You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Сўх-Риштон йўли очилади, Ўзбекистон ва Қирғизистон, O‘zbekiston, Мирзиёев, dunyo, yangiliklar
Сўх-Риштон йўли очилади. Бу ҳақдаги кетма-кет баёнот пойтахт Тошкентдаги музокаралар ортидан янгради. Қирғизистон томонининг расмий баёнотини бу гал Ўзбекистон тарафи ҳам тасдиқлади.
Агар, ҳар икки томоннинг устма-уст қилган чиқишларига таянилса, Сўх-Риштон йўли шу йил 1 апрелдан бошлаб очилади.
24-25 март кунлари Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси бошчилигидаги чегараларни делимитация ва демаркация қилиш бўйича ҳукумат ҳайъати пойтахт Тошкентда бўлиб қайтган.
Қамчибек Ташиев 26 март куни Қирғизистон пойтахти Бишкекда музокаралар натижалари бўйича матбуот анжумани берган.
Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси матбуот анжумани чоғида "чегара масаласи 100 фоиз ҳал қилингани"ни баён қилган.
"Жуда қийин масалаларни кўриб чиққанликлари"ни билдирган.
Қамчибек Ташиев Сўх-Риштон йўли масаласига ҳам худди шу матбуот анжумани чоғида аниқлик киритиб ўтган.
"Сўхда ҳеч қандай йўлак йўқ", - деркан, Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси, "1 апрель куни Сўх анклавидаги Қайтпас, Риштон ва Этикчи чегара постларининг очилиши"ни расман маълум қилган.
Қамчибек Ташиевнинг сўзларидан маълум бўлишича, пост орқали транспорт қатновига рухсат берилади.
Аммо "оғир юк ташувчи машиналарнинг ўтишига йўл қўйилмайди".
Постдан фақат "20 тагача ўринли микроавтобуслар ва енгил машиналар ўта олиши мумкин бўлади".
Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раисининг матбуот анжуманидан икки кун ўтиб, Фарғона вилояти ҳокими ҳам Сўх-Риштон йўли очилишини расман тасдиқлаган.
Ҳоким Хайрулло Бозоров бу ҳақда kun.uz интернет нашрига берган интервьюсида маълум қилган.
Фарғона вилояти ҳокими ҳам одамларнинг қатнаши учун Сўх туманига микроавтобуслар қатнови йўлга қўйилишини айтган.
"Аввал 80 км йўл босиб, бориш керак бўлган ҳудудга янги йўл орқали энди 19 км масофа билан етиб борилиши"ни илова қилган.
Унинг сўзларидан маълум бўлишича, Сўхга олиб борувчи йўлни таъмирлаб беришни ҳам Ўзбекистон томони ўз зиммасига олган.
24-25 март кунлари Тошкентда бўлиб ўтган учрашувлари давомида "бир қатор оғир чегаравий масалалар ўз ечимини топган".
Сўх-Риштон йўли 2013 йилда ёпиб қўйилган, бунга ўзбек-қирғиз чегарасида келиб чиққан навбатдаги можаро сабаб бўлгани айтилган.
Ўзбекистонда президент Шавкат Мирзиёев қудратга келиши ортидан, бу йўл 2019 йилда қайта очилган.
Аммо орадан икки кун ўтгач, йўл яна Қирғизистон томонидан беркитилган.
Қирғизистон томони бунинг сабабини ўзларининг ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқига аъзоликлари билан изоҳлаган.
Бу орада Ўзбекистон Россия шамсияси остидаги бу иттифоққа расман кузатувчи сифатида қабул қилинган.
Устма-уст ташриф
Сўнгги янгилик Қирғизистон янги президенти ва Бош вазирининг Ўзбекистонга устма-уст ташрифи ортидан бўй кўрсатган.
Қирғизистон президенти шу ой бошида икки кунлик амалий ташриф билан пойтахт Тошкентда бўлиб қайтган.
Музокаралар ортидан, томонлар пресс-брифинг беришган.
Шавкат Мирзиёев худди шу брифинг чоғида Садир Жапаров билан "чегара бўйича муносабатлари тарихида биринчи марта жуда қаттиқ ва аниқ келишиб олишгани"ни баён қилган.
Томонларнинг Ўзбекистон ва Қирғизистон чегара масалаларини "уч ой ичида ҳал қилиш" ниятида экани маълум бўлган.
Ўзаро чегарадаги ўтиш пунктларининг тўлақонли ишлашини таъминлаш бўйича ҳам "амалий қадамлар белгиланган"и айтилган.
Икки қўшни давлат президентларининг Тошкентдаги музокаралари чоғида Сўх йўли масаласини кўтаришгани Қирғизистон президенти Садир Жапаровнинг Ўзбекистонга амалий ташрифидан кун ўтиб, расман маълум бўлган.
Қирғизистон президенти сайтида Садир Жапаровнинг Ўзбекистонга қилган расмий иш сафари якуни бўйича чоп қилинган маълумотда, "давлат Сўх анклавига транспорт ва ҳаво йўлларини очишга тайёр"лиги ҳақида хабар берилган.
Аммо, орадан кўп ўтмай, бу маълумот сайтдан ўчирилиб, бошқа хабар жойлаштирилган.
Янги баёнотда, "Қирғизистон Ўзбекистоннинг Сўх анклавига фақат ҳаво қатновини очишга тайёр"лиги ёзилган.
Президент сайтида нега дастлаб бошқача маълумот берилгани сабаби ноёан қолган.
Энг сўнггида вазиятга шахсан ўзи ойдинлик киритгандек кўринган Қирғизистон президенти ҳам Сўхга йўлак эмас, "авиақатновга рухсат берганликлари"ни билдирган.
Қирғизистон томонининг устма-уст баёнотларига расмий Тошкентнинг изоҳи эса, кўрилмаган.
Аммо Садир Жапаров Озодлик радиосининг Қирғиз Хизматига берган эксклюзив суҳбатида томонлар чегара масаласида жиддий келишмовчиликларга эга эмасликлари, 24-25 март кунлари Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раисининг зарур ҳужжатларни имзолаш учун Ўзбекистонга боришини маълум қилган.
Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси ва Бош вазирнинг Тошкентга ташрифи воқеаларнинг худди шу каби ривожи манзарасида амалга ошган.
Айни шу манзарада "Қирғизистон Ўзбекистоннинг Сўх анклавига йўлак бериши"га оид интернетда тарқалган ва қирғиз жамоатчилигининг қизғин баҳсу мунозараларига сабаб бўлгани кўрилган гап-сўзлар эса, "нотўғри"экани айтилиб, президент Садир Жапаровнинг ўзи илова бир қатор қирғизистонлик масъуллар томонидан расман ва устма-уст рад этилган.
Сўх муаммоси
Охирги пайтларда Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги муносабатларнинг нормаллашуви ҳамда чегара музокараларининг фаоллашганига қарамай, Сўх аҳолиси амалда қамалда қолаётир.
Фарғона вилояти таркибидаги алоҳида маъмурий-ҳудудий бирлик бўлган Сўх тумани ҳамма томондан бошқа давлат - Қирғизистон билан ўралган.
70 мингдан ортиқ аҳоли яшайдиган туманнинг ўзи Қирғизистон ҳудуди орқали яна икки қисмга - шимолий ва жанубий Сўхга бўлинган.
Аҳолисининг асосий қисмини этник тожиклар ташкил этадиган сўхликлар чегарадан ўтишдаги тўсиқлар ва иқтисодий қийинчиликлардан шикоят қилиб келишади.
Сўх аҳолиси асосан, деҳқончилик билан тирикчилик қилади ва аҳолининг катта қисми мавсумиий ишлар учун Россияга қатнаши айтилади.
Сўхликлар ўзларининг мол-қўйларини боқиш учун кўпинча Қирғизистон ҳудудидаги яйловларга ўтишади.
Қирғизистонликларнинг вақти-вақти билан бунга тўсқинлик қилиши шундоқ ҳам қийин аҳволдаги сўхликларнинг турмушини янада оғирлаштиради.
Ўзбек-қирғиз чегараси
Қирғизистон ҳудудида Сўх илова Ўзбекистонга тегишли тўртта эксклав жойлашган.
Бугунги кунда Қирғизистон билан Ўзбекистон чегарасининг узунлиги 1 378 километрни ташкил этади. Улардан 1 170 км ёки 85% рўйхатга олинган.
Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасида 9 та мунозарали ҳудуд мавжуд бўлиб, у ерда икки мамлакат фуқаролари ўртасида зиддиятлар тез-тез юз бериб келади.
Давлат Чегара хизмати маълумотларига кўра, Қирғизистоннинг қўшни давлатлар билан чегарасида 2020 йилда 12 та, давлат чегарасининг қирғиз-тожик қисмида 9 та, қирғиз-ўзбек қисмида эса, 3 та кўнгилсиз ҳодиса содир бўлган.
Ўзбекистон ўтган ой маҳаллий аҳоли учун Сўхда аэропорт қуришни бошлаган, маҳаллий кузатувчилар буни Сўх йўли муаммосининг "муқобил ечими" сифатида ҳам кўришган.
Сўхдаги мазкур аэропортдан Фарғона ва Қўқон йўналишларида авиақатновларнинг йўлга қўйилиши айтилган.
Қирғизистон минтақанинг Ўзбекистонга бевосита чегарадош тўртта давлатидан биттаси бўлади.
Олти миллиондан сал ошувчи аҳолисининг бир миллиондан ортиқроғини ўзбеклар ташкил этади.
Қирғизистондаги пандемия билан боғлиқ аҳвол ва сўнгги сиёсий жараёнларга Ўзбекистон ҳукуматининг фаоллик билан муносабатда бўлгани, вазиятни барқарорлаштиришга ёрдам бериш саъй-ҳаракатида экани кўрилган.
10 январь кунги президент сайлови билан бир вақтда бўлиб ўтган референдумда Қирғизистон парламентидан президент бошқарувига қайтиш учун овоз берган.
Унгача Қирғизистон минтақадаги расман парламент бошқаруви амалда бўлган ягона давлат эди.
Шавкат Мирзиёев Садир Жапаров билан пойтахт Тошкентда кечган сўнгги музокаралари фонида "ҳар икки халқ бунинг натижаларини бугунданоқ ҳис этишлари лозим"лигини айтган.
"Халқларимиз биз музокаралардан ишга ўтганимизни ҳис қилишлари керак", дея таъкидлаганди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek