You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Мирзиёев, Тоқаев, Бердимуҳамедов... Путинни ҳаммаси табриклашди - Rossiya O‘zbekiston dunyo yangiliklar
Россия президенти кеча, 7 октябрь куни 69 ёшга тўлди. Владимир Путинни туғилган куни билан барча Марказий Осиё давлатлари президентлари бирдек табриклашди. Унга сим қоқишди. Аммо ҳар бир табрикнинг ўзига хос жиҳатлари нимада эди? Мазкур воқеълик маҳаллий кузатувчилар эътиборидан четда қолмади.
Бу ҳақда қутлаган ва қутланган президентларнинг расмий веб саҳифалари ва ижтимоий тармоқлардаги акаунтларида расман хабар берилди.
Президент Гурбунгали Бердимуҳамедов Путинни қандай табриклагани Туркманистон Ташқи ишлар вазирлигининг расмий билдиришномаси тафсилотларидан маълум бўлди.
Путинга барча Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари томонидан бирдек йўлланган табрик ва уларнинг мазмун-моҳияти эса, айрим маҳаллий кузатувчиларнинг эътиборларидан четда қолмаган воқеъликка ҳам айланди.
Бу уларнинг Россияга нисбатан бугунги мавқеълари, юритаётган ва ёки юритишга "мажбур бўлаётган" ташқи сиёсатларининг табиатига далолат қилиши мумкин бўлган омил ўлароқ талқин қилинди.
Табриклар
Ўзбекистон президенти Россия раҳбарини "самимий", Қирғизистон ва Қозоғистон лидерлари эса, "илиқ" табриклашган.
Умумиятла ўзаро алоқаларининг бугунидан ўз мамнуниятларини изҳор этишган.
Барча Марказий Осиё президентлари Путиннинг Россия билан ўзаро стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини мустаҳкамлашга қўшаётган шахсий ҳиссасини алоҳида қайд этишган.
Агар, расмий хабар тафсилотларига таянилса, Шавкат Мирзиёев ўзининг расмий табригида Ўзбекистон ва Россиянинг етакчи корхона ва банклари иштирокида амалга оширилаётган лойиҳаларга хосан тўхталган.
Улар сирасида "Спутник" вакцинасини биргаликда ишлаб чиқариш йўлга қўйилганини тилга олган.
Қайта тикланган Тошкент кинофестивали доирасида ўтган ҳафта Россия киноси кунлари муваффақиятли ўтказилганини ҳам қайд этган.
Бундан ташқари, Путинни яқинда Тошкентда Россияда таълим олишга бағишланган кўргазма ташкил этилганидан ҳам бохабар этган.
Тоқаев ва Путиннинг телефон мулоқоти чоғида эса, президентлар 30 сентябрь куни бўлиб ўтган Қозоғистон ва Россия минтақалараро форуми натижаларини ижобий баҳолашган.
Ва яна...
Тожикистон ва Қирғизистон президентлари Россия раҳбарини туғилган куни баҳона Давлат Думасига сайловларни муваффақиятли ўтказиб олгани билан ҳам қутлашган.
Ўзбекистон ва Тожикистон лидерларининг Путин билан яна Афғонистондаги вазиятнинг ривожланиши нуқтаи назаридан фикр алмашиб олишгани ҳам маълум бўлган.
Ўзбекистон ва Тожикистон эса, Туркманистон билан бирга Марказий Осиёнинг Афғонистонга бевосита чегарадош учта давлати бўлишади.
Қозоғистон президентига кўра, Владимир Путиннинг саъй-ҳаракатлари билан Россия дунёдаги бирор бир халқаро муаммо уларнинг иштирокисиз ўзининг ечимини топмайдиган глобал қудратга айланган.
Расмий хабар тафсилотларидан Ўзбекистон президенти ҳам Владимир Путиннинг замонавий Россияни барпо этишдаги тарихий ролини қайд этгани маълум бўлган.
Деярли барча Марказий Осиё давлатлари президентлари ўз табрикларида бундан буёғига ҳам ўзаро кўп қиррали ҳамкорликларини янада кенгайтириш, ривожлантириш мавқеи, режаси ва истагида эканликларини билдиришган.
Путинга мустаҳкам соғлик, узоқ умр, давлат раҳбари сифатидаги масъулиятли фаолиятида янги ютуқлар тилаб қолишган.
Путин ва туғилган кун
Россия президентининг ўзи эса, туғилган кунининг аҳамиятини бўрттириб кўрсатишни нокамтарлик, деб билиши маълум бўлган.
Унинг сўзларига кўра, қандай лавозимда бўлишидан қатъиназар, одам бу санани дўстлари ва қариндошлари билан ўтказиши керак.
ТАССнинг ёзишича, Владимир Путин бу ҳақда журналист Павел Зарубинга берган интервьюси чоғида тўхталиб ўтган.
Россия-24 телеканали интервьюни кеча, президент Путиннинг туғилган кунида эфирга узатилган.
Владимир Путиннинг айтишича, "бу - унинг туғилган куни, миллий байрам эмас".
Айнан Путин бошқаруви остидаги Россиянинг "империячилик" амбициялари сўнгги йилларда ҳам минтақавий ва ҳам халқаро таҳлилчиларнинг бирдек диққат-эътиборларидаги воқеълик, мавзу ва муаммо бўлади.
АҚШ бошчилигидаги хорижий иттифоқ қўшинларининг 20 йиллик ҳарбий ҳозирликлари ортидан жорий йилда Афғонистонни буткул тарк этишлари Марказий ва Жанубий Осиёда геосиёсий курашни янада кучайтиради, деган жиддий хавотирлар бор.
Ўзбекистон ва Тожикистон Россия Афғонистоннинг қудратга қайтиши фонида хавфсизликлари масаласида ўз ёрдамини расман таклиф қилган ва қилиб бўлган икки Марказий Осиё давлати бўлишади.
Россия барча Марказий Осиё давлатларининг бирдек стратегик ва ҳарбий-техник ҳамкори бўлади. Энг йирик савдо-иқтисодий шерикларидан бири саналади.
Россия президентининг расмий веб саҳифаси хабар беришича, Путинни туғилган куни билан собиқ Шўро давлатлари орасидан яна Беларусь, Озарбайжон ва Арманистон президентлари қутлашган.
Исроил, Япония Бош вазирлари ва Куба президенти эса, Россия раҳбарини шахсан табриклаган уч хорижий давлат раҳбарлари бўлишган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek