Ўзбекистон: Соғлиқни сақлаш вазири ўзгарадими, Хитой вакцинаси Ўзбекистонда синалади ва GTL воқеаси бўйича жиноий иш - Мирзиёев, O‘zbekiston, Mirziyoyev, yangiliklar (видео)

Published
Ўқилиш вақти: 3 дақ

Ўзбекистон: Соғлиқни сақлаш вазири ўрнига ким тайинланиши мумкин, Хитой вакцинаси ўзбекистонликларда қандай ва қачон синалади, GTL воқеаси - Ғузордаги ғалаён бўйича қандай жиноий иш очилган - bbcuzbek.com дайжести.

Соғлиқни сақлаш вазири ўзгармоқда

Қонунчилик палатасида Соғлиқни сақлаш вазири лавозимига Абдуҳаким Мўминович Хаджибаев номзоди кўриб чиқилиб, тасдиқланди.

Абдуҳаким Хаджибаев шу кунга қадар Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келган.

Қарор Ўзбекистон Республикаси Президентига юборилди.

Жиноий иш

21 октябрь куни Uzbekistan GTL заводи ошхонасида юз берган ишчилар тартибсизлиги юзасидан жиноий иш очилган.

Бу ҳақида Қашқадарё вилояти ички ишлар бошқармаси маълум қилган.

Хабарда ишчилар «хизмат хоналарига оммавий тартибда, жамиятда ўрнатилган ахлоқ-одоб қоидаларини қасддан менсимасдан, безорилик йўли билан кириб, компания ходимларининг хизмат хоналарига кириш эшиклари ва дераза ромларининг ойналарини қўллардаги тош ва темир жисмлар билан қасддан уриб синдириб, яроқсиз ҳолатга келтирган»и айтилади.

ИИБ келтирилган зарар миқдорининг умумий қиймати 480 миллион сўм эканини қўшимча қилган.

«Корхонанинг видеокузатув камераларидаги видеолар кўздан кечирилиб, ишга алоқадор бўлган ишчилар жиноят иши доирасида гувоҳ тариқасида сўроқ қилинган», дейилади расмий хабарда.

21 октябрь тонгида завод қурилишида ишлаётган ишчилар ошхонага киришда юз берган техник муаммо ортидан норозилик билдирган ва оқибатда, қурилиш ҳудудида тартибсизликлар юз берган эди.

24 октябрь куни воқеа содир бўлган ҳудудда матбуот вакиллари билан суҳбатлашган масъуллар меҳнат шароити билан муаммолар мавжуд бўлганини тан олиб, ишчилар жазога тортилмаслиги, аксинча, уларни қийнаётган муаммолар ҳал этилишини таъкидлаган эди.

Хитой вакцинаси синови

Хитой Фанлар академияси Микробиология институтида яратилган вакцина устида ишлаган бир гуруҳ хитойлик олимлар 6 ноябрь куни Ўзбекистонга келиши ва мамлакат вакцина синовининг учинчи босқичида иштирок этиши кутилмоқда.

Бу ҳақида Инновацион ривожланиш вазирлигининг бўлим бошлиғи Феруза Хўжаева Kun.uz нашрига маълум қилган.

Хўжаеванинг сўзларига кўра, вакцина синовининг учинчи босқичини Ўзбекистонда ўтказиш бўйича келишув имзоланган ва ушбу битимга кўра, Хитой компанияси вакцина клиник синовларининг учинчи босқичини 5,000 нафарга яқин ўзбекистонлик талабгорлар ўртасида ўтказишни ўз зиммасига олган.

МҚКҚ яна эътироз билдирди

Монополияга қарши курашиш қўмитаси чорвачилик фермер хўжаликларидан қўшимча маблағ ундириш жорий этилишига эътироз билдирилган.

Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан тайёрланган янги президент фармони лойиҳасида 2021 йил 1 январдан бошлаб чорвачилик йўналишидаги фермер хўжаликларидан йиллик умумий даромадининг 0,5 фоизи миқдорида йиғим ундирилиши таклиф этилган эди.

Ушбу фармон лойиҳасида ундириладиган йиғимлардан тўлиқ ҳажмдаги тушумлар Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги Ветеринария хизмати ва чорвачиликни ривожлантириш жамғармасига йўналтирилиши кўрсатилган.

МҚКҚ мазкур фармон лойиҳаси юзасидан тегишли тартибда ўз таклиф ва эътирозларини юборганини маълум қилган.

Яна уюшма ташкил этилди

29 октябрь куни Адлия вазирлиги томонидан Ўзбекистон Озиқ-овқат саноати уюшмаси давлат рўйхатидан ўтказилган.

Уюшма ахборот хизматининг маълум қилишича, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда ишлаб чиқарувчиларга кўмаклашиш, истеъмол маҳсулотлари саноати фаолиятига халқаро стандартларни жорий қилишга ёрдам бериш, тадбиркорлар ҳуқуқ ва манфаатларини қонун доирасида ҳимоя қилиш ва халқаро бозорларга чиқишда маҳаллий тадбиркорларга амалий ёрдам кўрсатиш янги ташкилотнинг асосий вазифаси этиб белгиланган.

Олтин қуймалар сотувга чиқарилди

2 ноябрдан Марказий банк ўлчовли олтин қуймаларни тижорат банклари орқали сотувга чиқарган.

Марказий банкнинг маълум қилишича, қуймалар Навоий кон-металлургия комбинати томонидан соф олтиндан тайёрланган ва улар аҳолининг инвестиция ҳамда жамғариш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.

Вазнига қараб олтин қуймаларга қуйидагича нарх белгиланган:

5 грамм - 3,456,000 сўм

10 грамм - 6,661,000 сўм

20 грамм - 13,197,000 сўм

50 грамм - 32,364,000 сўм

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek