You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Қирғизистон, Ўш: Президент Жээнбеков кетиб, тўғри қилдими? – ўшликлар фикрлари, Qirg’iziston, O’zbekiston, Mirziyoyev, dunyo, yangiliklar
- Author, Шоҳруҳ Соипов,
- Role, Мустақил журналист, Қирғизистон
- Published
Қирғизистон, Ўш: Президент Жээнбеков кетиб, тўғри қилдими? - Ўш Қирғизистоннинг эндиликда собиқ президенти Сооронбай Жээнбеков қарийб беш йил губернаторлик қилган вилояти бўлади. 4 октябрь кунги зиддиятли парламент сайлови ортидан, Бишкекда бошланган оммавий норозилик намойишлари Ўшда ҳам акс-садо берган. Мухолифат партияларининг минглаб тарафдорлари кўчаларга чиқишган. Ўшнинг собиқ ҳокими Мелис Мирзақматов ҳам Туркиядан ортга қайтган. Ўш Марказий майдонида йиғилган намойишчилар ҳам ўшанда президент Сооронбай Жээнбеков истеъфосини талаб қилишган. Аҳолиси олти миллиондан сал кўпроқ Қирғизистонда бир миллиондан ортиқ ўзбеклар яшайди. Улар азал-азалдан асосан Қирғизистон жанубида зич яшаб келишган. Шундай экан, ўшликлар амалдаги президентнинг истеъфога оид қарорини қандай қарши олишди? Унинг уч йиллик президентлик фаолиятини қандай баҳолашади?
Сапар Закиров, тадбиркор
"Халқнинг жаҳли чиқаяпти, "президент ҳали ҳам юрибдими", деб. Неча кун митинг қилишаяпти. Шунинг ортидан президент истъефо берди. Халқ уни қудратдан кетишга мажбурлади.
Бироқ президент парламент сайловини ўтказиб, кейин истъефога чиқса яхши бўларди. У халқ тарафма-тараф бўлиб, бир-бири билан уришиб, бўлиниб кетмасин, деб истеъфога чиқди, назаримда.
Менимча, президентга атрофидаги одамлар маълумотларни тўғри етказиб, маслаҳат беришолмади. Ўзи ҳам яхши ишлаб, ижобий, қатъий қарорлар қабул қила олмади. Ундан халқ нафратланиб, сайлов натижалари оқибатида норозиликлар кучайиб кетди. Президент халқ ишончидан чиқди.
Президент ҳозир истъефо бермай, ишлаб турса бўларди. Бироқ уни халқ хоҳламаяпти.
Президентни беш маҳал намоз ўқийдиган, иймонли инсон қатори биламан. У билан учрашиб, мулоқот қилмаганман. Бироқ президентлик вазифасини бажара олмади. Халқ аҳволи ҳақидаги маълумотларни билиб, назоратни ўзи бошқариб туриши керак эди. Маслаҳатчи ва ёрдамчилари орқали турли маълумотларни олиб, охири шу кунга етиб келди, деб ўйлайман.
Ҳозир халқ Бош вазир Садир Жапаровни қўллаб-қувватлаяпти. У бир пайтлар "Қумтор" олтин кони масаласини кўтариб, ўзининг холис ва адолатли фикрини айтган.
Агар бу ҳам "порахўр" бўлса, бошқа депутатлар каби пулни олиб, индамай ўтираверарди. Мен Садир Жапаровни адолатли одам, деб ўйлайман.
Ҳукуматдагилар тартибни назорат қилиш бўйича ишларни кучайтириши керак. Қайта-қайта намойишлар бўлмаслиги керак. Садир Жапаровга ҳукуматни ўтказдими, у тартибни ўрнатиши керак. Халқ унга ишониши лозим. Яна митинглар бўлса, ёмон натижаларга олиб келиши мумкин.
Депутатлар ҳам беш йил давомида ҳеч қандай иш қилишмади. Улар ҳам истеъфо бериб, кетишлари керак.
Алишер Мадраҳимов, мутахассис
Биз Бишкекда бўлаётган воқеаларни кузатиб, тезроқ тинч йўл билан ҳал қилинса, уруш чиқиб кетмаса эди, деб кузатиб турибмиз. Бошқа давлатларда урушлар бўлаётганини кўраяпмиз. Давлат унчалик ривожланмаса ҳам, тинч бўлса экан, деб умид қилиб қоларкансан бундай нотинчлик бўлаверса.
Президент ҳам халқни ўйлаб, уруш бўлиб кетмасин, деб истеъфо берди деб ўйлайман. Бироқ президент яхши ишлай олмади. Ижобий ўзгаришлар бўлмади. Давлатни ривожлантира олмади.
Президентда барча ваколатлар бор эди. Бирон нарса қиламан деса, имкони бўлган. Айбни атрофидагиларга ағдариб қўйиш осон нарса. Одамнинг ўзида қатъийлик бўлиши керак. Давлатни бошқараётган одам атрофдагиларнинг таъсири остида иш қилмаслиги керак. Даври келганда, имкониятдан фойдаланиб, керакли ишларни амалга ошириши лозим. Агар хоҳиши бўлса, пул, одамлари, барча имкониятлари бор эди. Президентлик лавозимига ҳар ким ҳам келавермайди.
Сооронбай Жээнбеков уч йиллик президентлик даврида кўп ишларни амалга ошириши керак эди. Ҳозир истеъфога донолик қилиб, қон тўкиб ёки уруш қилмасдан кетди.
Президент парламент сайловини ўтказгандан кейин истеъфога чиқишни айтаётган эди. Халқ унинг кетишини талаб қилди ва президент лавозимидан кетишга мажбур бўлди.
Аслида Сооронбай Жээнбеков президентликка нолойиқ эди. У Ўш вилояти ҳокими бўлиб турганда ҳам арзигулик иш қилмаган. "Кенсой" шаҳарчасидаги чекларини одамларга (участка) ўзи ажратиб берган. Президент бўлганда шу ерга, сув, электр энергиясини олиб келиб, йўлларини тўғрилатиб, ривожлантирса бўларди. Аммо бу ишларни амалга оширмади. "Бу ерни мен берганман, мен сабабчи бўлганман", дерди. У ерлар одамларга қандай берилган бўлса, ҳозир ҳам шундай турибди. Одамлар уй солиб, ўзлари ёғочлардан электр энергияси учун эплаб устунлар қўйиб, симларини тортиб боришган, баъзилар светсиз яшаяпти.
Ҳозирги Бош вазир ҳақида бирон нарса дейиш қийин. Халқ ундан умид қилаяпти. Вазият яхши тарафга ўзгаради, деб ўйлаяпмиз. Бизда халқ яхши яшайди, бироқ мамалакатимиз ривожланмаса, бошқа давлатларга нисбатан заиф ҳисобланади. Давлатни ривожлантирадиган президент бўлиши керак.
Келажакда депутатларни бир мандатли қилиб, сонини 60тагача озайтириш керак. Республикада 45 туман бор, ҳар биридан биттадан депутат сайланса етади. Майли, яна 15таси қўшимча бўлиб, умумий 60та депутат ишласа бўлади. Уларнинг дастурларидаги ишларни бажарилишига муддат белгилаш керак. Нима нарсаларни қиласан ёки қила олмайсан, деб шарт қўйиш керак. Агар бажаришмаса, лавозимидан четлатиб ёки жарима тўлатиш керак. Сабаби, ҳозир депутатларни йўқотадиган ҳеч нарсаси йўқ. Фақат ўриндиғидан ажрайди, холос. Бошқа жойга бориб ишлайверади.
Инвесторларни давлат ўз ҳимоясига олиб, уларни назорат ҳам қилиб, давлатда завод ва фабрикаларни қуриб, ишлатишга ёрдам бериши керак.
Иззатилло Раҳматуллаев, ҳуқуқ ҳимоячиси
Сооронбай Жээнбеков кейинги парламент сайловини ўтказиб, ҳокимиятни тайинлаб, кейин истеъфо берса яхши бўларди. Унинг лавозимидан кетиши давлатда хаосга олиб келди. Бу сиёсий, регионлардаги кланлар босимининг натижаси.
Жээнбеков Ўшда губернатор бўлиб турганда, иш юзасидан учрашиб, гаплашганман. Инсонийлик сифати жуда ҳам яхши. 2010 йилги миллий низони бартараф этишда ҳам ёрдам берган.
Президентнинг сиёсий хатоси 5 октябрь куни норозилик намойишлари бошланганда, ўзи чиқиб ёки вакили, ҳукумат одамини юбориб, агар Mарказий сайлов комиссияси сайловда қонунбузарликлар бўлди деб ҳисобласа, сайлов натижаларини бекор қиламиз, деганида, балки одамлар умид билан ортга қайтиб кетган бўлишарди. Ундай қилинмагани сабаб, 6 октябрь туни оломон Оқ уйни ишғол қилди.
Парламент сайловини қандай ўтганини ҳамма кўрди. Уни таърифлашга тил ожиз. Бугун халқдаги норозилик фақат сайлов билан боғлиқ эмас. Карантин пайтида ҳукумат ўзининг нотaвонлигини, порахўрлигини кўрсатди. Ўша пайтдаги Бош вазир Абилғазиев аввал пандемияга тайёр эканлигини айтиб, пандемия бошланганидан кейин эса, қочиб кетди. Бу ҳам президентнинг хатоларидан биттаси. Ўз вақтида Бош вазирни назорат қилмаган. Тегишли идораларни пандемияга тайёргарлигини текширмаган. Пандемия пайтидаги порахўрликлар, шифокор ва милицияларга тўланмаган ойликлар каби масалалар тўпланиб, сайлов натижаларидан кейин ёрилиш бўлди.
Ҳозир ҳукуматдаги одамлар, депутатлар миллатлараро низо чиқармасликка ҳаракат қилиши керак. Ижтимоий тармоқларда бу мавзуларда турли хабарлар ёйинланаяпти. Милиция провакацион маълумотларни тарқатаётганларни аниқлаб, чора кўриши, қон тўкилиб, миллатлараро ва регионлараро низо бўлишининг олдини олиши керак.
Ҳозир Қирғизистонда легитим идора парламент ҳисобланади. Қонун бўйича депутатлар сайлов ўтказилиб, янги депутатлар келгандан кейин мандатини топшириши керак. Уларни ҳозир истеъфога чиқиши, давлатда катта хаос, тартибсизликларни олиб келиши мумкин. Шунинг учун ҳозирги парламент ўз ишини давом эттириши керак.
Соҳиба Шокирова, журналист
Президентнинг истеъфога чиқиши шошилинч бўлди, ҳаммани ҳайратда қолдирди. Вазиятнинг яхшиланишини кутиши керак эди.
Сооронбай Жээнбековни иймони кучли, художўй одам қатори ҳурмат қиламан.
Шунча оғир кунлар бўлди, ҳаттоки, жавоб бериши мумкин, ўзини оқлаши керак бўлган, жавоби ҳозир бўлиб, бирон нарсани баҳона қилиб қўйиши мумкин бўлган пайтда ҳам, вазминлик билан ўз ҳурматини сақлаб қолди.
Омма олдига чиқиб, гапириб, турли дебатларда қатнашиб, ўзини оқласа, қилаётган ишларини байроқ каби кўтариб, кўрсатса бўларди, лекин бундай қилмади. Секин-асталик билан ишни давом эттириб кетди. Ваҳоланки, Қирғизистон оғир вазиятида уни бу ҳолатдан чиқара олди.
Карантинга халқ норози бўлгани сабаб, унга тайёр бўлмасдан туриб, карантин эълон қилингани. Бу вазиятни яна ҳам оғирлаштириб қўйди. Шунинг учун биз яқинларимиздан айрилдик. Имконият даражалари тор бўлди. Ҳозирги кунда бу қилинган хатоларни такрорламасдан, етишмовчиликлар бартараф қилиниши шарт.
Президент уч йил давомида ўртамиёна ишлади. Уни ишлашига қўйишмади. Сабаби, у ўз фаолиятини қилинаётган ишни давом эттириш билан кўрсатиши керак эди. Лекин ўртада турли сиёсий вазиятлар у одамни ишлашга имкон бермади. Президент ўзини кўрсата олмади, етиша олмади. У ҳар қадамида ишларининг тўғри эканини, келажакадаги режаларини матбуотда айтиб турди. Лекин бу нарсалар инсонларга етиб бормади ва кўп режалари амалга ошмай қолди.
Ҳозир вазиятни яхшилаш керак. Карантин шартларини қайта кўриб чиқиш керак. Эртага яна биз яқинларимиздан айрилмаслигимиз учун. Президент бошлаб қўйган ишларини давом эттириб, ислоҳотлар амалга ошириши керак эди. Халқ манфаати учун кўпроқ иш қилиниши лозим эди.
Халқ кундан-кунга оғир аҳволга туша бошлади. Шу сабабдан халқ кўтарилди. Келажакда шу хатоларга йўл қўйилмаслик керак.
Бугунги кундаги вазиятга учинчи кучлар ҳам таъсир қилмоқда, деган ўйдаман. Нодавлат ташкилотлар фаолиятини назорат қилиш керак. Ўтган йили Бишкекдаги музейда ўтказилган кўргазмадаги кўнгилсиз манзара халқни безовта қилди. Мен барча нодавлат ташкилотларни чеклаш керак, демайман. ЮНИСEФ каби болаларга кўмак кўрсатувчи ташкилотлар ишласа яхши.
Ҳозирги парламент депутатларини истъефога чиқариш керак. Уларнинг кейинги сайловда қатнашиб, яна депутат бўлишига йўл қўймаслик керак. Булар 30 йилдан бери давлатни бошқараётган, ҳозирги сиёсатни, Конституцияни ёзган депутатлар. Конституциянинг отаси, дейилган Омурбек Текебаев кеча яна мандат олди, депутат бўлди. Энди бу конституцияни яна қайси тарафга ўзгартиришади, нимасидир кам, чала қолиб кетибди, деб баҳона қилиб, ишлашни яхши билишади. Булар халқ манфаатини ўйламасдан, фақат депутатлар манфаатлари учун ёзган қонунлари халқни юзтубанликка олиб келди. Шунинг учун бу депутатлардан воз кечиб, бир мандатли янги депутатларни сайлаш керак.
Би-би-си: Қирғизистондаги сўнгги инқилоб 2010 йил апрелида амалдаги президент Қурманбек Бакиевнинг ағдарилиши билан якун топган.
Шундан саноқли ойлар ўтиб, Қирғизистон жануби қонли этник низоларга саҳна бўлган.
Тўқнашувлар юзлаб одамнинг умрига зомин бўлган, халқаро ҳисоботларда улардан аксариятининг ўзбеклар экани айтилган.
Ўш вилояти Қирғизистоннинг иккинчи йирик ҳудуди саналади.
Расмий маълумотларда аҳолиси сони ярим миллионга яқин экани айтилади.
Аҳолисининг ярмини ўзбеклар ташкил қилади.
Ўш шаҳри иккинчи пойтахт мақомига эга вилоят саналади.
Ўш Қирғизистоннинг Ўзбекистон, Тожикистон ва Хитой билан бевосита чегарадош стратегик аҳамиятга эга жанубий вилояти бўлади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek