Туркия, ўзбеклар: Зебунисо нега "ўғри келин" деб сазойи қилинди? Видео Ўзбекистон ва дунё

Зебо 1
Сурат тагсўзи, - Ёш бошимга бундай кунларни кўраман деб ўйламагандим, - йиғлади Зебунисо.
Published
Ўқилиш вақти: 2 дақ

Андижонлик Зебунисо турк телеканали, ижтимоий тармоқларида ўзбек ўғри келин дея сазойи қилинди. Тарқалган хабарларга кўра, икки ойлик келинчак уйидан тилла тақинчоқларни олиб қочган.

Қайнотанинг даъвоси боис, Зебунисо ҳибсга олинди. Аммо полиция текширувлари ортидан келиннинг айбсизлиги исботланди ва озод қилинди.

- Ёш бошимга бундай кунларни кўраман деб ўйламагандим, - йиғлади Зебунисо.

Айни пайтда Истанбулда бўлган 22 ёшли Зебунисо Дадахўжаева Бурсага келин бўлиб келгани, қийинчиликда ўтган болалиги ва ўғри келин исноди ҳақида Би-би-си Ўзбек хизматига гапириб берди.

зебо 2

Сурат манбаси, courtesy

Сурат тагсўзи, Зебунисо тўйдан олдин куёвнинг расмини кўрганини айтади.

- Андижонда гўзаллик салонида ишлаб юргандим. Онам ва холам Туркияда ишлашарди. Бир куни онам "сенга совчи келди" деб қўнғироқ қилдилар. Ҳали ёш эканимни, оила қуришни истамаслигимни айтдим. Аммо совчи - холам, Бурсада ўзларининг таниши бўлган эркакнинг ўғлига мени сўраган экан. Онам мени кўндирдилар, - дея ҳикоясини бошлади Зебунисо.

Қизга бўлажак куёвнинг сурати кўрсатилган. Бир неча ҳафта ичида хорижга чиқиш паспорти олинади, Туркиядан билет пули юборилади ва онаси Зебунисони Бурсага олиб кетади.

зебо 3
Сурат тагсўзи, Полиция келин олиб кетган тақинчоқларни текширган

- Яхши кутиб олишди, никоҳдан ўтдик. Оддийгина тўй бўлди. Турк одатларига кўра, тилла тақинчоқлар тақишди. Аммо тўйдан кейин уларни қайтариб олишди, фақат бижутерия - арзон безаклар ва соатлар ўзимда қолди, дейди Зебунисо.

Келинчакнинг айтишича, куёвнинг ундан 2 ёш кичиклиги ва соғлигида нуқсони борлигига қарамай, яхши яшай бошлашган. Келишмовчилик келиннинг онаси кетганидан кейин бошланган.

- Онам Ўзбекистонга кетиб юраклари ёмон бўлиб қолди. Мен бирданига бир ўзим бегона юртда қолганимга сиқилиб ичимга сиғмай юргандим, бу хабарни эшитиб тура олмадим. Онамни кўриб келай, деб қайнотамдан сўрадим. Шундан бошлаб менга муносабатлари кескин ўзгарди, - дейди Зебунисо.

Унинг айтишича, келинга хизматкор каби беписанд қарай бошлашгани, камситилишлар ва оилавий зўравонликлардан кейин уйдан яширинча кетишга қарор қилган. Кийимларию нарсаларини йиғади ва уйдагиларига билдирмай чиқиб, Истанбулдаги танишларининг ёнига кетган.

- Ўзбекистонга қайтмоқчи эдим, аммо паспортим қайнотамда қолгани учун кета олмасдим. Паспортимни сўраб қайнотамга қўнғироқ қилдим. У менга таҳдид қилди. Қўрққанимдан телефонни ўчирдим, номерини алмаштирдим, - дейди ёш келин.

Эртаси куни эса телевизорда ўзини кўради: қайнота ва куёв уни уйдан тиллаларни олиб қочганликда айблаб интервью беришгани, у қидирилаётганини кўради.

зебо 4

Сурат манбаси, Social media

Сурат тагсўзи, "Ўзбек ўғри келин" ҳақидаги хабарлар турк медиа оламида анча шов-шув бўлган.

Зебунисонинг кейинги ҳаёти нима бўлди? У ростдан тиллаларни олиб қочганмиди?

Андижонлик Зебунисо Дадахўжаева билан тайёрланган видеолавҳамизни кўриб тафсилотларни билишингиз мумкин.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Алоқадор мавзулар:

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.