You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Қирғизистон: Атамбаев энди озод бўладими – ҳукм бекор қилинди, Qirg’iziston, O’zbekiston, Mirziyoyev, dunyo, yangiliklar
- Author, Шоҳруҳ Соипов
- Role, Мустақил журналист, Қирғизистон
- Published
Қирғизистон: Атамбаев энди озод бўладими - ҳукм бекор қилинди. Мамлакатнинг экс-президенти 11 йилу икки ойлик қамоқ жазосини ўтаётган эди. Энди унинг жиноий иши нима бўлади?
Қирғизистон Олий суди "қонундаги ўғри" мақомига эга, жиноий гуруҳ раҳбари Азиз Батукаевнинг қамоқдан ноқонуний озод этилиши бўйича ҳукмларни бекор қилган. Мазкур иш юзасидан мамлакатнинг экс-президенти Алмазбек Атамбоев 11 йилу икки ойлик қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди.
Собиқ давлат раҳбари Алмазбек Атамбаев адвокати Замир Жоошевнинг маълум қилишича, жиноий иш Биринчи Май туман судида қайта кўриб чиқилади.
"Олий суд ҳайъати Азиз Батукаевни қамоқдан озод этилиши бўйича ишни кўриб чиқди. Суд мажлисида биз, Алмазбек Атамбаевнинг адвокатлари қуйи судларнинг ҳукмларини бекор қилиш ва ишни биринчи инстация судига қайта кўриб чиқиш учун юборишни сўрадик. Илтимосимиз қаноатлантирилди ва энди иш янги таркибда Биринчи Май туман судида кўриб чиқилади", дейди адвокат ўзининг Facebook саҳифасида.
Ушбу маълумотни Олий суд ҳам тасдиқлаган.
Жорий йилнинг июнь ойида Бишкек Биринчи май туман суди Алмазбек Атамбаевни жиноий гуруҳ бошлиғи экани айтиладиган Азиз Батукаевни қамоқдан ноқонуний озод этилиши бўйича порахўрликда айблаб, 11 йилу икки ойлик қамоқ жазосига ҳукм қилган. Шунингдек, унинг мол-мулки мусодара қилиниб, давлат мукофотларидан ҳам маҳрум қилинган.
Август ойида Бишкек шаҳар суди биринчи инстанция ҳукмини ўз кучида қолдирган.
Мазкур жиноий иш бўйича айбланиб, 5 млн. сўм жаримага тортилган собиқ прокурор Индира Жолдубаева, икки йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилган Жазони ижро этиш давлат идораси раҳбари Қалибек Қачқиналиев ва гемотолог шифокор Абдуҳалим Раимжановга нисбатан чиқарилган ҳукмлар ҳам бекор қилинган ва иш қайта кўриб чиқилиш учун қуйи инстанция судига юборилган.
Акс-садолар
Собиқ президент Алмазбек Атамбаев тарафдорлари унга нисбатан чиқарилган Олий суд ҳукмини олқишламоқда.
Атамбаев раҳбарлик қилган "Қирғизистон Социал Демокатлар партияси"нинг матбуот котиби Қундуз Жолдубаева, "Хушхабар! Энди биринчи инстацияда ишнинг адолатли кўриб чиқилишини кутамиз!", дейди.
"Агар Сооронбай Жээнбеков президент бўлганида, бундай бўлмасди. Янги ҳукуматга адолатли ҳукм учун раҳмат", деб ёзган яна бир тарафдори Мақсат Бакиров ўзининг Facebook саҳифасида.
Алмира Қармишева эса, "Адвокатлар, сизларнинг меҳнатингиз билан ҳукм бекор қилиниб, иш қайта кўриб чиқиладиган бўлди. Баракалла! Худодан оқланишини тилаймиз", деган комент қолдирган.
"Қонундаги ўғри" мақомига эга Азиз Батукаевнинг ноқонуний равишда қамоқдан озод этилиши юзасидан жиноий иш ўтган йилнинг баҳорида қайта қўзғалган.
2013 йилнинг апрелида 16 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган Азиз Батукаев оғир лейкоз касаллиги ташхиси асосида Норин вилоятидаги қамоқхонадан озод қилинган ва Чеченистонга даволаниш учун махсус учоқда жўнаб кетган.
Орадан кўп ўтмай, берилган тиббий гувоҳнома сохта эканлиги маълум бўлган ва бу ишга маъсул расмийлар устидан жиноий иш очилган. Бироқ, номаълум сабабларга кўра, жиноий иш тўхтатилган.
"Қўй-Тош" воқеаси
Алмазбек Атамбаев 2019 йилнинг 8 августида Бишкекдан 20 километр узоқликдаги Чуй вилоятининг Қўй-Тош қишлоғидаги қароргоҳида бўлган қуролли тўқнашув ортидан ҳибсга олинган.
Махсус кучларнинг экс-президентни ҳибсга олишга қилган биринчи уриниши муваффақиятсиз якунланган. Собиқ давлат раҳбари тарафдорлари хавфсизлик кучларининг ҳужумини қайтаришга муваффақ бўлишган. Тўқнашув пайтида иккала томондан ҳам ўнлаб одамлар жароҳат олган. Воқеа пайтида Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг "Альфа" махсус кучлари қўмондони ўринбосари ўққа тутилиб, вафот этган.
Эртаси куни хавфсизлик кучлари Алмазбек Атамбаевни яна қўлга олиш амалиётини ўтказган. Унга Ички ишлар вазирлигининг икки мингга яқин ходими, жумладан, СОБР отряди жалб этилган. Амалиёт бошланганидан кўп ўтмай, Атамбаев таслим бўлган. Унинг тан соқчиси ва яна бир нечта сафдошлари ҳам ҳибсга олинган.
Тергов якунида Алмазбек Атамбаевга одамларни гаровга олиш, оммавий тартибсизликларни уюштириш ва қотиллик моддалари билан айблов эълон қилинган.
Ҳибсдаги Атамбаев сафдошлари эса, одамларни гаровга олиш, оммавий тартибсизликларни уюштиришда айбланишган.
Воқеадан ярим йил ўтиб, "Қўй-Тош" иши бўйича суд жараёнлари бошланган. Бироқ, республикада март ойи сўнггида авж олган коронавирус ортидан жорий қилинган карантин сабаб, суд жараёнлари вақтинчалик тўхтатилиб, кейинчалик давом этган ва ҳали-ҳануз якунлангани йўқ.
Қамоқдаги шароит ва очлик
Бугунги кунда экс-президент Алмазбек Атамбаев Бишкекдаги 47-сон aхлоқ тузатиш муассасасида қамоқ жазосини ўтамоқда.
Собиқ давлат раҳбари ўтган йилнинг августида ҳибсга олинганидан бери Миллий Хавфсизлик Давлат Қўмитасининг тергов ҳибсхонасида сақланаётган эди.
У 26 октябрь куни Бишкекдаги 1-сонли тергов изоляторига кўчирилган. Алмазбек Атамбаев изолятордаги ночор шароитларга норозилик сифатида очлик эълон қилган.
Адвокатга кўра, "Атамбаев ўлимга маҳкум этилганлар сақланган ертўла камерасига ташланган".
Унинг айтишича, "Камерада узоқ вақтдан бери ҳеч ким сақланмаган, фақат ўша куни иситиш ёқилган".
"Канализация тизими ишламаяпти, камеранинг эшиклари доимо очиқ. Шу сабабдан Алмазбек Атамбаев норозилик сифатида очлик эълон қилди", деган унинг адвокати Замир Жоошев.
Қирғизистон Жазони ижро этиш хизмати адвокатнинг сўзларини рад этиб, Атамбаев ўтирган камерада барча имкониятлар мавжудлигини таъкидлаган.
Маҳбус тергов ҳибсхонасига келгандан сўнг, профилактик ишлар олиб борилиб, умумий режимдаги камерага жойлаштирилганини айтган.
"Биринчи сон тергов ҳибсхонаси марказлаштирилган иситиш тизимига, канализацияга уланган бўлиб, барча камералар ёпилган ва муассаса ходимлари назоратида. Камералар ўрнатилган видеокамералар ёрдамида марказий идорадан 24 соат давомида онлайн кузатиб турилади", дейилганди идора баёнотида.
Бир неча кунлик очлик амалиёти ортидан, қамоқдаги собиқ президент Алмазбек Атамбаев очлигини тўхтатган ва 28 ноябрда Бишкекдаги 47-сон aхлоқ тузатиш муассасасига ўтказилган.
Унинг адвокати Замир Жоошевнинг маҳаллий матбуотга маълум қилишича, ҳимоясидаги инсон Жазони ижро этиш хизмати раҳбарияти илтимосига биноан очликни тўхтатган.
"Алмазбек Атамбаев даволанишга муҳтож. У ўзини биринчи сон тергов ҳибсхонасидан 47-сон қамоқхонасига ўтказишни талаб қилди", деган адвокат.
Жорий йилнинг 6 октабрга ўтар кечаси Бишкекда юз берган тартибсизликлар пайтида намойишчилар томонидан қамоқдаги қатор сиёсатчилар билан биргаликда собиқ президент Алмазбек Атамбаев ҳам озод қилинган. Бироқ орадан икки кун ўтиб, у Қўй -Тошдаги уйида ҳибсга олинган ва қамоққа қайтарилган.
Олти йиллик бошқарув
Алмазбек Атамбаев 2011 йилнинг декабридан 2017 йилнинг ноябригача Қирғизистонни президент сифатида бошқарган.
У 2005 йил март ойидаги Лола инқилоби иштирокчиларидан бири. Атамбаев аввал вазир, сўнгра ҳукумат раҳбари бўлган.
2010 йилнинг апрелидаги халқ инқилобидан кейин Бош вазир лавозимида ишлаган.
2017 йилги президентлик сайловида Атамбаев яқин сафдоши Сооронбай Жээнбековнинг президентликка номзодини қўллаб-қувватлаган. Ҳатто уни собиқ давлат раҳбарининг ҳомийси деб аташган.
Жээнбеков давлат раҳбари сифатида иш бошлаганидан кўп ўтмай, Атамбаев билан муносабатлари совуқлашган, ўртасида жиддий келишмовчиликлар юзага келган. Бунинг ортидан Атамбаевга қарши бир нечта жиноий ишлар қўзғатилган.
Алмазбек Атамбаев президентлик муддати тугагандан кейин ўз ихтиёри билан лавозимидан кетган Марказий Осиёдаги ягона давлат раҳбари ҳисобланади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek