Коронавирус: Ёш Покистон пандемия зарбасига чап бердими? - O'zbekiston, koronavirus, dunyo, yangiliklar

People wearing face masks watch a movie in the cinema after the government lifted most of the country's remaining coronavirus restrictions, in Peshawar, Pakistan, 10 August 2020.

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Покистонда кинотеатрлар ҳам аллақачон очилган
    • Author, Искандар Кермоний
    • Role, BBC News
  • Published

Коронавирус: Ёш Покистон пандемия зарбасига чап бердими? - Хабарларга кўра, 230 миллион аҳолиси бўлган Покистонда ҳаёт деярли одатий изига тушган. Касалхонага келаётганлар сони барқарор камаймоқда. Бу хабарларга ишонса бўладими?

Заиф Соғлиқни сақлаш тизими, катта аҳоли сони ва зич яшайдиган қашшоқ оилалар бўлган Покистонда коронавирус инқирозининг илк палласида жиддий фожеа бошланадигандек туюлган эди.

Шифокорлар касалхоналар беморлар билан тўлиб кетаётганини хабар қила бошлаган июнь ойида хавф ортаётгандек эди.

Катта касалхоналарда интенсив терапия бўлимлари тўлиб қолди, оилалар яқинлари учун койка қидириб юришга мажбур бўлишди.

Бироқ бир неча ҳафта ўтиб, касалхонага келтирилувчилар сони кескин камайди.

Аксар докторлар аввалига уйида "ўз ўзини"даволаётган беморлар сони ортгани учун шундай бўляптимикан, деб ҳам гумон қилишди. Аммо касалхонага келадиганлар сони барқарор камаярди.

Ҳозир Покистонда ҳаёт деярли одатий изига тушган, карантининг охирги чекловлари ҳам аста- секин бекор қилиняпти.

Ресторанлар қайта очилди. Фақат мактаблар ва университетлар, никоҳ уйлари сентябрь ойигача ёпиқ қолди.

230 миллион аҳолиси бўлган Покистон вафот этганлар сони 6000 нафар бўлгани билан аксар Ғарб давлатларидан яхшироқ натижа кўрсатди.

Масалан, 67 миллион аҳолиси бўлган Британияда 41000 одам ўлган.

Қўшни Ҳиндистондаги Деҳли ва Мумбай каби шаҳарларга касаллик жиддий таъсир қилди.

Бош вазир Имрон Хоннинг карантин очликка сабаб бўлади, деб қаршилик қилганига қарамай, Покистон бу борада муваффақият қозонган кўринади.

Аммо савол туғилади: бу рақамларга ишонса бўладими?

Аҳолини касалликка тест қилиш жуда оз ва бу камайиб боряпти. Расмий айтилган 290 000 дан анча кўпроқ одам касалликка чалинган, касалланиш сони камайганини тестларда мусбат чиқаётганлар, демакки, касалхонага ётқизилаётганлар сони камайганида ҳам кўриш мумкин.

Икки катта шаҳар - Карачи ва Лаҳордан Би-би-си қўлга киритган маълумотга кўра, июнь ойида қабристонларга келтирилган жасадлар сони сезиларли ортган ва бу ҳолатни коронавируснинг ўзи билангина изоҳлаб бўлмайди.

Масалан, Лаҳордаги энг катта Мияни Соҳиб қабристонида 2020 йил июнида 1176 одам дафн қилинган, ўтган йили шу вақтда 696 одам тупроққа қўйилган эди.

Уларнинг фақат 48 нафаригина расман коронавирусдан вафот этган, деб ҳисобланади. Бу кўтарилиш аниқланмаган коронавирус ва, шунингдек, касалхоналар тўлиб қолиши оқибатида қаровсиз қолган бошқа касали бор беморлар вафоти сабабли бўлиши эҳтимоли бор.

Худди шу каби 2020 йил июнида Карачида ҳам ўтган йиллардагига нисбатан дафн этишлар сони яққол ортган.

Шундай бўлса ҳам, ҳар икки шаҳарда дафн этишлар сони меъёрига келмоқда. Ҳатто "ортиқча ўлим ҳолатлари"ни коронавирус сабабли, деб ҳисоблаганимизда ҳам, расмий рақамлардан бу кўпроқ бўлса ҳам, халқаро стандартларга кўра, Покистон бу борада нисбатан яхши аҳволда.

Покистоннинг етакчи эпидемиологларидан доктор Рана Жавад Асғарга кўра, бунинг асосий сабаби Покистон аҳолисининг нисбатан ёшлигидир. Покистонда ўртача ёш 22, Британияда эса бу 41. Глобал миқёсда вафот этаётганларнинг мутлақ кўпчилиги кекса беморлар ҳиссасига тўғри келади.

Доктор Асғарнинг Би-би-сига айтишича, Покистон аҳолисининг 4 фоизи 65 ва ундан баланд ёшда. Аксар ривожланган давлатларда бу кўрсаткич 20 25 фоизга тўғри келади. "Мана нима учун Покистонда ўлимлар сони камлигини кузатяпмиз," дейди у.

A man wears a protective mask as he has a haircut at a barbershop, after Pakistan lifted lockdown restrictions, as the coronavirus disease (Covid-19) outbreak continues, in Karachi, Pakistan August 10, 2020.

Сурат манбаси, Reuters

Доктор Асғарга кўра, яна бир омил ривожланаётган давлатларда ижтимоий доиралар Ғарбдагига нисбатан кичикроқлигидир.

"Вирус ўзаро аралашиб кетган ижтимоий доиралардан чиқиши билан асосан ўлади," дейди у.

Иқлимнинг иссиқлиги ёки аввал бошқа касалликларга чалинганлик коронавируснинг салбий оқибатларини камайтириши ҳақидаги назариялар тасдиқланмай қоляпти.

Покистонда коронавирусга чалиниш ҳолатлари камайиши ҳукумат касаллик чиққан ҳудудларда локаллашган, аниқ мўлжалли карантин ёки "смарт" карантинни жорий қилиши билан бир вақтга тўғри келмоқда.

Лондондаги Гигиена ва тропик касалликлар мактабидан ижтимоий эпидемиолог доктор Мишал Хоннинг Би би сига айтишича, Покистон жамиятида касалликдан "хабардорлик" даражаси ортган, аммо бу "тўлиқ манзара бўлмаслиги мумкин".

Покистоннинг Ғарбга нисбатан яхшироқ натижа кўрсатганини ижтимоий хулқ-атвор ва демографик ҳолатдаги фарқлар билан тушунтириш мумкин. Аммо нима учун аҳвол чегара ортидаги Ҳиндистонда бошқача экани тушунарсизлигича қолади. Гарчи ҳар миллион кишига тўғри келадиган ўлимлар сони Покистондагига ўхшаш бўлса ҳам, Ҳиндистонда касалхоналар оғир босим остида қолмоқда, касалланиш эса ортиб боряпти.

A man and woman wear protective masks while walking along a street after Pakistan lifted lockdown restrictions, as the coronavirus disease (COVID-19) outbreak continues, in Karachi, Pakistan August 18, 2020.

Сурат манбаси, Reuters

Яна бир тахминга кўра, Ҳиндистонда аҳолиси жуда зич, катта шаҳарлар кўп. Ҳиндистон Жамоат соғлиғи жамғармасидан профессор К. Сринат Реддининг таъкидлашича, Деҳли ва Мумбайда касалланиш суръати барқарорлашган, аммо мамлакатнинг бошқа ҳудудларида ортган. Доктор Асғар ўлим даражасини ҳисобга олсак, бу икки мамлакатни солиштиришга ҳали барвақт эканини айтмоқда.

Покистонда касалланиш сони ортиши хавфи ҳамон бор. Мамлакатдаги жиддий зарар кўрган шаҳарлардан бири Карачида, "Getz Pharma" фармацевтика компанияси томонидан ўрганилганда, 17.5 фоиз аҳоли коронавирусга чалингани аниқланган. Демак, ҳали яна катта қисми касалликни юқтириши мумкин.

Карантин чекловлари юмшатилиши билан Покистоннинг катта шаҳарларидан қишлоқ ҳудудларга одамларнинг сайрга бориши оқибатида яхши ривожланмаган, соғлиқни сақлаш ва кузатув тизими қолоқ ҳудудларда ҳам вирус тарқалиши мумкинлигидан ҳавотирлар пайдо бўлмоқда.

Доктор Асғарнинг айтишича, янги касалланиш ҳолатларини аниқлаш учун кузатув тартибини яхшилаш керак.

Факт шуки, Покистонниннг ҳозиргача кутилганидан яхшироқ натижа кўрсатгани "хавф ариганини билдирмайди", дейди у.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek