You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Ўзбекистон: Ковид қанча одамни ўлдирган? - O‘zbekiston, Putin, Mirziyoyev, koronavirus, yangiliklar
Ўзбекистон: Ковид қанча одамни ўлдирган? - Ўзбекистондаги ўлим ҳолларига оид янги йиллик статистика худди шу каби саволларни пайдо қилган.
Янги эълон қилинган расмий маълумотларда эса, Ўзбекистонда 2020 йилда бир йил аввалгига қараганда 21 мингта кўпроқ ўлим ҳолати қайд этилгани айтилган.
Бир йил ичида жами 175,6 минг киши вафот этгани маълум бўлган.
Ўзбекистон Давлат статистика қўмитасининг расмий маълумотида қайд этилган ўлим ҳолатларининг 60 фоизига қон айланиш тизими касалликлари сабаб бўлгани айтилган.
Яна 8 фоизига ўсимталар, 7 фоиздан сал ортиқроғига эса, нафас олиш аъзолари касалликлари асосий омил сифатида тилга олинган.
Энг кўп ўлим ҳолатлари пойтахт Тошкент ҳисобига тўғри келган.
Ўзбекистонда ҳам ўтган йил глобал коронавирус пандемияси фонида кечган.
Бошқа кўплаб давлатлар мисолида бўлгани каби, Ўзбекистонда ҳам айнан пойтахт Тошкент коронавирус ўчоғи бўлган.
Ўзбекистон ва коронавирус
Ўзбекистон минтақанинг коронавирус расман қайд этилган тўртта давлатидан биттаси бўлади.
Қозоғистон ва Қирғизистондан кейин минтақанинг коронавирус энг кўп тарқалган учинчи давлати экани кўрилади.
Мамлакатда коронавирус аниқлангани илк бор ўтган йилнинг 15 март куни маълум қилинган.
Ўзбекистон минтақанинг аҳолиси энг катта давлати саналади.
Жорий пайтда мамлакат аҳолисининг сони расман 34500 миллиондан ортади.
Минтақада Ковиддан энг кўп ўлим ҳоллари Қозоғистон ва Қирғизистон ҳисобига тўғри келади.
Дейлик, аҳолиси 6 миллиондан сал ошувчи Қирғизистонда бугун бу кўрсаткичлар қарийб 1400 тани ташкил этади.
Ўзбекистонда эса, Ковиддан ўлганлар сони ҳозирга келиб 600 сал ошгани кўрилади.
Мамлакат Давлат статистика қўмитаси ўтган йил август ойида эълон қилган расмий маълумотлар эса, энг кўп ўлим ҳолларининг июль ойига тўғри келганини кўрсатган.
Айнан июль ойида Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ аҳволнинг жиддий ёмонлашгани кузатилган, худди шу пайтда Ўзбекистон яна кучайтирилган карантин тартибига қайтишга қарор қилганди.
Ўлим ҳоллари
Орада ўзбекистонлик айрим юқори мартабали масъулларнинг ўзлари ҳам мамлакатда коронавирусдан ўлим ҳоллари расман айтилаётганидан кўп бўлиши эҳтимолини назардан соқит этишмагани ҳам бор гап.
Мустақил экспертлар ва оддий ўзбекистонликларнинг ўз кузатувларига асосланган ҳисоб-китоблари ҳам мамлакатда коронавирус ва пневмония билан боғлиқ ҳақиқий рақамларнинг расмийсидан анча кўп экани тасаввурини беради.
Бошқа томондан, шуни ҳам таъкидлаш керакки, Ўзбекистондаги коронавирус кўрсаткичлари ҳали-ҳануз пневмония ҳолларини ўз ичига олмайди.
Орада Ўзбекистонда пневмония ҳолларининг тарқалиш суръати шахсан президент Шавкат Мирзиёевнинг жиддий хавотирларига сабаб воқеъликка айлангани ҳам кўрилган.
Ўтган йил ноябрь ойида мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги жадвалидан ўлим ҳолатлари устунининг олиб ташланиши айрим маҳаллий нашрларнинг эътиборини ўзига тортган мавзуга ҳам айланган.
Жумладан, daryo.uz нашри, "айни вақтда вазирлик ўлим ҳолатлари қайси ҳудудларда юз бераётганини яшираётгани учун ҳудудлардаги ҳақиқий ҳолат ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлиш имконияти йўқ" экани ҳақида ёзганди.
Худди шу нашр ўтган ҳафта яна ўлим статистикаси билан боғлиқ мавзуга қайтган, Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбари ўзларига "Ўзбекистондаги умумий ўлим статистикаси сир эмаслиги, "расмий сўров бўлса"на берилишини маълум қилгани ҳақида хабар берган.
daryo.uz ўшанда Ўзбекистонда 2020 йил августидан бери умумий ўлим ҳолатлари бўйича расмий статистик маълумотлар эълон қилинмаётганига ўз диққатини қаратган.
"Давлат статистика қўмитаси октябрь ойида тўққиз ойлик якунлари бўйича демографик ҳолатга доир ахборотномасида умумий ўлим статистикасини ҳам эълон қилиши лозим эди, бироқ ушбу маълумотлар ҳозирга қадар эълон қилинмаган. 2020 йил учун фақат январь—июль ойларига тааллуқли ўлим статистикаси маълум, холос", деб ёзганди нашр.
Минтақадаги ҳолат
Айнан ўтган йил июль ойида Қирғизистонда ўликхоналарнинг шошиб қолаётганига оид хабарлар олинган.
Ўша пайтда Қирғизистондаги Ковиддан ўлим статистикаси, ҳатто, айрим йирик Ғарб нашрларининг ҳам эътиборига тушган, уларнинг хавотирли мақолалар билан чиқишларига ҳам сабаб бўлган.
Қирғизистон вице-президенти эса, куни-кеча бу рақамлар расмийсидан жиддий фарқ қилиши мумкинлигини айтган.
Эльвира Сурабалдиева "минглаб ўлим ҳоллари ҳисобга олинмаганлиги" эҳтимоли ҳақида сўз юритган.
Бу ҳақдаги хабар 15 январь куни Fergana.news интернет порталиди бўй кўрсатган.
Ўтган ой эса, Россия Бош вазири ўринбосари Татьяна Голикова янги рақамларни эълон қилган.
Улар Россияда Ковидда ўлим ҳолатлари расмийсидан уч баробар, яъни 80 фоиз кўпни ташкил этишига далолат қилган.
Дейлик, ўша пайтда Россияда расман 55827 инсон Covid-19 вирусини юқтиргани оқибатида вафот этгани хабар қилинган, аммо коронавирус билан боғлиқ ўлимлар сони 186000 дан ортиқ бўлиши мумкинлиги айтилган.
Татьяна Голикова ўшанда 2020 йилнинг 11 ойи мобайнидаги ўлимлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 13,8 фоиз кўп бўлганини маълум қилган.
Бош вазир ўринбосари баёнотидан 186057 ўлим бевосита ёки билвосита коронавирусга боғлиқлиги англашилган.
Россия Covid-19га боғлиқ расмий рақамларда фақат ўлим ҳақидаги гувоҳномада коронавирус асосий сабаб қилиб қилиб кўрсатилган ҳолатларни ҳисобга олади.
Бу дегани - инсон Covid-19 хасталиги туфайли ҳаётдан кўз юмган бўлса ва бу ўлимнинг асосий сабаби, деб кўрилмаган бўлса, бу ҳолат расмий статистик маълумотга киритилмайди.
Россиянинг коронавирусдан ўлим кўрсаткичига оид расмий рақамлари бунгача четда жиддий шубҳа билан қарши олингани ҳам бор гап.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ўтган йил август ойида коронавирус билан боғлиқ "ҳақиқий ҳолат бўйича рақамларни яширишга мутлақо йўл қўймаслик" тўғрисида барча раҳбарларни огоҳлантирган.
Бунга уриниш жиноий жавобгарликкача бўлган қатъий чораларга олиб келиши мумкинлиги таъкидланганди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek