Бишкек: Нотинчлик Қирғизистонга қанчага тушди, янги Бош вазир “оқланмаган”, Атамбаев тарафдорлари қамалди - Qirg’iziston, O’zbekiston, Mirziyoyev, dunyo, yangiliklar

Сурат манбаси, EPA
- Author, Шоҳруҳ Соипов,
- Role, Мустақил журналист, Қирғизистон
- Published
Бишкек: Нотинчлик Қирғизистонга қанча долларга тушди, янги Бош вазир "оқланмаган" - Оқ уй таъмирланмоқда. Зиён миллиардлаб сўмга етган. Энди ишсизлик, камбағаллик кучайиши мумкин. Олий суд вазиятга ойдинлик киритди. Собиқ президент тарафдорлари қамоққа ташланди.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, Қирғизистондаги сиёсий беқарорлик туфайли етказилган зарар 2020 йилнинг 10 октябрь ҳолатига кўра 8 миллиард сомни ёки бутун мамлакат бўйлаб 104 миллион доллар атрофида йўқолган даромадни ташкил этади. Ушбу маълумотлар Бизнес Ассоциациялар Миллий Альянси томонидан тақдим этилган.
Мутахассисларнинг фикрига кўра, тахминан 210 миллион долларгача бўлган йигирмадан ортиқ шартнома ва бизнес лойиҳалар бекор қилинган.
Сиёсий беқарорлик туфайли миллиардлаб сўмга йўқотилган фойда ишсизликни, солиқ ва тўловлар режаларини кўпайиши ва мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий аҳволини оғирлаштириши мумкин.

Сурат манбаси, Reuters
«Қонуний ва давлат ҳокимиятини аниқлаш ҳамда мамлакат фуқароларининг ҳаёти ва мол-мулки хавфсизлигини таъминлаш учун консолидация жараёнини кечиктириш ҳукумат идоралари, депутатлар, президент ва сиёсий кучлар олдида ҳозирги жараёнда катта масъулият бўлади. Қатъиятсизлик, кутиш ҳолати ва давлат функцияларини билмаслик бугунги кунда бизнесга тўғридан-тўғри зарар келтиради, бизнес эгаларига эса, оилаларини боқадиган фуқароларга кўпроқ зарар келтиради ", дейилади баёнотда.
Бизнес-уюшмалар миллий альянси барча сиёсий кучларни келишувга эришиш ва ҳуқуқий соҳага қайтишни таъминлаш, барча ҳукумат ташкилотларини фавқулодда ҳолат каби чораларни жорий этиш оқибатларини юмшатишга чақиради. Бизнес корхоналар ходимларининг эркин ҳаракатланишини ва юкларни ташишни, барча турдаги корхоналарда, хусусан кончиликда тезкор жавоб гуруҳларини тузиш билан хавфсизлигини таъминлаш чораларини кучайтиришни сўрайди.
"Стабилизация бўйича чора-тадбирларни амалга оширгандан сўнг, ишбилармон доиралар қонунчилик даражасида эгаллаб олиш ва мол-мулкни қайта тақсимлаш билан боғлиқ вазиятларнинг олдини олиш ва уларга қарши чоралар ишлаб чиқишни ҳозирги ҳолатга ўхшаш вазиятлар бўйича тезкор равишда амалга оширилаётган инқирозга қарши режалар алгоритмларини ишлаб чиқиш билан талаб қилмоқда", дейилади мурожаатда.
"Бош вазир" илк ҳукумат йиғинини ўтказди

Сурат манбаси, EPA
Парламентнинг айрим депутатлари тарафидан Бош вазир этиб сайланган Садир Жапаров кеча, 12 октябрь куни ҳукуматда мажлис ўтказган.
Ҳукумат матубот хизматининг хабарига кўра, Садир Жапаров мамлакатни катта сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар кутаётганини урғулаган.
У мамлакатни янада ривожлантириш учун барқарорликни сақлаш муҳимлиги ва барча давлат идоралари нормал ишлаши зарурлигини таъкидлаган.
«Бизнинг олдимизда давлат бошқаруви тизимини оптималлаштириш ва бюрократик тўсиқларни камайтириш, иқтисодий фаолиятни тиклаш ва бизнесни қўллаб-қувватлаш вазифаси турибди. Ушбу йўналишдаги ишлар имкон қадар тезроқ амалга оширилиши керак", деган Садир Жапаров.
Йиғинда раҳбарларга куз-қиш даврига тайёргарлик, коронавирус тарқалишига қарши чоралар, бизнес вакиллари, донорлар билан учрашувлар, ижтимоий нафақаларнинг ўз вақтида тўланишини таъминлаш, солиқ ва божхона процедураларини фискализация қилиш бўйича дастурларни амалга ошириш, жамоат ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича вазифалар берилган.

Сурат манбаси, EPA
Садир Жапаров оқланмаган
Қирғизистон Олий суди Садир Жапаровга нисбатан оқлов ҳукмини чиқармаган.
Аввалроқ, Олий суд Садир Жапаровни оқлагани, у шу асосда Бош вазир лавозимига сайланиш ҳуқуқига эга эканлиги ҳақида хабарлар тарқалган эди.
Суд матбуот хизмати маълумотига кўра, Олий суд Садир Жапаров ва адвокатининг аввалги айблов хулосаларини бекор қилиш ва янги холатлар аниқлангани сабаб, ишни қайта кўриб чиқиш тўғрисидаги аризасини кўриб чиққан.
Бош прокуратуранинг суд мажлисидаги вакили ҳам Садир Жапаровнинг адвокати илтимосномасини қаноатлантиришни сўраган.
Шундан сўнг, суд ҳайъати Садир Жапаровга нисбатан илгари чиқарилган суд қарор, ҳужжатларини бекор қилиш тўғрисидаги аризани қонаотлантирган ва жиноий ишни Бош прокуратурага судгача бўлган ишларни олиб бориш учун юборган.
Атамбаев тарафдолари 2 ойга қамалди

Сурат манбаси, SOCHI. MIKHAIL METZEL/TASS
Собиқ президент Алмазбек Атамбаев тарафдорлари, "Социал-демократлар партияси" аъзоси Темирлан Султанбеков, президент маъмуриятининг собиқ раҳбари Фарид Ниёзов ва Ички ишлар вазирининг собиқ муовини Курсан Асановлар 2 ойга қамоққа олинди.
Бишкек шаҳрининг Первомайский тумани судининг 12 октябрдаги қарорига кўра, Курсан Асанов Миллий Хавфсизлик Давлат Қўмитасининг ҳибсхонасида, Темирлан Султанбеков ва Фарид Ниёзов эса 1-сонли тергов изоляторида сақланади.
Улар 5-9 октябрь кунлари Бишкекда бўлиб ўтган тартибсизликларга алоқадорликда айбланиб ҳибсга олинган.
Жорий пайтда Қирғизистон пойтахти Бишкекда узайтирилган фавқулодда ҳолат режими амалда.
Бутун Қирғизистон бўйлаб вазиятнинг анчайин тинчигани айтилади.
Қирғизистон биргина расмий ҳисоб-китобларда Марказий Осиёнинг бир миллиондан ортиқ ўзбек яшовчи давлатларидан бири бўлади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
































