Исроил Ғарбий Соҳилда ёпилган келгиндилар манзилгоҳни қайта тиклади, фаластинликлар хавотирда

2026 йил 20 август куни Ғарбий Соҳилдаги Женин шаҳри яқинида жойлашган собиқ Кадим манзилгоҳига исроиллик келгиндилар кўчиб келмоқда.

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Кадимга келаётган келгиндилар ётоқ жиҳозлари, мебел ва қурилиш материалларини ҳам олиб келган.
    • Author, Люси Уилямсон
    • Role, BBCнинг Яқин Шарқ масалалари бўйича мухбири
  • Published
  • Ўқилиш вақти: 5 дақ

Исроилнинг янги авлод келгиндилари босиб олинган Ғарбий Соҳилдаги Кадим манзилгоҳига қайтди. Бу манзилгоҳ аввалги Исроил ҳукумати қарори билан ёпилганидан буён қарийб йигирма йил ўтган эди.

Келгиндиларнинг минтақавий кенгаши маълумотига кўра, пайшанба куни Тел-Авивдан "пешқадам оилалар" сифатида таърифланган 30 та оила Кадимга кўчиб келган. Бу жараён Исроилда ҳозирги ҳукумат қўллаб-қувватлаётган яҳудий миллатчилиги кайфиятлари кучайиб бораётган бир пайтда юз бермоқда.

Оилалар кичик гуруҳларга бўлиниб келган. Айримларига ҳарбийлар ҳамроҳлик қилган. Автомобилларидан Исроилнинг мовий-оқ байроқлари ҳилпираб турган, улар эса Фаластин қишлоқлари ва қишлоқ хўжалиги ерлари орасидан ўтиб борган. Баъзи келгиндилар ётоқ жиҳозлари, мебель ва қурилиш материаллари юкланган тиркамаларни ҳам олиб келган.

Исроил ҳукумати Женин атрофидаги яҳудий манзилгоҳларига қўйилган 20 йиллик тақиқни бекор қилди. Фаластинликлар эса манзилгоҳларни кенгайтиришга қаратилган янги ҳаракатларни хавотир билан кузатмоқда.

Халқаро ҳуқуққа кўра, Исроилнинг Ғарбий Соҳилдаги барча манзилгоҳлари ва келгиндилар форпостлари ноқонуний ҳисобланади. Бундай форпостлар Исроил қонунчилигига кўра ҳам ноқонуний саналади, аммо кўп ҳолларда давлат хизматлари ва молиявий кўмакка эга бўлади.

Манзилгоҳнинг қайта очилиш маросимида қатнашган Исроилнинг ўта ўнгчи молия вазири Безалел Смотрич шундай деди:"Шимолий Самариядан қувиб чиқарилиш жинояти содир этилганига 21 йил бўлди. Энди бу хатони тузатдик ва Кадим манзилгоҳига қайтдик".

У Ғарбий Соҳилнинг шимолий қисмини Инжилдаги атама билан "Шимолий Самария" деб атади.

Маросимда Исроил адлия вазири, Кнессет раиси ва келгиндиларнинг минтақавий кенгаши раҳбари Йосси Даган ҳам қатнашди. Даган келажакда келгиндилар Ғазога ҳам қайтишини айтди.

Женин шаҳри яқинидаги тепаликда жойлашган Кадим манзилгоҳи 2005 йилда Исроил ҳукумати томонидан бўшатилган эди. Бу қарор бир томонлама «ажралиш режаси» доирасида қабул қилинган бўлиб, ўша пайтда Ғазодан барча яҳудий келгиндилари ва исроиллик аскарлар олиб чиқилган, Ғарбий Соҳил шимолидаги яна учта манзилгоҳ ҳам тугатилган эди.

Ўша вақтда мазкур тўрт манзилгоҳ ҳаддан ташқари яккаланиб қолган, уларни қўриқлаш қимматга тушадиган ва стратегик аҳамияти чекланган ҳудудлар сифатида баҳоланган.

Кадим манзилгоҳида тўпланган бир гуруҳ эркаклар қуёшли кунда байрамона кайфиятда нишонламоқда.
Сурат тагсўзи, Исроил молия вазири Безалел Смотрич ва Кнессет раиси Амир Оҳана ҳам қатнашган миллий маросим Кадим манзилгоҳининг қайта очилиши муносабати билан ўтказилди.
Skip podcast promotion and continue reading
Бизни WhatsApp да ҳам кузатинг

BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да

Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг

End of podcast promotion

Сўнгги ҳафталарда эса Кадим тепалигида яна оқ рангли кўчма уй-тиркамалар пайдо бўлди. Бу ерга оилаларнинг қайтиши учун тайёргарлик кўрилаётганидан далолат беради.

BBC мухбирларининг очилиш маросими иштирокчилари билан суҳбатлашиш ҳақидаги илтимоси рад этилди. Уларга ўша куни оммавий ахборот воситалари вакиллари манзилгоҳга киритилмаслиги айтилди.

Манзилгоҳ ортидаги тупроқ йўл бўйлаб ҳаракатланар эканмиз, 53 йилдан буён туғилиб ўсган уйида яшаётган фаластинлик сабзавот етиштирувчи деҳқонга дуч келдик.

Унинг айтишича, болалигида Кадимнинг қурилишини кўрган. Кейин эса 20 йил аввал ҳукумат қарори билан келгиндиларнинг бу ердан чиқариб юборилишига ҳам гувоҳ бўлган.

"Ўша пайтда келгиндилар биз билан ёнма-ён яшарди. Тинч-тотув ҳаёт кечирардик. Улар ўз ҳаёти билан, биз эса ўз ҳаётимиз билан яшардик", деди у.

Бироқ энди у келгиндиларнинг қайтишидан хавотирда.

"Атрофимиздаги воқеалардан қўрқяпман. Янги айланма йўл қурилиши учун дўконлар ва корхоналар бузиб ташланди", деди у.

Унинг сўзларига кўра, келгиндилар қариндошларини сабзавот ва цитрус дарахтлари экилган ерлардан ҳайдаб чиқарган.

"Уларга: "Бу ерда сизларга жой йўқ, қайта келманг", дейишган".

Деҳқон оиласи 1948 йилги араб-исроил уруши даврида Ҳайфа шаҳридан бу ҳудудга кўчиб келганини айтди.

"Менда бошқа кўчишга тоқат ҳам қолмаган. Энди тақдирга тан бериш кайфиятида яшаяпмиз. Бу доимий қўрқув ҳаёти", деди у.

2005 йилда Кадим ва яна уч манзилгоҳ бўшатилганидан кейин бу ҳудудга исроилликларнинг кўчиб келишлари тақиқланган эди. Аммо ҳозирги Исроил ҳукумати бу тақиқни бекор қилди.

Кадим 2005 йилда бўшатилган манзилгоҳлар орасида охирги бўлиб қайта очилмоқда. Бунгача Ганим, Санур ва Хомеш расман қайта ишга туширилган, у ерларга оилалар ҳам кўчиб борган.

Бироқ бу манзилгоҳлар Ғарбий Соҳил бўйлаб амалга оширилаётган кенг кўламли манзилгоҳлар сиёсати олдида жуда кичик қисм ҳисобланади. Ҳозирги ҳукумат 2022 йил охирида ҳокимиятга келганидан буён Ғарбий Соҳилда юздан ортиқ янги манзилгоҳга рухсат берган. Шуларнинг 19 таси ҳудуднинг шимолий қисмида жойлашган.

"Peace Now" ташкилотининг Манзилгоҳлар мониторинги дастури раҳбари Хагит Офраннинг фикрича, Женин атрофида кузатилаётган тезкор қурилиш ишлари октябр ойида ўтиши кутилган Исроил сайловлари олдидан манзилгоҳларни имкон қадар кенгайтиришга қаратилган ҳаракатнинг бир қисми ҳисобланади.

Жениннинг ғарбида жойлашган янги Эмек Дотан манзилгоҳи шулардан бири. У ўтган якшанба куни расман очилди ва ҳозирда у ерда қарийб йигирмата яҳудий оила яшамоқда.

Эмек Дотанга қўшни фаластин қишлоғида истиқомат қилувчи ўқитувчи Самер Жобир манзилгоҳнинг босқичма-босқич қурилишини кузатганини айтади.

"Аввал булдозерлар келди, кейин кўчма уйлар ўрнатилди. Муаммолар эса оилалар келмасидан олдин бошланган эди", деди у.

Унинг сўзларига кўра, келгиндилар гуруҳлари тез-тез қишлоққа келиб, маҳаллий аҳолини тасвирга олади.

"Кеча ҳам келиб, мен ва болаларимни видеога олишди. Хотиним ташқарига чиқса ҳам камерани унга қаратдилар. Улар уйларимизга киришга уринмоқда. Тунги икки-учларда эса ҳар бир деразага кучли прожекторлар ёритади".

Фаластинлик ўқитувчи Самер Жобирнинг айтишича, янги манзилгоҳ қурилиши билан боғлиқ муаммолар оилалар келиб жойлашишидан олдин бошланган.
Сурат тагсўзи, Фаластинлик ўқитувчи Самер Жобир BBCга айтишича, оилаларнинг аксарияти келиб жойлашмасидан аввалоқ муаммолар бошланган.

Кўриш қобилияти чекланган ва оёғидан жароҳат олган Самер ўзини ҳимоясиз ҳис қилишини айтади.

"Қўрқув ҳамма нарсадан устун. Биз мутлақо ҳимоясиз қолганмиз. Уларнинг барчасида қурол бор. Болаларим учун хавотирдаман, шунинг учун уйнинг бу томонини бетон блоклар билан тўсмоқдаман".

Самернинг айтишича, сўнгги бир неча йил ичида Ғарбий Соҳилнинг бошқа ҳудудларида ҳам манзилгоҳлар сони ва келгиндилар томонидан амалга оширилаётган ҳужумлар кўпайиб борган. Бу жараён халқаро босимларга қарамай давом этмоқда.

"Европанинг бизга ажратадиган вақти йўқ. Америка Эрон билан банд. Хитой эса бу масалага қизиқмайди", деди у вазиятни таҳлил қилиб.

"Россия Украина уруши билан овора, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти таъсирини йўқотган, араб давлатлари эса ўз ички муаммолари билан машғул".

Сўзларида ғазаб ва алам сезилиб турган Самер шундай деди:

"Демократик тизимлар тугади, улар энди ишламайди. Цивилизация, тараққиёт ва замонавийлик ҳақидаги гаплар эса афсонадан бошқа нарса эмас".

Женин атрофидаги янги манзилгоҳлар билан бир қаторда, икки янги Исроил ҳарбий базаси ҳам жадал суръатларда қурилмоқда. Баланд бетон деворлар, кузатув миноралари ва тиконли симлар билан ўралган ҳудудларда қурилиш техникалари ишламоқда. Шамолда эса Исроил байроқлари ҳилпираб турибди.

Шунингдек, Женин қочқинлар лагери яқинида мусодара қилинган фаластин ерларида янги ҳарбий таянч пункти ҳам барпо этилмоқда. Бу 1993 йилда Осло келишувлари имзоланганидан бери Фаластин маъмурияти назоратидаги ҳудудда қурилаётган биринчи Исроил ҳарбий базаси ҳисобланади.

Исроил армияси 2025 йилда лагер назоратини қўлга олишдан олдин минглаб аҳолини Женин қочқинлар лагеридан эвакуация қилган эди.

Исроил Мудофаа кучлари Жабрият ҳудудидаги ҳарбий объект қурилиши "оператив эҳтиёжларга мувофиқ" бошланганини тасдиқлади.

Фаластин маъмуриятининг Женин вилояти ҳокими Камал Абу ар-Рубнинг айтишича, қочқинлар лагери атрофидаги ерларнинг мусодара қилиниши келгусида бу ерларга келгиндиларни жойлаштириш режасидан дарак бериши мумкин.

"Бу Фаластин шаҳрининг қоқ марказида Хеврон ёки Қуддусдаги каби бўлинишни юзага келтириши мумкин", деди у.

Абу ар-Руб Женин атрофида келгиндилар бўлмаган сўнгги йигирма йиллик даврни "осойишта давр" деб таърифлади.

"Энди эса улар ва уларнинг ҳужумлари юзага келтирган дўзахда яшамоқдамиз", деди у. "Бу ҳаракатланиш эркинлигимизни чекламоқда. Йўллар ёпилмоқда, ерлар бульдозерлар билан текисланмоқда, дарахтлар кесилмоқда".

Бу ҳудудда ўзгаришлар ниҳоятда тез кечмоқда.

Бир неча ҳафта аввал мен Кадимдан Ғарбий Соҳилнинг шимоли орқали Исроилга олиб борадиган йўл бўйидаги қаҳвахоналардан бирида қаҳва ичиб ўтирган эдим. Бугун эса ўша қаҳвахона ва унинг атрофидаги ўнлаб фаластин дўкон ва корхоналари йўл четидаги вайроналарга айланган. Улар Исроил армияси томонидан бузиб ташланган.

Маҳаллий аҳоли учун октябрдаги Исроил сайловларигача бўлган вақт энди қанча фаластин биноси бузилиши ва қанча янги келгиндилар каравонлари ўрнатилиши билан ўлчанмоқда.