий даражадаги бутун Тибет платосида кенг миқёсли булут экиш лойиҳасини назарда тутиб, бу ташаббус миллий даражада қўллаб-қувватланмаган, илмий асоси ҳам йўқ, деб таъкидлайди у.
"Бу худди бир гуруҳ ковбой қурувчилар (малакасиз профессионаллар) Илон Маскдан кўчириб, космик кема қуришига ўхшайди. Мен бирга ишлаган аксар олимлар уларнинг бу ишларидан даҳшатга тушмоқда."
Аммо энг асосий хавотир бу ерда булут экишгина эмас, дейди Жаярам. Бу кўпроқ Хитойнинг ўз қўшнилари билан келишмай, айниқса, Ҳиндистон билан муносабатларнинг ҳозирги совуқ ҳолатида, жуда катта мақсадли геомуҳандислик технологияларини (масалан, қуёш радиациясини бошқариш ва назорат қилиш) ишга туширишга уриниши билан боғлиқ.
"Технологиянинг ўзи хавотирли демоқчи эмасман. У фойдали бўлиши ҳам мумкин... Ва ҳар бир давлат ўз ҳудудида суверендир. Аммо сиз буларни ўзбошимчалик билан қилганингиздаt, муаммо чиқади... Бундай технология бирор муаммо чиқарса, нима бўлади? Ким зарарни тўлайди?"
Жаярамнинг айтишича, бундай амалиётларни ва эҳтимолий келишмовчиликларни тартибга солувчи глобал қоидалар жуда зарур. Мур ҳам буни маъқуллайди.
Аммо Хитойда геомуҳандислик дастурини бошқараётган Мур бу масалада хотиржам бўлишга ундайди: "Хитой яхши йигитлардан бири бўлишдан жуда манфаатдор".
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek