Ўзбекистон совуқ тушиб, коронавирус кучайиши эҳтимолига тайёрми?

Мирзиёев ва Шодмонов

Сурат манбаси, Official

Сурат тагсўзи, Президент Мирзиёев тиббиёт тизими аҳволидан кўнгли тўлмаслиги айтган.
Published
Ўқилиш вақти: 3 дақ

Келаётган куз ва қиш мавсумида коронавирус қайта бош кўтариши мумкин.

Бу - бутун дунё олимлари ва мамлакатлари билдираётган хавотир.

Мавсумий грипп ва зотилжам ҳам қўшилса ёки коронавирус хавфлироқ мутацияга учраса, вазият янада оғирлашади, деган ҳадиклар айтилмоқда.

ЖССТ ва олимлар аллақачон ҳукуматларни куз ва қиш учун ҳозир, ёзда тайёргарлик кўришга чақирмоқда.

Ўзбекистон совуқда вирус тарқалиши эҳтимолига қандай ҳозирлик кўрмоқда? Видео:

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Ўзбекистон бир тарафдан вирусни жиловлаш, иккинчи томондан иқтисодни юргизиш учун ҳам карантинни юмшатиш зарурати остида қолди.

Мамлакатда камбағаллар расман 4-5 миллионлиги айтилади.

Четдаги минглаб мигрантлар ҳам қайтиб келишмоқда.

Ичкарида кўпчилик кунбай ишлаб, пул топиб оила боқиб келган.

Шундай шароитда аҳолини қатъий карантинда ушлаб туриш осон эмас.

Айни дамда, кузда пахта мавсуми ҳам бошланади.

Нима қилинмоқда?

Шавкат Мирзиёев ўз сўнгги нутқларида чет эллардан, хусусан, Хитой, Россия ва Ғарб давлатларидан тажрибали мутахассислар олиб келинаётганини айтмоқда.

Давлат раҳбари, керакли тиббий анжомлар ва асбоб-ускуналар келтирилаётгани ҳақида ҳам таъкидлаган.

Тез тиббий ёрдам кўрсатиш яхшилангани ҳам урғуланди.

Айни пайтда, мамлакат кўп миллионли ёрдамлар ҳам олаяпти.

Расмийлар расман тузалаётганлар сони ошаётганини айтишади.

Бироқ аҳоли вакиллари ўтган бир неча ҳафта давомида ҳатто тест топшириш қийинлашгани ва касалхонага боришолмагани хусусида ҳам ёзишди.

Гувоҳларга кўра. бу борада аҳвол ҳозир бирмунча яхши.

Шу қаторда, кўпчилик нафақат коронавирус, балки пневмония ёки зотилжамга учрамоқда.

Аксар давлатлар пневмонияни ҳозир коронавирус оқибати деб таснифлашмоқда ва бунинг оқибатида уларда Ковид-19 касалидан ўлиш ҳоллари расман кўпайди.

Абгор тиббиёт тизими

Ўзбекистонда

Сурат манбаси, official

Айни пайтда, Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон соғликни сақлаш тизими абгор ҳолатда эканини ва узоқ йиллар ислоҳ этилмаганини ҳам айтган.

Бир неча ҳафта олдинги нутқларидан бирида Ўзбекистон тиббиёт тизими узоқ йиллар ислоҳ этилмаганини тан олиб, бу (коронавирус) яхшиям 2016 йил келмагани ва сўнгги уч йилдаги ислоҳотлар туфайли, амаллаб ушлаб турилгани ҳақида айтди.

Давлат раҳбари соғлиқни сақлаш тизимидаги коррупцияни ҳар доим танқид қилиб келган.

Охирги бир нечта ҳафта давомида Ўзбекистонда коронавирус ва пневмония ҳоллари кўпаяркан, тиббиётдаги ҳақиқий аҳвол кўринди:

Кўплаб одамлар шифокор излаб тополмаган, тест топширолмаган, касалхонадан жой тополмагани ҳақида ёзишди.

Ўзбекистон қишга тайёрми?

Шундай шароитда энди совуқ тушиб, грипп мавсуми бошлангандан кейин Ўзбекистонда аҳвол нима бўлади?

Мамлакат совуқ кунларга тайёрми?

Бу саволлар кўпчиликни ўйлантириши мумкин.

Мамлакатда аҳоли вакиллари мавсумий грипп ва пневмонияга қарши эмланиши айтилди.

Лекин бу вакциналар коронавирусдан бевосита ҳимоя қилмайди.

Балки тумов мавсумида аҳволни бир қадар яхши ушлаб туришга кўмаклашади ҳамда хавф остидаги гуруҳда бўлган одамлар ҳаётини асраш учун муҳим.

Лекин одамлар ёздаги тажрибага таяниб, мавжуд тиббиёт тизими шу ҳолида уларни буткул ҳимоя қила олишига ишонмасликлари ҳақида ижтимоий тармоқларда ёзишмоқда.

Аҳвол ёмонлашса, чекловлар қайта киритилиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас.

Ўзбекистонда

Сурат манбаси, Facebook/Dima Kayum

Сурат тагсўзи, Ўзбекистонда кўпчилик карантинда моддий жиҳатдан қийналиб қолди.

Шундоқ ҳам баҳор ва ёздаги карантин чекловлари аҳолини моддий жиҳатдан анча қийин аҳволга солган.

Одатда, карантин даврида ҳукуматлар касаллик кўпайишига қарши чораларни кўришади.

Ўзбекистон тиббиёт мулозимлари эса одамларни ўйлантираётган кўплаб саволларга ҳали аниқ жавоб беришганича йўқ.

Хусусан, куз ва қишда вирус қайта бош кўтарса, тиббиёт тизими унга қарши кураша оладими?

Совуқ кунлардаги грипп мавсумида нечта қўшимча беморни даволаш имконияти яратилди?

Тест топшириш ва даволаниш чоралари бутун мамлакат, бўйлаб, хусусан қишлоқларда ҳам, барча учун имконли бўладими?

Ҳукумат бу йил қиш бўйи коронавирус инқирози кучаймаслиги учун мамлакат қишлоқ аҳолисини ҳам узлуксиз газ ёки ток билан таъминлайдими?

Зотан, четга сотиладиган газ ҳажми камайиши ортидан айрим одамлар бу йил балки Ўзбекистон аҳолисига кўпроқ газ берилар, деган умидда.

Асосийси, Ўзбекистон аҳолиси куз ва қишнинг совуқ кунларида коронавирусдан етарлича ҳимояланган бўладими?

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek