Ўзбекистон, Гамбияда Ҳиндистон дорисидан ўлган болалар: Адолат қарор топадими? - Видео O'zbekiston Dunyo Yangiliklar

2020 йилнинг июл ва октябр ойларида Африканинг Гамбия давлатида 70 бола Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган йўталга қарши шубҳали дориларни ичиш ортидан ҳаётдан кўз юмди. 2019 йилнинг декабри ва 2020 йилнинг январ ойларида эса Ҳиндистон шимолидаги Рамнагар шаҳрида 12 бола заҳарли эканлиги айтилаётган йўталга қарши дориларни ичиб ўлди.
Болаларнинг ҳаммаси беш ёшдан кичик бўлган. Илк ўлим қайд қилинганига бир йил ўтаркан, Би-би-си мухбири Винет Кар Гамбия ва Рамнагарга борди. У ердаги оилаларнинг оҳу зорини ва адолат топишда қийналаётганини тинглади.
Африкадаги кўплаб давлатлар қатори Гамбия ҳам дунё дорихонаси деб танилган Ҳиндистондан жуда кўп арзон ва патентланмаган дорилар олади.
Ушбу мавзу 5 ёшгача бўлган 70 боланинг ўлимидан сўнг диққат марказига тушди.
Гамбия ҳукумати ўз ҳисоботларида Ҳиндистонда ишлаб чиқилган йўталга қарши сиропларни айблади.
Таркибида гўёки заҳарли диэтилен гликоль ва этилен гликоль борлиги ҳамда истеъмоли ўлимга олиб келиши айтилди.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Сиропларни чиқарган Maiden Pharmaceuticals ширкати ва Ҳиндистон ҳукумати айбловларни рад қиляпти.
Ўлганлар орасида 3 яшар Ламин ҳам бор. Касал бўлганида отаси уни дўхтирга олиб боради. У ерда дорилар, жумладан, йўталга қарши сироп ҳам ёзиб беришади.
"Ламинга нега дори бердим, деб афсус қиляпман. Ламин ичмайман деб оёқ тираб олганди. Ламинни дорини ичишга мажбурлагандим. Кейин ичганди", дейди Ламиннинг отаси Ебрима Сажния.
Сироп ичганидан сўнг Ламин овқат емай қўяди ва сийиши камаяди. Дўхтирлар буйрагида муаммо борлигини айтади. Ламин сиропни ичганидан бир ҳафта ўтиб ўлади.
Унинг ўлими Ҳиндистонда ясалган дориларга ишончсизлик келтириб чиқарди.
"Ҳамма дорилар ёмон демоқчимасман. Аммо бошимдан ўтганлари мени Ҳиндистон дориларидан қўрқадиган қилиб қўйди", дейди оталардан бири Момодоу Дамбелла.
Ҳиндистон фармацевтик ширкатлари Гамбия, Ўзбекистон, Ироқ ва Камерундан Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган йўталга қарши сироплар борасида келган шикоятлар ортидан диққат марказга тушди.
"Бу, айниқса Гамбия, Ўзбекистонда бўлган ҳолатлар ва бошқа муаммолар бахтсиз ҳодисалардир. Бу Ҳиндистон фармавцевтика саноати обрўсига зарба берди. Аммо экспортимизга қарасангиз, уларга ҳеч қандай таъсири сезилмади", дейди Ҳиндистон фармацевтика экспорти кенгаши бош директори Удая Баскар.
Оилалар адолат талаб қилмоқда. Шундай дод-фарёдни минглаб чақирим олисдаги Ҳиндистоннинг Жамму штати Рамнагар шаҳрида ҳам эшитиш мумкин.
2019 йил декабр ва 2020 йилнинг январ ойларида таркибида диэтилен гликоль борлиги айтилаётган йўталга қарши сиропни ичганидан сўнг 12 бола ўлди.
2,5 яшар Анируд иситма қилиб, кўкрагига инфекция тушганда сиропдан ичади.
"Ейиши қийинлашиб, кўзини очолмай қолди. Чунки бадани ва юзлари шишиб кетганди", дейди Анируднинг онаси Веена Кумари
Бу ердаги ота-оналар ҳам болалари қандай азобланганини хотирлашади.
Би-би-си мухбири Химачал-Прадаш штатининг шимолий шарқий минтақасида бўлди. У ерда болаларнинг ўлимига сабаб бўлгани айтилаётган йўталга қарши сироп ишлаб чиқарувчи ширкатнинг идораси жойлашган.
Ширкат эгаси Перешоттам Гоял билан учрашолмадик. Аммо телефон орқали у қурбонлар ушбу ширкат сиропларини ичганини рад қилди. Полиция ўлим ҳолатларини суриштирди ва иш маҳкамага оширилган.
Гамбиядаги оилалар Ҳиндистон ширкати ва маҳаллий ҳокимият устидан маҳаллий маҳкамага шикоят қилган. Улар керак бўлса Ҳиндистон ёки халқаро маҳкамалар эшигини қоқишдан тап тортмаслигини таъкидлашмоқда.
Сироплар лаборатория текширувидан ўтказилмагани тан олинди
Айни шу кунларда Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида 21 киши устидан суд бормоқда.
Улар Ўзбекистонда камида 65 бола ўлимига олиб келган "Dok-1 Maks" йўтал сиропига боғлиқ жиноят ишида айбланмоқдалар.
Мухбирларнинг суддан хабар қилишларича, кўрсатма берган айбланувчилардан бири бўлган аёл Ўзбекистонга олиб кириладиган сироплар лаборатория текширувиларидан ўтказилмаганини тан олган.
"Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази" ДУКда рўйхатдан ўтказиш бўлими бошлиғи сифатида ишлаган Г. С шундай деган:
"Биз лаборатория синовларини ўтказмаганмиз. Биздаги амалиётда бу ҳолат умуман кузатилмаган. Мана шу хатойимизни ҳеч ким бизга айтмаган. Улар бизга экспертиза учун бердинг, менга ҳам намуна тақдим эт дейишлари мумкин эди-ку. Қўмита синов баённомаси бўлиши учун лабораторияга айтиб, кейин бизга ҳам айтса бўлар эди-ку. Бизда амалиёт шунақа бўлган. Адлия вазирлигидан, агентликдан текширувлар келиб-кетган. Ҳеч қачон ҳеч ким бу ҳолатга эътироз қилмаган. Бу ҳақда тергов жараёнлари бошлангач, билдик, ҳамма шунда билди".
Самарқандда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга бағишланган халқаро конференция

Сурат манбаси, BBC Uzbek
Самарқанд шаҳрида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга бағишланган халқаро конференция бошланган.
Анжуманда 30 дан ортиқ мамлакатдан 620 дан зиёд иштирокчи, 30 дан ортиқ халқаро ташкилотлар вакиллари қатнашмоқда.
Президент Мирзиёев халқаро конференция қатнашчиларига мурожаат йўлади, уни Бош вазир Абдулла Арипов ўқиб эшиттирди.
Президент Мирзиёев жаҳонда озиқ-овқат хавфсизлиги, уни барқарор етказиб бериш, очлик ва қашшоқликка қарши кураш масалалари бугун ҳам ўта долзарб бўлиб қолаётганини таъкидлади.

Сурат манбаси, BBC Uzbek
"Афсуски, кейинги пайтда коронавирус пандемияси, жаҳон сиёсати ва иқтисодиётидаги инқирозлар қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб бериш тизимида занжирларнинг узилиши ва нархлар ошишига сабаб бўлди.
Бундан айниқса ривожланаётган мамлакатлар жабр кўрмоқда. Глобал иқлим ўзгаришлари, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат тизимига инвестиция ҳажми камайиши вазиятни янада оғирлаштирмоқда. Бу эса Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишни хавф остида қолдирмоқда.
Ўзбекистон Республикаси БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш жанобларининг 2021 йилда озиқ-овқат тизимлари бўйича глобал саммит ўтказиш борасидаги ташаббусини биринчилардан бўлиб қўллаб-қувватлади. Бугунги анжуман ана шу саммитнинг мантиқий давомидир", дейилади Ўзбекистон президентининг мурожаатида.
Самарқанд озиқ-овқат хавфсизлиги анжумани 8 сентябрда ҳам давом этади.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002




























