Исталмаган хорижликлар Ўзбекистонга киритилмаслиги мумкин, "Ҳисорак" ҳақида "ёлғон хабар тарқатганлик"да жиноий иш қўзғатилди, Тиббиётдан даромад

Сурат манбаси, Gazeta.uz
Депутатлар Ўзбекистон ҳақида номақбул чиқишлар қиладиган чет элликларни мамлакатга киришини тақиқламоқчи. "Ҳисорак" сув омбори билан боғлиқ ҳолат ҳақида "ёлғон ахборот тарқатиш" бўйича жиноий иши қўзғатилди. Ўзбекистон тиббий туризмдан даромадни оширмоқчи.
Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари Ўзбекистоннинг давлат суверенитетига, ҳудудий яхлитлиги ва хавфсизлигига зид бўлган, давлатлараро, ижтимоий, миллий, ирқий ҳамда диний адоватни келтириб чиқарувчи ҳамда Ўзбекистон халқининг шаънини, қадр-қимматини ёки тарихини таҳқирловчи оммавий чиқишлар қилган ёхуд ҳаракатлар содир этган чет эл фуқаролари (ёки фуқаролиги бўлмаган шахслар) мамлакатда бўлиши номақбул деб топиш учун қонун лойиҳаси ишлаб чиқди.
"Ўзбекистон Республикасининг "Ўзбекистон Республикасида чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий ҳолати тўғрисида"ги Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Қонун лойиҳаси қуйи палатага киритилган.
Алоқадор мавзулар:
- Янгиликлар. Ўзбекистон: 'Ҳисорак'да нима бўлганди? Янги тафсилотлар жавоб топиш ўрнига, саволларни пайдо қилмоқда…
- Ўзбекистон, Гамбияда Ҳиндистон дорисидан ўлган болалар: Адолат қарор топадими? - Видео
- Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири шубҳали йод мавзусига чуқур кирмасликни илтимос қилди, вазир истеъфоси сўралмоқда
Расмий хабарга кўра, бунга - Ўзбекистон суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини муҳофаза қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар белгилаш зарурати сабаб бўлган.
Лойиҳа Қозоғистон, Озарбайжон, Россия, Польша, Беларус, Хитой каби давлатлар тажрибасидан келиб чиқиб ишлаб чиқилган.
Kun.uz нашри "сўнгги бир неча ой давомида россиялик бир қатор расмийлар ва пропагандачилар, хусусан Захар Прилепин, Михаил Смолин, Михаил Делягин, Евгений Фёдоров, Пётр Толстой ва бошқалар Ўзбекистон ва ўзбек халқи шаънига қаратилган таҳдид ва ёлғон баёнотлари билан Ўзбекистон жамоатчилиги ғазабига сабаб бўлган, қатор фаоллар расмийларни бундай шахсларнинг Ўзбекистонга киришини тақиқлашга чақирган эди", деб эслатади.
"Ҳисорак" ҳақида ёлғон хабар тарқалганмиди?

Қашқадарё вилоят ИИБнинг хабар беришича, ижтимоий тармоқларда "Ҳисорак" сув омбори билан боғлиқ ҳолат ҳақида ёлғон хабарлар тарқатган фуқароларга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.
"Жорий йил 10 июнь куни Шаҳрисабз туманидаги "Ҳисорак" сув омбори ҳақида интернет ижтимоий тармоғида баъзи фуқаролар ёлғон ахборот тарқатиб, одамларнинг тинчини бузиб, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларига зарар етказилишига сабабчи бўлган", дейилади хабарда.
Мазкур ҳолат бўйича Шаҳрисабз туманида яшовчи Д.У., Н.А. ва бошқаларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 244 прим 6-моддаси 3-қисми "б" банди билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Жиноят кодексининг "Ёлғон ахборот тарқатиш" моддасида айбланиб, жиноий иш қўзғатилиши учун фуқарога олдин шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилган бўлиши керак.
Душанба куни ижтимоий тармоқларда Шаҳрисабздаги "Ҳисорак" сув омборидан катта миқдорда сув отилаётгани видеолари тарқалди.
Унинг тўғонида ёриқ пайдо бўлганига оид гап-сўзлар маҳаллий аҳоли орасида ваҳима уйғотгани, сув омборига яқин яшовчи одамлар ўз уй-жойларини ташлаб чиқишаётганига оид хабарлар олинди.
ФВВ бошида туннель очиш мақсадида иш олиб борилаётганлиги ва шу сабаб сув сизиб чиқаётгани кузатилганини билдиришди.
Аммо бир кундан сўнг Фавқулодда Вазиятлар вазири Абдулла Қўлдошев чоп этган видеода ҳеч қандай "бундай фавқулодда вазият содир бўлмаганлигини", бу йилги об-ҳаво боис "сувларнинг бир мунча кўпайгани сезилганини" айтди.
Ўзбекистон тиббий туризмдан даромадни оширмоқчи

Сурат манбаси, President.uz
Ўзбекистон хорижликларни даволашни кўпайтириш эвазига бир йилда 300 миллион доллар даромад кўришни мақсад қилган.
Бу ҳақда nuz.uz сайтига Олий Мажлис депутати Зумрад Бекатова маълум қилган.
Хабарда айтилишича, ўтган йили Ўзбекистондаги 86 та санаторий ва тиббий муассасаларда 60 мингдан зиёд хорижий турист даволанди.
Бу каби муассасаларнинг сонини орттириш эвазига хорижлик беморларнинг сонини 100 мингга чиқариш кўзда тутилган.
"Бу бир йилда 300 миллион доллар даромад қилиш имконини беради", дейилади хабарда.
Олдинроқ Ўзбекистонда "Тиббий хизматлар меҳмондўстлиги" дастури йўлга қўйилиши хабар қилинганди.
Президент матбуот котиби Шерзод Асадов охирги беш йилда хусусий клиникалар каррасига кўпайгани билан атиги 2 таси халқаро сертификат олганини ёзди. Оқибатда чет элдан даволанишга келганлар улуши пастлигича қолган.
"Эндиликда хусусий клиникаларнинг халқаро стандарт олиш, хорижий кўргазмада қатнашиш харажатлари бюджетдан қопланади. Клиникаларга келган чет элликлар учун қўшилган қиймат солиғи қайтарилади", дейди Шерзод Асадов.
Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002






























