Дунё, янгиликлар: Бин Ладен ўғлига нима бўлди, Исроилнинг янги режалари ва Россия қўшинлари яна қаёққа кетди?

Сурат манбаси, CIA
АҚШ: Ҳамза Бин Ладен ўлди
АҚШ истихборот хизматлари расмийларининг хабар беришича, ал-Қоида террорчи ташкилоти асосчиси бўлмиш Осама Бин Ладеннинг ўғли Ҳамза Бин Ладен оламдан ўтган.
Аммо отасининг ўлимидан сўнг ташкилот раҳбарига айланганига ишонилган Ҳамза Бин Ладеннинг ўлими сабаблари ёки вақти номаълумлигича қолмоқда.
Президент Доналд Трамп ва унинг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Жон Болтон чоршанба куни журналистларнинг бу борадаги саволларини жавобсиз қолдирган.
Февраль ойида АҚШ Ҳамза Бин Ладеннинг қаерда эканини топишга ёрдам берувчи маълумот учун $1 миллион ваъда қилган эди.
30 ёшларда дея тахмин қилинган Ҳамза Бин Ладен жиҳодчиларни 2011 йили Покистонда АҚШ махсус кучлари томонидан йўқ қилинган отаси ўлими учун ўч олишга бир неча бор даъват қилган эди.
У ўзининг аудио ва видео даъватларида АҚШ ҳамда бошқа мамлакатларга қарши жиҳод уюштиришга чақириб келган.
У, шунингдек, Араб яримороли аҳолисини исён кўтаришга ундаган. Март ойида Саудия Арабистони унинг фуқаролигини бекор қилган эди.
Исроил Ғарбий Соҳилда фаластинликлар учун уйлар қурмоқчи

Сурат манбаси, AFP
Исроил ҳукумати Ғарбий Қирғоқда исроилликлар учун 6,000 ва фаластинликлар учун 700 турар-жой қуриш режасини маъқуллади.
Кузатувчилар фаластинликларга уй қуриб бериш қарори одатий ҳол бўлмаса-да, бу бутунлай янги турар-жойлар бўлмаслиги мумкинлигини ҳам айтмоқда.
Уларга кўра, Исроил ҳукумати ёки янги уй-жойлар қуради ё аллақачон мавжуд бўлган уйларни расман тан олади.
Кўплаб давлатлар ва таҳлилчилар Ғарбий Қирғоқда яҳудий манзилгоҳлари мавжудлиги халқаро ҳуқуққа зид, дейди. Исроил бу даъвони рад этиб келади.
Иордан дарёсининг ғарбий қирғоғи уч ҳудудга бўлинган - А, Б ва C.
А ҳудуд тўлиғича Фаластин автономиясининг ҳарбий ва фуқаровий назорати остида. Б ҳудуди - фаластинликларнинг фуқаровий ва Фаластин-Исроил бирлашувидаги ҳарбий назорат остига олинган.
C ҳудуд буткул Исроил бошқарувида бўлиб, янги уйлар, катта эҳтимол ила, шу ерда барпо этилади.
Исроил матбуотининг ёзишича, ҳукумат тез орада минтақага ташриф буюриши кутилаётган президент Доналд Трампнинг куёви Жаред Кушнернинг режаларига ёрдам бериш мақсадида ушбу қарорни олган.
Жаноб Кушнер Араб-Исроил можаросини тинч йўл билан ҳал этиш режаси устида ишламоқда.
Эрон ташқи ишлар вазири АҚШ санкциясига тушди

Сурат манбаси, Reuters
АҚШ Молия вазирлиги Эрон ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавад Зарифга қарши санкциялар жорий этди.
Эндиликда, жаноб Зарифга тегишли АҚШ ҳудудидаги ҳар қандай активлар музлатиб қўйилади.
АҚШ молия вазири Стивин Мнучин Жавад Зарифни Эрон Олий Раҳнамоси (Оятуллоҳ Али Хаменеий)нинг бемулоҳаза кўрсатмаларини амалга оширишда айблаган.
Жаноб Зариф ушбу қарорга жавобан санкцияларнинг на ўзи, на оиласига таъсир кўрсатмаслиги, сабаби унинг Эрондан ташқарида ҳеч қандай мулки йўқлигини билдирган.
«Мени ўз мақсадларингизга қарши шундай катта таҳдид ўлароқ кўрганингиз учун раҳмат,» дея ёзган у.
Россия армияси Сибирга сафарбар этилди
Россия президенти Владимир Путин армияга Сибир ва мамлакатнинг бошқа шарқий минтақаларида шиддат билан давом этаётган йирик ўрмон ёнғинларини ўчиришга кўрсатма берди.
Бир неча ҳафта бурун юзага келган ёнғин оқибатида Сибирдаги 3 миллион гектарга яқин ўрмон зарар кўрган.
700 мингдан зиёд россиялик Сибир минтақасида фавқулодда ҳолат эълон қилиш ва ёнғинга қарши курашни янада жадаллаштириш талаб этилган петицияни имзолаган.
Расмийлар аҳоли манзилгоҳлари жойлашмаган ҳудудларда ўт ўчириш ишлари олиб борилмаслигини маълум қилиши ортидан одамлар ғазабга минмоқда.
Сибир шаҳарлари заҳарли тутун билан қоплангани хабар қилинмоқда.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: @bbcuzbek





























