Бугун Ўзбекистондан қаерга бемалол бориш мумкин? O‘zbekiston dunyo yangiliklar

Ўзбекистон паспорти

Сурат манбаси, kun.uz

Published

Бугун Ўзбекистондан қаерга бемалол бориш, ҳеч бир визасиз, шундоқ авиачиптани олишу, парвоз қилиш мумкин? Янги маълумотлар эълон қилинди.

Янги халқаро рейтингда Ўзбекистон паспортининг ҳам ҳозирги кучи очиқланди.

Henley Passport Index шу кунларда ўзининг чораклик ҳисоботини эълон қилди.

Ўзбекистон янги рўйхатда ўз мавқеини бир поғона яхшилаб, 199 давлат орасидан 85-ўринни эгаллади.

Маълум бўлишича, ўзбекистонликлар бугун визасиз дунёнинг 57 давлатига бора олишлари мумкин.

Уларнинг аксариятини эса, Африка, Осиё ва МДҲ давлатлари ташкил этган.

Бунга рейтингга илова қилинган маълумотлар далолат қилган.

Агар, қиёс тариқасида олинса, 2018 йил май ойида эълон қилинган рейтингда Ўзбекистон паспорти қудратлилик бобида 76-ўринни эгаллаган, янги рўйхат эса, ўзбек паспортининг орада кечган вақт мобайнида 9 поғонага кучсизланганига ҳам далолат қилган.

Ўшанда ўзбекистонликлар дунёнинг 59 давлатига визасиз, шундоққина бора олишган.

Мирзиёев

Сурат манбаси, President.uz

Янги натижаси эса, Ўзбекистон дунёга очилиш сиёсатини юритаётган, икки йилдирки, мамлакатда чиқиш визаси тартиби амалда бўлган бир манзарада бўй кўрсатган.

Ўзбекистон 2019 йил 1 январидан хорижга чиқиш учун алоҳида биометрик паспортлар жорий этишга қарор қилинган.

Худди шу манзарада янги президенти Шавкат Мирзиёев бошқаруви остида кечган қисқа вақтнинг ичида Ўзбекистоннинг минтақадаги қўшнилари билан ўз чегараларини очгани ҳам бор гап.

Расмий Тошкент, бундан ташқари, Индонезия, Сингапур, Малайзия ва Туркия каби қатор йирик мусулмон давлатлари фуқароларининг ҳам Ўзбекистонга визасиз киришларига рухсат берган.

Фуқаролари бир ойлик муддатга Ўзбекистонга визасиз келишлари мумкин бўлган бу давлатлар сафини янада кенгайтирган.

Дунёнинг ўнлаб давлатлари фуқаролари учун сайёҳлик визалари расмийлаштиришнинг соддалаштирилган тартиби амалга киритилиши маълум қилинган.

Шавкат Мирзиёев

Сурат манбаси, President.uz

Ўзбекистон янги президенти Шавкат Мирзиёев бошқаруви остида мамлакатнинг иқтисодий асосларини турфалаштириш ҳаракатида экандек кўринади.

Сўнгги икки йил ичида туризмни кучайтиришга қаратилган ҳаракатларга зўр берилган, Ўзбекистонга бугун нафақат тарихий ва маданий сайёҳлар, балки диний зиёратчиларни ҳам жалб этиш режа ва истаклари изҳор этилган.

Ўзбекистон тарихида илк бор мамлакат раҳбари миқёсида "туризмнинг пахта етиштиришдан кўра фойдалироқ" экани расман ва ошкора эътироф этилган.

Расмийларга кўра, Ўзбекистонда тарихий, маданий ва диний обидалар сони икки ярим мингдан зиёд. Сайёҳлар потенциали ростдан ҳам улкан.

Аммо, маҳаллий кузатувчиларга кўра, хориждан келаётган сайёҳлар сони ҳамон оз.

Минтақавий экспертларга кўра эса, "хоҳлайсизми-йўқми, туризм сиёсат билан ҳам боғлиқ".

"Туризм - очилиш, авваламбор, ташқи дунёга очилиш, деганидир".

Уларнинг айтишларича, сўз айнан очилиш ҳақида кетганда, "расмий Тошкентда ҳануз бироз чўчиш бор".

Ўзбекистондаги оғир иқтисодий вазият, рисоладагидек иш топиш имкониятларининг ҳаминқадарлиги ва глобализация жараёни сабаб эса, четга кетиш истагида бўлган фуқароларнинг сони ҳали ҳам кам эмаслиги кузатилади.

Ўзбекистондаги "Ижтимоий фикр" тадқиқот марказининг сўнгги сўровларидан бири Америкага кетиш истагида бўлган ўзбекистонликлар сони ортиб бораётганига ҳам далолат қилган.

Бугун хорижда турли иш, юмуш ва таҳсилда банд ўзбекистонликлар сони миллионларга нисбат берилади.

Бу каби ҳолат Марказий Осиёнинг қолган бирор бир давлати мисолида кўрилмайди.

Ўзбекистонликлар

Сурат манбаси, kun.uz

Мамлакатлар рўйхатда фуқаролари визасиз бора олишлари мумкин бўлган давлатлар сонига қараб жойлаштирилган.

Марказий Осиёда паспорти энг кучлиси Қозоғистон бўлиб чиққан.

Қозоғистон янги рўйхатда Ўзбекистондан 16 поғона юқори - 69-ўринда келган.

Қозоғистонликлар бемалол бора оладиган давлатларнинг жами сони 75 тани ташкил этган.

Қирғизистон Қозоғистондан кейин минтақада паспорти энг кучли иккинчи давлат бўлган.

Марказий Осиёда паспорти энг кучсизи Ўзбекистон ва Тожикистондан кейин Туркманистон бўлиб чиққан.

Маълум бўлишича, ҳозир туркманистонликлар дунёнинг 53 давлатига виза ташвишини ўйламай, бемалол бора олишади.

Туркманистон мисолида бу давлатлар аксариятини Африка ва Осиё мамлакатлари ташкил этишини кўриш мумкин бўлган.

Россия паспорти

Сурат манбаси, Getty Images

Паспортининг кучи борасида МДҲ давлатлари орасида энг яхши натижани Россия қайд этган.

Россия паспорти юқори элликталикка кирган, янги рўйхатда 48-ўринда келган.

Россияликларга дунёнинг 118 давлати эшиклари очиқ экани маълум бўлган.

Жорий йил ҳисобидан дунёдаги паспорти энг кучли давлат эса, яна Осиё қитъаси вакили - Япония бўлиб чиққан.

Сингапур, Германия ва Жанубий Корея эса, юқори учликни тўлдиришган.

Японияликлар дунёнинг 193 давлатига виза бошоғриғисиз бора олишса, сингапурликларники бундан бор-йўғи битта, Германия ва Жанубий кореяликларники эса, иккитагагина кам экани маълум бўлган.

Айни ўринда шуни ҳам таъкидлаш керакки, паспортининг кучи борасида бирор бир МДҲ давлати юқори ўнталикка кира олмаган.

Ўзбекистон илова аксарият Марказий Осиё давлатларига бевосита чегарадош Афғонистон эса, дунёдаги паспорти энг кучсиз давлат сифатида тан олинган.

Афғонистонликлар визасиз бора оладиган давлатлар сони бор-йўғи 26 тани ташкил этган.

Уларнинг асосан Африка мамлакатлари эканини кўриш мумкин бўлган.

Афғонистондан кейинги энг ёмон кўрсаткични Сурия ва Ироқ қайд этишган.

Агар, бу хусусда йиллик асосда тадқиқот олиб борувчи турли халқаро тадқиқот марказларининг хулосаларига таянилса, "ҳозирга келиб, дунёнинг деярли барча давлатлари ўз ҳудудларига саёҳат қилиш истагида бўлган ўзга мамлакат фуқароларидан виза талаб қилишга ўтишган".

Улар бунинг сабабини виза чекловлари глобаллашиб бораётган дунёда хорижий фуқароларининг чегараоша ҳаракатланишини назорат этишда муҳим ўрин тутиши билан изоҳлашган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek