Ўзбекистон: Мирзиёев Нур-Султонда, аёллар яна йўлларни тўса бошлади ва қайта локдаун бўлиши мумкинми? – янгиликлар O'zbekiston, yangiliklar

Сурат манбаси, official
- Шавкат Мирзиёев Нур-Султонда;
- Бухорода аёллар автомобиль йўлини тўсиб қўйди, ҳокимлик улар эътирозини рад этди;
- Ўтган 4 йилда мансабдорлар давлат ва жамиятга қанча зарар етказган?
- Сан-эпидем хизмат янги локдаун эҳтимоли тўғрисидаги саволга жавоб берди;
- Фарғонада бедарак кетган овчини юзга яқин инсон изламоқда;
- Россияда қолиб кетган ўзбекистонликлар махсус йўловчи поездида олиб келинади;
Давлат ташрифи
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ва Қозоғистон - табиий иқтисодий ҳамкорлар эканини айтди.
Икки қўшни давлат президентлари пойтахт Нур-Султонда тор доирадаги музокараларини ўтказиб бўлишди.
Ўзбекистон президенти ўзининг Қозоғистонга давлат ташрифини кеча, 5 декабрь куни бошлаган.
Бу Шавкат Мирзиёевнинг қайта президент этиб сайланиши ортидан амалга ошираётган тўртинчи хорижий, аммо илк давлат ташрифи бўлган.
Ўзбекистон президенти орада Туркия, Россия ва Туркманистонда ҳам бўлиб қайтган.
Расмий хабарларга кўра, давлат ташрифи Қозоғистон президентининг таклифи билан амалга ошган.
Нурсултон Назарбоев номидаги халқаро аэропортда ҳам Шавкат Мирзиёевни Қасим Жомарт-Тоқаевнинг шахсан ўзи қарши олган.
Қозоғистон президенти ўзаро ҳамкорликни янги даражага олиб чиқишда бу давлат ташрифининг жуда муҳимлигини таъкидлаган.
Расмий хабарларга кўра, Шавкат Мирзиёев ҳам икки биродар давлат ўртасидаги дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларининг ривожланиш суръатини мамнуният билан қайд этган.
"Ўзбекистон ва Қозоғистон - табиий иқтисодий ҳамкорлар" эканини айтаркан, "иқтисодиётлари рақобат қилмаслиги, бир-бирини тўлдириб туриши"ни таъкидлаган.
Ўзбекистон президентининг маълум қилишича, "Ўзаро савдо ортмоқда. Жорий йилда товар айирбошлаш рекорд даража - 4 миллиард долларга етиши кутилмоқда".
Икки давлат раҳбарлари сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитардан ташқари минтақа ва халқаро кун тартибининг томонларни қизиқтирган долзарб масалалари юзасидан ҳам фикр алмашишган.
Аммо расмий хабарларда айни мулоқотларнинг тафсилотлари ҳозирча келтирилмаган.
Ўзбекистон президентининг Қозоғистонга давлат ташрифи давом этмоқда.
Давлат ташрифи асосий тадбирларининг бугун - 6 декабрга режалангани айтилган.
Томонлар, йилларки, бир-бирларини расман ишончли ва муҳим стратегик шериклар ҳамда иттифоқчилар санаб келишади.
Қозоғистон минтақанинг энг йирик иқтисоди бўлади.
Туркманистон билан бирга Марказий Осиёнинг табиий энергия захираларига бой иккита давлатидан биттаси саналади.
Миллиардлаб зарар келтирган мансабдорлар

Сурат манбаси, BBC O'zbek
2021 йилнинг 9 ойи давомида мансабдор шахсларнинг жиноятлари оқибатида давлат ва жамият манфаатларига 658 миллиард сўм зарар етказилган.
Бу ҳақда депутат Зуҳра Шодиева Қонунчилик палатасининг расмий сайтида эълон қилинган мақоласида баён қилган.
Унинг ёзишича, бу турдаги жиноятлардан келган зарар 2018 йилда 556 миллиард сўм, 2019 йилда 1,8 триллион сўм, 2020 йилда 500,1 миллиард сўмни ташкил этган.
3 декабрь куни Қонунчилик палатаси депутатлари коррупцияга оид жиноятларга нисбатан жазони кескин кучайтиришни кўзда тутувчи қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилган эдилар.
Қонун лойиҳасида, хусусан, 15 турдаги жиноят таркибларини коррупцияга оид жиноятлар тоифасига киритиш, коррупцияда айбланиб озодликдан маҳрум этилган, аммо келтирган зарарини тўлиқ қопламаган ҳамда порахўрлик жиноятини содир этган шахсларга нисбатан жазодан муддатидан илгари озод этиш ёки жазони енгилроғига алмаштириш татбиқ этилмаслиги кўзда тутилган.
Алоқадор мавзулар:
- Ўзбекистон: Тўртта патирни 40 мингга олдим ёки энди бутун дунё Тошкентга қочадими – хулоса ва муносабат
- Одамлар нега Ўзбекистондан кетишаяпти? – Ўзбекистон ва дунё
- Ўзбекистонда носвой тақиқланадими ва ҳокимликка берилган қимматбаҳо машина масаласи текширилади - видео
- Толибон Ўзбекистонга: самолёт ва вертолётларимизни қайтаринг!
"Аҳоли иддаолари асоссиз"

Сурат манбаси, Videograb/social media
Ижтимоий тармоқда бухоролик аёллар газ ва свет тақчиллигидан норози бўлиб, автомобиль йўлини тўсиб қўйгани айтилган видео тарқалган.
Видео воқеа Жондор туманида юз бергани ҳақида сўз боради.
Воқеани тасвирга олган шахс аҳоли йиғилишининг сабабини "газ йўқлиги" билан боғлайди.
Ҳолатга муносабат билдирган Жондор тумани ҳокимлиги аҳолининг газ ва электр таъминотидаги узилишлар борасидаги иддаолари "мутлақо асоссиз" эканини таъкидлаган.
Ҳокимликнинг маълум қилишича, 4 декабрь куни тумандаги икки маҳалла одамлари манзилгоҳларни янги қурилаётган Газли-Когон юқори босимли магистраль газ қувурига улаб беришни талаб қилиб йиғилган.
Туман маъмуриятининг таъкидлашича, табиий газ таъминотида танқислик кузатилган ушбу аҳоли масканлари кафолатланган ёқилғи ресурслари - суюлтирилган газ билан мунтазам таъминлаб келинган.
Шунингдек, "аҳоли хонадонларида электр таъминотида ҳеч қандай узилишлар мавжуд эмас", маълум қилган туман ҳокимлиги.
Бир вақтнинг ўзида, ҳолатни видеотасвирга туширган фуқаро ИИБ ходимлари олиб кетгани тўғрисида тасдиқланмаган хабарлар тарқалган.
Ўтган йилнинг куз-қиш мавсумида ҳам Ўзбекистоннинг қатор ҳудудларида асосан аёллар электр энергияси ва табиий газ тақчиллигидан норозилигини автомобиль йўлларини тўсиб қўйиш билан изҳор этган эди.
Яна локдаун бўлиши мумкинми?

Сурат манбаси, BBC O'zbek
Агар 2022 йил баҳорида яна касалланиш кўрсаткичлари ортиши кузатилмаса, Ўзбекистонда локдаун эълон қилинмайди.
Санитария-эпидемиология хизмати аҳолидан тушган саволларга жавоб қайтариб бормоқда.
Шундай саволлардан бирида мамлакатда локдаун яна такрорланиши эҳтимоли қанчалик юқори экани сўралган.
Саволга жавобан Сан-эпидем хизмат 2020-2021 йилларнинг март ойларида COVID-19'нинг янги штаммлари пайдо бўлиши билан боғлиқ равишда касаллик тарқалиши ортганини эсга олган.
Хизмат жавобида вируслар жуда тез кўпайиш ва ўзгарувчанликка мойил экани, оқибатда, уларнинг мутацияга учраши ҳамда янги штаммларнинг пайдо бўлиши ортидан пандемия анча давом этиши мумкинлиги ҳақида сўз боради.
"Вируслардан буткул халос бўлиш мумкин эмас. Лекин, тахминий нуқтаи назардан башорат қилиб кўрсак, агарда 2022 йилнинг баҳорида касаллик кўрсаткичларининг яна ўсиши кузатилмаса, у ҳолда мамлакатимизда локдаун ҳолати эълон қилинмайди.
Шундагина, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 2022 йилнинг охирида ёки 2023 йилнинг бошида COVID-19 пандемияси тугатилган деб эълон қилиши мумкин. Бу бизнинг умидбахш тахминимиз, холос", маълум қилган Сан-эпидем хизмат.
8 маротабалик махсус рейс

Сурат манбаси, Toshkent mintaqaviy temir yo'l uzeli
Пандемия даврида Россияда қолиб кетган ўзбекистонликларнинг мамлакатга қайтиши учун махсус йўловчи поезд қатнови йўлга қўйилади.
"Ўзтемирйўловчи" АЖ махсус поезд 4 декабрдан 27 декабрга қадар 8 маротаба қатновни амалга оширишини хабар қилган.
Хабарда "Волжский-Тошкент" йўналишида бир томонлама қатновчи поездга чипталарни электрон тарзда сотиб олиш ҳам мумкинлиги қўшимча қилинган.
Бедарак йўқолган овчи

Сурат манбаси, Yozyavon tuman hokimligi
Фарғонада бедарак йўқолган овчини юзга яқин инсон қидирмоқда.
Ёзявон туман ҳокимлигининг хабар беришича, туманнинг 36 яшар яшовчиси 28 ноябрь куни ов қилиш мақсадида уйидан чиқиб кетганча, қайтиб келмаган.
Ҳокимлик фуқаронинг яқинлари ов қилинган сув омбори ҳудудидан унга тегишли Дамас машинасини эшиклари қулф ҳолатда топганлари ҳақида ёзган.
Шундан сўнг қидирувга ИИБ, Миллий гвардия, ФВВ ходимлари ва кўнгиллилардан иборат 86 кишилик гуруҳ жалб қилинган.
Шунингдек, қидирувда қайиқлар ва дрондан ҳам фойдаланилмоқда.
Ҳозирча, қидирув натижасиз қолаётганини билдирган туман ҳокимлиги аҳолидан "қиш-қировли кунларда" каналлар ва зовурларга яқинлашмасликни сўраган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek


































