Қирғизистондаги воқеалар Ўзбекистонда қандай акс-садо бериши мумкин? - таҳлил, Mirziyoyev, Qirg’iziston, O’zbekiston, dunyo, yangiliklar

Published

Қирғизистондаги воқеалар Ўзбекистонда қандай акс-садо бериши мумкин? Раҳбариятнинг хавотирланишига қанчалик асос бор? - Айрим сиёсий таҳлилчиларга кўра, Ўзбекистонда иккинчи маъмурият ҳокимиятга келгач, ижтимоий тафаккурдаги қўрқув эриб бормоқда. Натижада Ўзбекистонда ҳам муаммолар кўлами ва уларни англаш, муаммолар ечимидан кўра тезроқ ўсмоқда.

Камолиддин Раббимов,

Сиёсий таҳлилчи, Ўзбекистон-Франция

Менимча, Қирғизистондаги воқеалардан Ўзбекистон ҳукумати бир қанча сабабларга кўра жиддий хавотирга тушади. Лекин, айни пайтда, ҳукумат ўз хавотирларини имкон қадар билдирмасликка ҳаракат қилмоқда.

Биринчи хавотир - Қирғизистон воқеалари ўзбекистонликлар томонидан ижтимоий норозиликларни каналлаштириш модели сифатида қабул қилиниши мумкинлиги. Ўзбекистон ўтган чорак аср давомида ижтимоий-сиёсий норозиликлари тўпланиб қолган давлат. Ўзбекистонда катта ижтимоий зўриқишлар потенциали босилиб ётибди. Буни иккинчи маъмурият яхши билади, яхши ҳис қилаяпти ва бу муаммоларни назорат остида имкон қадар ечишга интилмоқда.

Лекин тизимнинг имкониятлари чекланган. Амалдорлар синфининг вазиятни соддалаштириш ва қўполлик орқали ечим излашга мойилликлари ижтимоий муаммолар ечимини секинлаштирмоқда. Айни пайтда, иккинчи маъмурият ҳокимиятга келгач, ижтимоий тафаккурдаги қўрқув эриб бормоқда. Натижада Ўзбекистонда ҳам муаммолар кўлами ва уларни англаш, муаммолар ечимидан кўра тезроқ ўсмоқда.

Бу яқин йиллар ичида олий ҳокимиятни оғир танлов қаршисида қолдиради: ёки олдингидек қаттиқ назорат тизимига қайтиш ёки жиддий сиёсий ислоҳотларга қўл уриш орқали маъмуриятнинг легитимлигини янгилаш, юқорилаш.

Иккинчи хавотир - Қирғизистон ичкарисидаги сиёсий бўҳронларнинг миллатлараро тўқнашувларга олиб келиши, натижада, Ўзбекистон ичкарисида қўшимча ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий зўриқишларга сабабчи бўлиши эҳтимоли. Шу пайтгача қўшни Қирғизистонда икки марта этник тўқнашувлар, аниқроғи, этник камчиликларга бир ёқлама босимлар кузатилди.

Натижада бугун Қирғизистонда этник ўзбеклар ва бошқа озчиликлар тақдирига хавотир билан қараш, нафақат Ўзбекистон ҳукуматида, балки, аввало, Ўзбекистон жамияти - оддий одамлар орасида ҳам шаклланиб улгурди. Бугун қўшни Қирғизистондаги сиёсий бўҳронларга атрофдагиларнинг муносабатини кузатсак, масалан, қўшни Қозоғистон халқи ва Ўзбекистон аҳолисининг муносабатлари жиддий фарқ қилишини кўрамиз. Ўзбекистон ва дунё ўзбекларида Қирғизистондаги ҳар қандай сиёсий бўҳронларга хавотир билан қараш одатий тус олиб бормоқда.

Шу сабаб, Ўзбекистон иккинчи маъмуриятидаги хавотирнинг иккинчи қирраси - бу қўшни давлатда миллатлараро зиддиятлар келиб чиқиши ҳисобланади. Маълумки, Қирғизистондаги энг катта муаммо - бу заиф давлатчилик ҳисобланиб, натижада, миллатчилик анча бош кўтарган ва давлат назоратидан ташқарида эканлиги ҳисобланади. Иккинчи маъмурият яхши англайдики, агар қўшни давлатда этник тўқнашувлар юз берадиган бўлса, бу Ўзбекистоннинг минтақада бошлаган янги интеграцион дипломатиясига, давлатлар ва халқлар ҳамжиҳатлиги сиёсатига, қолаверса, Ўзбекистонни ичидаги сиёсий барқарорликка таъбир қилиб бўлмас даражада ёмон таъсир қилиши мумкин.

Айни пайтда, Ўзбекистон ҳукуматини хавотирини бироз бўлса-да юмшатадиган омил бу - жамиятнинг Қирғизистон воқеаларига муносабати бир томонлама ва фақат ижобий эмаслиги ҳисобланади. Айтганимдек, Ўзбекистон аҳолиси қўшни давлатдаги ҳокимият ағдарилишларига "беқарорлик", "этник тўқнашувларнинг дебочаси", "геосиёсий мустақилликни йўқотувчи омил" сифатида қабул қилишга мойил. Агар Ўзбекистон ҳукумати жамият билан алоқаларни ижобий маромда ушлаб тура олса, жиддий сиёсий ислоҳотлар орқали, ҳукумат легитимлигини парваришлаб борса, жамиятни тўлиқ иккинчи маъмурият атрофида бирлаштириш потенциали юқори.

Дунё давлатлари пандемияни бошидан кечирмоқда. Ўзбекистон ҳукумати ҳам пандемия тугагач, жамият кўз ўнгида ўз легитимлиги ва халқпарварлигини юқорига кўтарувчи жиддий тадбирларга қўл уришга тайёр туриши керак. Акс ҳолда, ижтимоий норозиликларнинг кўлами, иккинчи маъмуриятга нисбатан умуммиллий умид ва ижобий кутишлардан кўра оғир бўлиб кетиши мумкин.

Би-би-си: Шавкат Мирзиёев Қирғизистондаги вазиятга биринчилардан бўлиб эътибор қаратган минтақа давлати президенти бўлган. 4 октябрь кунги зиддиятли парламент сайлови, бунинг ортидан келиб чиққан оммавий намойишлар ва зўравонликлардан қисқа вақт ўтмай, бир куннинг ўзида Россия, Тожикистон ва Қозоғистон президентларига сим қоққан. Mинтақадаги вазиятни муҳокама этиб олган. Фикр алмашган. Суҳбатдошлари билан бирга "Қирғизистондаги вазиятнинг ушбу мамлакат Конституцияси ва миллий қонунчилиги нормаларига мувофиқ тез фурсатда барқарорлашига умид билдириб" қолган. Бунинг ортидан, Қирғизистондаги вазиятга оид қўшма баёнот билан чиққан тўртта Марказий Осиё давлати президентидан биттаси экани ҳам кўрилган. Ўзбекистонга бевосита чегарадош Қирғизистон минтақанинг катта сондаги - расмий рақамларда бир миллиондан ортиқ ўзбек яшаши айтилувчи давлатидан биттаси бўлади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek