Ўзбекистон: Термиздаги Афғонистон талабалари нимадан норози? - Видео, янгиликлар

Published
Ўқилиш вақти: 2 дақ

Сурхондарёнинг Термиз шаҳридаги Афғонистон талабаларини ўқитиш таълим марказига олий таълим олиш учун келган афғонистонлик талабалар бир неча кундан бери дарсларга қатнашмаяпти. Улар Афғонистон томони 1 йилдан бери ваъда қилган стипендияларни бермаётгани ва Тошкентга ўқишга юборилиб Термизда ўқишга мажбур бўлаётганидан норози.

Ўзбекистон томони талабаларни ётоқхона ва озиқ-овқат билан таъминлайди. Аммо бундан ташқари ўқув қуроллари, дарсликлар ва шунга ўхшаш харажатлар учун талабалар умуман пулсиз қолган.

Таълим марказидаги 100 дан ортиқ талаба 16 декабрдан бошлаб дарсларга боришни тўхтатди.

Ўзбекистонга келганидан бошлаб бир йилдан бери стипендияларини ололмаётгани талабалар норозилигининг асосий сабаби бўлган.

"Бир йил олдин 141 талаба - Афғонистон фуқаролари таълим марказига ўқиш учун келганмиз. Сизларни Тошкентга юбориб, у ерда ҳар ой 100 доллардан стипендия билан таъминлаймиз, деб Афғонистон томони бизга ваъда берганди. Ваъдаларини бажаришмаяпти. Ҳар ой 100 доллар юборишмаяпти. Стипендиямизни қўлга олмаганимизга 12 ой бўлади. Шунга 3-4 кундан бери дарсларга бормаяпмиз" дейди талаба Аҳмад Жовид Аниқ.

Би-би-си Ўзбек хизмати Термиздаги талабалар бир йилдан кўпроқ вақт давомида Афғонистондаги турли идораларга қайта-қайта қилган мурожаатлари нима учун жавобсиз қолаётгани ҳақида Афғонистон Олий таълим вазирлиги сўзчисига мурожаат қилди.

"Ўзбекистонда ўқиётган стипендия олишга ҳақли бўлган талабалар рўйхати идора босқичларидан ўтиш учун Молия вазирлигига юборилган. Молия вазирлиги тасдиғидан сўнг Ташқи ишлар вазирлигига жўнатилади. Кейин пул мазкур вазирлик орқали Ўзбекистондаги талабалар ҳисобига ўтказилади. Коронавирус сабаб стипендиялар бироз кечиктирилди. Худо хоҳласа, талабалар келаси ойга қадар ўз пулларини олади, деб умид қиламан", дейди вазирлик сўзчиси Ҳомид Убайдий.

Аммо талабаларнинг айтишича, "келаси ой оласизлар" каби ваъдаларни йил мобайнида жуда кўп эшитишган.

Ўтган ой Афғонистон Олий таълими вазирининг ўринбосари Термизга келган ва шикоятларга қулоқ тутиб, бир ҳафта давомида стипендиялар тўланишини ваъда қилган.

Бироқ ҳозиргача ҳеч нарса ўзгармаган.

Айни вақтда афғонистонлик талабалар юз тутаётган муаммолар фақатгина тўланмаган маошлар эмас.

"Биз аввал Афғонистондаги турли олийгоҳлар, жумладан, Кобул Тиббиёт университетида ўқиётган эдик. Ўтган йили Афғонистон Олий таълим вазирлиги томонидан Ўзбекистон ажратган грант асосида бу ерга акушер-гинекологликка ўқиш учун келгандик. Тошкент тиббиёт академиясида ўқишимиз ҳақида қарор олинганди. Аммо бизни Термизга олиб келишди. Лекин бу ерда доялик бўлими йўқ. Шунингдек, икки мамлакат таълим тизими ҳам бутунлай фарқ қилади. Бу ерда биз акушер-гинеколог бўлишимиз учун тиббиёт йўналиши каби 6 йил ўқишимиз керак. Шундай экан биз Тошкентга бориб Тиббиёт академиясида ўқишни хоҳлаймиз. Бундан ташқари стипендияларимиз берилмаганлиги сабаб ҳаммамиз қийин аҳволдамиз", дейди талаба Лойиқа.

Термиздаги афғон талабалари юз тутаётган муаммолар ҳатто таълим жараёнини мутлақо тўхтатиш қарорига ундаётганини айтади.

Талабалар Афғонистон расмийларининг ваъдалари узоқ вақтдан бери амалий натижа бермаётганлиги сабаб, қаерга бош уришни билмаётганини айтишади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek