Ўзбекистон ва Қозоғистон булут экишмоқда - энди сув кўпаядими?

Сурат манбаси, AFP/president.uz/BBC
Қозоғистон қурғоқчилик ва сувсизликка қарши булут экишга киришмоқда. Ўзбекистонга туташ Туркистон вилоятида бу тажриба кенг миқёсда йўлга қўйиляпти.
Булут экиш ўзи нима ва бундан қўшнилар хавотирланиши керакми?
Қозоғистон булут экиб, сув олса, чегаранинг нариги тарафида яшайдиган Ўзбекистон аҳолисига қандай бўлиши мумкин?
Бундай саволлар ўртага чиқиши табиий.
Дейлик, Ўзбекистоннинг Жиззах вилоятида АЭС қуриш режаси ҳам ўз пайтида Қозоғистонда хавотирлар уйғотмай қолмаган.
Булут экиш нима?

Сурат манбаси, AFP (screenshot)
Туркистон далалари узра махсус учоқ парвоз қилади. У ёмғир чақириш учун муҳим.
Учоқ сочадиган модда булут томчиларига ёпишади ва уларни оғирлаштиради. Оғирлашган томчилар ёмғир бўлиб ёғади.
Шу асно Қозоғистон масъуллари сув омборлари сатҳини кўтаришмоқчи ва Туркистон вилоятидаги кенг далаларга сув етиб боришини таъминлашмоқчи.
BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да
Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг
End of podcast promotion
Айни лойиҳа БАА қўлловида амалга оширилмоқда.
Қозоғистон ҳукумати лойиҳасида қўлланилаётган технология, King Air C90 учоғи ва мутахассислар, хусусан, учувчи ҳамда булут экувчилар ҳам Бирлашган Араб Амирликларидан келишган.
"Биз булут яратмаяпмиз, бўм-бўш атмосферадан ёмғир олмаяпмиз" - тушунтиради ушбу ташаббусда иштирок этаётган БАА мулозими Аднан Ёрмуҳаммад.
"Шунчаки, аллақачон мавжуд булутларнинг самарадорлигини оширмоқдамиз, холос".
Жанубий Қозоғистондаги Туркистон ва Жамбил вилоятлари мамлакат озиқ-овқат таъминоти учун муҳим ўрин тутади.
Иқлими анча совуқ совуқ шимолий минтақалардан фарқли тарзда бу ҳудудларда азалдан мавсумий суғорма деҳқончилик қилинган.
Жанубда мева-сабзавот ва пахта далалари, шолипоялар кўп. Бу ерлар қўй-эчки боқиш учун ҳам қулай.
Бироқ айни ҳудудлардаги деҳқончилик қисман қўшни Ўзбекистон ё Қирғизистондан келадиган сувга боғлиқ ва сув танқислиги мунтазам муаммога айланган, дейиш мумкин.
Табиий тоғлар йўқ, яйдоқ минтақаларда қуруқ иссиқ ёз пайтлари шундоқ ҳам сийрак булутлар осмондан шунчаки ўтиб кетиши эҳтимоли катта.
Biz bulut yaratmayapmiz. Shunchaki, allaqachon mavjud bulutlarning samaradorligini oshirmoqdamiz, xolos.
Бу йил бутун минтақа каби Қозоғистон жанубида ҳам ёз жуда иссиқ келди.
Расмийлар шу боис ҳам сунъий ёмғир чақиришга мажбур бўлишганини урғулашади.
"Фермерлар юз тутган муаммоларни ҳал этиш учун биз сунъий ёмғир технологиясини ишлатишга қарор қилдик" - дейди "Туран Су" давлат коммунал ширкати раҳбари Казбек Бедебаев.
Жанубий Қозоғистон деҳқонлари бу йил ҳақиқатан ҳам қийналишганини айтишади.
Ушбу ҳудудлар минтақанинг улкан саҳролари ва кенг чўллари тобора кенгайиб, бир-бирига яқинлашиб, кесишаётган жойда.
Об-ҳавонинг меъёридан ортиқ исиши, сув тортилиши ё тупроқдаги салбий ўзгаришлар ҳаммаси биргалашиб, минтақа деҳқонлари олдига кўплаб синов ва қийинчиликларни қўяди.
"Минтақамиз жуда қуруқ. Келганда кўргандирсиз, ёмғир ёғмаса, ҳамма жой қовжираб, сап-сариқ бўлиб қолади" - дейди фермер Фахриддин Зокиров.
"Қозоқларда бир мақол бор, ёмғир билан ер кўкаради, мақтов билан эл кўкаради".
"Кавказ ва Кавказортида ёмғир ёғади, табиати жуда яхши. Бизда ҳам табиат шундай бўлишини истайман" - дейди фермер.

Сурат манбаси, AFP (screenshot)

Сурат манбаси, AFP (screenshot)
Мутахассисларнинг айтишича, ҳамма булутдан ҳам ёмғир ёғдириб бўлмайди.
Улар ёмғир ёғдириш мумкин бўлган булутни излаб топишлари керак.
Шунингдек, об-ҳаво қандай бўлишини олдиндан билиб, зарур булутлар қачон келишига қараб, учоқ ва учувчилар тайёр бўлиб туришади.
Ўзбекистонда сунъий ёмғир?

Сурат манбаси, AFP (screenshot)
Ўзбекистон ҳам жорий йил бошида синов тариқасида сунъий ёмғир ёғдириш тажрибасини қўллаш ниятини билдирган.
Ҳисоб-китобларга кўра, у ёғингарчиликни 10-20% атрофида ошириши мумкинлиги айтлади.
Маҳаллий матбуотнинг ёзишича, Ўзбекистон бу соҳада Франция, Хитой ва Саудия Арабистони тажрибасига мурожаат қилади.
Ўзбекистон аллақачон дунёдаги сув тақчиллиги юқори мамлакатлар рўйхатида.
Бутун Марказий Осиё аҳолисининг ярмидан кўпи Ўзбекистонда яшайди.
Бунинг устига, мамлакатнинг аксар ҳудуlлари сувсиз Қизилқум ва Оролқум саҳроларидан иборат. Мутахассислар эса чўл ҳамда саҳролар жадал кенгайиб бораётганини айтишади.
Иқлим ўзгариши, музликлар эриши, аҳоли ўсиши ва захиралар камайиши боис Овросиё қоқ ўртасидаги минтақада сув тақчиллиги вақт сайин янада ёмонлашиб бориши кутилади.
End of Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:
Айрим давлатлар, қиммат бўлса-да, уммон сувларини чучуклаштириш тажрибасини кўришмоқда.
Ўзбекистон эса денгизга чиқмаган.
Мамлакатдаги сув истеъмоли асосан қўшни давалтлардан келадиган дарё сувларига боғлиқ.
Ерости сувлар ҳам ҳисобли ва шу боис улардан фойдаланишга муайян чекловлар киритилмоқда.
Ўзбекистон йирик аграр мамлакат ва сўнгги йиллари иқтисодни ранг-баранглаштириш ҳаракатларига қарамай, деҳқончиликнинг иқтисодда ҳам, маҳаллий озиқ-овқат таъминотида ҳам ўрни катта.
Лекин сунъий ёмғир таъсири у қадар улкан бўлмаслиги ва сувга бўлган эҳтиёжларни тўлиқ қопламаслиги ҳам айтилади.
Аммо Ўзбекистон ва Қозоғистон учун ҳозир - ва балки келажакда ҳам - бошқа қўшимча сув манбалари ҳам йўқ.






























