Тоғли Қорабоғда танглик, Грознийда отишма, Беларусь ўт очишга изн берди - Tog’li Qorabog’, O’zbekiston, Rossiya, Turkiya, yangiliklar

Гянджа: руины, спасатели и военные.
Сурат тагсўзи, Озарбайжоннинг Ганжасидаги сўнгги ҳужум камида 9 нафар инсоннинг умрига зомин бўлган
Published

Тоғли Қорабоғда танглик, Грознийда отишма, Беларусь ўт очишга изн берди - Озарбайжон ва Арманистон яна бир-бирларини ўққа тутишда айблашмоқда. Грознийда жангарилар ҳужуми. Беларусда энди намойишчилар ўққа тутилиши мумкин.

Россия воситачилигида эришилган муваққат сулҳ битимига қарамай, Тоғли Қорабоғда вазият танглигича қолмоқда.

Озарбайжоннинг бугун, сешанба куни тонгда баён қилишича, Арманистон Қуролли кучлари мавқеъларига ҳужум қилишга уринишган.

Расмий Бокунинг баён қилишича, "Арманистоннинг ҳарбий бўлинмалари қайта уюшиб, кичик гуруҳларга бўлиниб, жанг жабҳасининг бир неча йўналиши бўйича ҳужум қилмоқчи бўлишган. Ўтган тунда Агдер-Агдам, Фузулий-Гадрутда вазият танглигича қолган".

Озарбайжон томонига кўра, бундан аввал уч тумани ҳам рақиб тарафидан ўққа тутилган.

Степанокертда эса, яна Озарбайжон ҳарбийларининг ўзларига қаратилган ҳужумларига оид баёнотлар янграган.

Расман тан олинмаган Тоғли Қорабоғ томонининг бугун, сешанба куни баён қилишича, яна 17 ҳарбийларини бой беришган.

Янги эълон қилинган бу рақамлар билан улар орада берган жаъми ҳарбий талафотлар сони 540 дан ортган.

Озарбайжон эса, уруш тугаши ортидан маълум қилишини айтиб, бунга оид маълумотларни ошкор қилмай келмоқда.

Арманистон Мудофаа вазирлиги расмий Бокунинг янги ҳужумларга оид баёнотини "ёлғон" эканини айтиб, рад этиб чиққан.

Уларга кўра, аксинча, Озарбайжон жанг жабҳасининг барча йўналишларида ҳужумга ўтган.

Тоғли Қорабоғдаги рақиб томонларнинг бир-бирларига қарши бу каби айбловлари аллақачон одатий тус олиб улгурган.

Уларнинг ҳам инсоний ва ҳам ҳарбий талафотларга оид баёнотларини мустақил манбалардан текшириш ҳамда тасдиқлаш ҳали-ҳануз имконсизлигича қолмоқда.

27 сентябрда бошланиб кетган жанглар шу пайтгача юзлаб инсоннинг умрига зомин бўлгани, яна минглабини дарбадар қилгани ишонилади.

Тоғли Қорабоғдаги рақиб томонлар 9 октябрь куни муваққат сулҳга рози бўлишган.

Орадан кун ўтиб, битим кучга кирган, аммо саноқли соатларнинг ўзида томонлар бир-бирларини уни бузишда айблаб чиқишган.

Халқаро ҳамжамиятнинг уларни муросага чақириш уринишлари ҳалича ўзининг самарасини бермаган.

Тоғли Қорабоғ можароси, қарийб ўттиз йилдирки, ўзининг якуний ечимини топмай келади.

Тоғли Қорабоғ

Tog'li Qorabog'

Тоғли Қорабоғ уруши 1988 йили бошланган.

Бироқ бу ҳудудда яшовчи насроний ва мусулмонлар ўртасида ер учун қарама-қаршиликлар 100 йилларга бориб тақалади.

Аҳолисининг аксарини арманлар ташкил қилган Тоғли Қорабоғ Мухтор вилояти СССР замонида Озарбайжон таркибида бўлган.

Арманларнинг Тоғли Қорабоғни Озарбайжон таркибидан олиб чиқиб, Тоғли Қорабоғ республикасини ташкил қилиш ғояси қонли ҳодисаларга сабаб бўлган.

1994 йилгача давом этган уруш оқибатида Озарбайжон Тоғли Қорабоғ билан бирга ўзининг етти тумани устидан назоратни йўқотган.

Тоғли Қорабоғ ўзини республика деб эълон қилган, бироқ бу республика халқаро ҳамжамият томонидан тан олинмаган.

1992 йилдан буён Тоғли Қорабоғ можаросини ҳал этиш мақсадидаги музокаралар давом этмоқда.

Озарбайжон ўзининг ҳудудий яхлитлиги таъминланишини талаб қилади. Арманистон эътироф қилинмаган республика тарафини олиб келади.

Ереван ҳам Тоғли Қорабоғ республикасини алоҳида давлат ёки ўз ҳудуди, деб расман тан олмайди.

Амалда эса, Тоғли Қорабоғ иқтисоди ва армиясининг Арманистонники билан чамбарчас боғлиқ экани кўрилади.

Сўнгги кунларда Тоғли Қорабоғдаги рақиб томонлар бир-бирларининг йирик шаҳарларини ҳужумга тутишга ўтишаркан, можаронинг минтақадан ташқарига ёйилиши, агар, учинчи кучлар аралашадиган бўлса, ҳозирги жангларнинг катта урушга айланишига оид хавотирлар ҳам бўй кўрсатиб бўлган.

Грознийда отишма

Checheniston

Сурат манбаси, TAISIA BORSHIGOVA/TASS

Хабарларга кўра, Чеченистон пойтахтида отишмалар юз берган.

Ўзаро отишма чоғида жангарилар экани айтилаётган тўрт шахс ўлдирилган.

Чечен ҳарбийларидан ҳам икки киши қурбон бўлган.

Чеченистон президентининг айтишича, ўлдирилганлар маҳаллийлар бўлишмаган, четдан келишган.

Отишма Грознийнинг Октябрьск туманида келиб чиққан.

Хабарларга кўра, ҳозир туманда амалиётлар олиб бориш учун аксилтеррор режими жорий этилган.

Чечен томони "ноқонуний қуролли гуруҳ" ҳақида сўз юритаркан, ҳалича унинг номини очиқламаган.

Чеченистон куч тизимларига кўра, жангариларга таслим бўлишни таклиф қилишган, аммо улар бунга "ўт очиш билан жавоб қайтаришган".

Шундан сўнг, уларни бир шахсий уйда қуршаб олишган.

Рамзан Қодировнинг айтишича, тўрттовлон Чеченистонда қатор террорчилик амалиётларини уюштириш режасида бўлишган.

Чеченистон ҳали-ҳануз Россиянинг нисбатан беқарор жанубий республикаларидан бири бўлади.

Грознийда куч тизимларига қарши қаратилган йирик ҳужум сўнгги бор 2018 йилда кузатилган.

Беларусь ўқ очишга изн берди

Belarus

Сурат манбаси, Getty Images

Беларусь ўқ очишга изн берди - бу ҳақда куни-кеча Беларусь Ички ишлар вазири муовини баён қилди.

Геннадий Казакевичга кўра, ҳарбийлар намойишчиларга қарата ўт очишга тайёр.

Унинг айтишича, "мамлакат Ички ишлар вазирлиги ходимлари ва ҳарбийлар ҳеч қаёққа кетишмайди. Лозим бўлган тақдирда, махсус воситалар ва ўточар қуролларини ҳам ишга солишади".

Ички ишлар вазири муовинининг бу баёноти якшанба кунги бир неча минг кишилик йирик норозилик акцияси фонида янграган.

Айниқса, худди шу намойишларнинг куч тизимлари томонидан анчайин шафқатсизлик билан бостирилгани айтилган.

9 август кунги зиддиятли президент сайлови ортидан Беларусь ҳануз оммавий намойишларга саҳна бўлиб келади.

Орада юзлаб намойишчилар ҳибсга олинишган, уларга нисбатан қийноқлар ва бошқа турли номақбул муносабатлар, ойларки, фаолларнинг жиддий хавотирларига сабаб бўлиб келади.

Беларусдаги сўнгги норозилик намойишларининг ҳам шу каби сиёсий маҳбуслар тақдирига қаратилгани кўрилади.

Александр Лукашенко аллақачон олтинчи бор Беларуснинг президенти сифатида қасамёд келтиришга улгурган, аммо инаугурация маросими ими-жимида ўтказилган.

Европа Иттифоқи ва қатор Ғарб давлатлари уни қонуний президент, деб тан олмасликларини айтиб чиқишган.

Иттифоқ Ташқи ишлар вазирлари кеча, сешанба куни Александр Лукашенконинг шахсан ўзига қарши санкциялар киритилиши эҳтимолини назардан соқит этишмаган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek