You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Ўзбекистон ва коронавирус: Больницаларда жой йўқ-ку, касал қаерга борсин... - O'zbekiston, koronavirus
Ўзбекистон ва коронавирус: Больницаларда жой йўқ-ку, касал қаерга борсин... - Соғлиқни сақлаш вазирининг янги тақиғи аксарият ўзбекистонликлар томонидан худди шу каби таажжуб ва тушунмовчилик билан қарши олинди. "...ўлиб кетаверар экан-да, одамлар" қабилидаги муносабатларгача сабаб бўлди.
Ўтган бир кеча-кундузда кибер фазода Ўзбекистон билан боғлиқ энг кўп муҳокама этилган мавзулардан бирига айланди.
Соғлиқни сақлаш вазири эса, мамлакат шифокорларига Covid - 19 ни шифохонадан ташқарида даволашни расман тақиқлади.
Вазирликнинг тиббий хизматлар сифатини назорат қилиш бошқармаси мазкур тартибга амал қилинишини назоратга олиши айтилди.
Маълум бўлишича, янги тартиб-қоидалар нодавлат тиббиёт ташкилотлари учун ҳам тегишли бўлади.
Акс ҳолда бундай тиббиёт ходимларининг жавобгарликка тортилиши айтилди.
Вазирнинг қарори Ўзбекистонда коронавирус баробарида асоратлари ундан-да оғир бўлган пневмония хасталиги ҳам кенг тарқалиб бораётган бир пайтга тўғри келган.
Расмий рақамларда Ўзбекистонда жами коронавирусга чалинганлар сони ҳозирга келиб 29 мингдан ортган.
Оддий ўзбекистонликларнинг биргина кибер фазодаги, таъбир жоиз, шахсий гувоҳликларининг ўзи эса, асл рақамларнинг расман айтилаётганидан бир неча бор кўп экани тасаввурини уйғотади.
Уларнинг Соғлиқни сақлаш тизимининг бугунги аҳволи билан боғлиқ шикоятлари эса, кибер фазода сўнгги ҳафталарда энг кўп кўзга ташланаётган постлардан бири бўлади.
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирининг янги қарорига оид хабар маҳаллий вақт билан кечки соатларда бўй кўрсатган.
Аммо кибер фазода шу пайтга қадар айни мавзудаги биттагина постнинг ўзи икки юзга яқин коментларга сабаб бўлгани кўрилган.
Коронавирус: Шавкат Мирзиёев огоҳлантирди, аммо яхши хабар бор - Ўзбекистон, дунё - видео
Кибер фазодаги акс-садолар
Уларнинг бирида, "...шифохонага борасиз, жой йўқ. Уйда даволашга рухсат йўқ...ўлиб кетавераркан-да одамлар...", деб ёзилган.
Бошқасида эса, "Кулишингни ҳам, йиғлашингни ҳам билмайсан", дейилган.
Яна бир коментда эса, "Икки ўртада халқ сарсон, бечора халқ", деган фикр қолдирилган.
Айрим ўзбекистонликлар эса, "Яқинда уйда даволанишга рухсат берган эди. Энди эса, тескариси, тушуниб бўлмай қолди, қойил", - дея янги қарордан ўз таажжуб ва тушунмовчиликларини изҳор этишган.
"Жудаям тўғри қарор бўлибди", қабилидаги айрим фикрлар манзарасида, "Олдин етарлича жой ва бинолар, касалхона, дори-дармон, доктор, ҳамшира, "Тез ёрдам" машиналари ва "Call" операторларини тайёрлаб қўйиб, кейин чиқариш керак бу қарорларни. Ўша касалхоналарга етиб бора олмагани учун қанча одам уйда даволанишга мажбур бўлаяпти" мазмунидагилари катта кўпчиликни ташкил этган.
Бунинг ортидан қолдирилган бошқа бир коментда эса, "Карантин ёки жой йўқ, деб давлат касалхоналарига олишмаса, хусусийда кунига уч миллион сўрашса, оддий халқ нима қилсин, уйда даволанади-да", дейилган.
Учта қаҳ-қаҳ уриб турган қиёфадаги эможи билан бошланган яна бирида эса, "Энди секин табибларга бораверасизлар", - дея киноя қилинган.
Худди шу манзарада, "Очиғи, касал бўлсанг, додингни Худога айтасан", дейилганлари ҳам кўзга ташланган.
Яна бир коментда эса, "Шоу давом этмоқда...мантиқ қани??? Йилнинг энг аҳмоқона қарори назаримда...", дейилган.
Янги қарор
Соғлиқни сақлаш вазирининг янги қарори, бошқа томондан, сўнгги кунларда соҳа мутахассисларининг кучайиб бораётган огоҳликлари манзарасида кузатилган.
Улар уй шароитида ўз ҳолларича даволаниш воқеъликлари якунида ўзларини чорасиз вазиятда қолдираётганидан шикоят қилишган.
Аҳолини бу каби ҳолатлар касалликнинг ўлим билан якунланиш эҳтимолини кучайтириши билан қайта-қайта огоҳлантиришга ўтишган.
Карантин чораларининг босқичма-босқич юмшатилиши сўнгги ҳафталарда коронавирус ва пневмониянинг аҳоли орасида янада кенг тарқалишига сабаб бўлган.
Соғлиқни сақлаш тизими жиддий босим остида қоларкан, кибер фазода уйда қандай даволаниш борасида масъуллардан йўриқнома сўраб қолдирилган постларнинг сони кескин ортгани кузатилган.
Бунинг ортидан, соҳа масъулларининг ҳам бу каби даъватларни беэътибор қолдиришмагани, турли кўринишдаги тавсия ва маслаҳатлар билан чиқишаётгани кўрилганди.
Ҳар икки хасталик билан боғлиқ аҳволнинг кескин ёмонлашиши Ўзбекистонда шу ойнинг ўзида кучайтирилган карантин тартибини қайта жорий этиш ва узайтиришга сабаб бўлган.
Ўзбекистон кўргазма заллари, спорт мажмуаларини қайта тақсимлаш марказлари ва касалхоналарга айлантираётгани, коронавирус беморларини даволаш учун ҳатто ҳарбийларни жалб этишга қарор қилганига оид хабарлар ҳам олинган.
Худди шу вазият манзарасида мамлакатда 5 июлдан бошлаб, коронавирусга чалинган айрим тоифа беморларнинг ўз уйларида даволанишларига рухсат берилган.
Коронавирус беморларини даволаш бўйича янги тартиб амалда бўлиши айтилган.
Республика махсус комиссиясининг 30 июндаги қарорига кўра, Ўзбекистонда коронавирусга чалинган беморлар 3 тоифага ажратилган.
Касаллик аломатларисиз кечаётган енгил шаклдаги беморлар шифокор тавсиялари асосида, санитария-гигиена қоидалари ҳамда парвариш учун зарур шароитлар мавжуд бўлганда, уй шароитида даволанишига изн берилган.
Бунинг тартиби ишлаб чиқилиши ва қабул қилиниши айтилган.
Касаллик аломатларисиз кечаётган енгил шаклдаги беморларни уй шароитида даволаш ва парваришлаш тартибини бузган фуқароларга нисбатан эпидемияларга қарши кураш талабларини бузганлик учун қонун ҳужжатларида белгиланган жавобгарлик чоралари қўлланиши ҳам алоҳида қайд этилганди.
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирининг нега бугун бу каби қарорга келгани сабаб номаълум.
Аммо, расман маълум қилинишича, тақиқ - вазирнинг 6 август куни қабул қилинган "Коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларни даволаш мезонларини тартибга солиш ва ретро-проспектив таҳлил ўтказиш тўғрисида"ги буйруғи билан жорий этилган.
Сўнгги вазият
Президент Шавкат Мирзиёев сўнгги бор 4 август куни коронавирус пандемиясини жиловлаш масаласини муҳокама қилган.
Ўзбекистон президенти ўн кун ичида даволаш тизимини жой-жойига қўйишмаса, аҳволлари яхши бўлмаслигини айтган.
"Охирги 20 кунда коронавирусни даволаш ўринлари 3,5 баробарга кўпайтирилди ва қарийб 65 мингтага етказилди".
"Жойларга қўшимча равишда қарийб 800 та тез тиббий ёрдам машиналари етказиб берилди", - дея ўтирганлар ва халққа маълумот берганди.
Агар, расман эълон қилинган янги рақамларга таянилса, жорий пайтда касалхона шароитида коронавирусдан даволанаётганлар сони қарийб 9 минг кишини ташкил этади.
Улардан саккиз юзга яқинининг аҳволи оғир, уч юзга яқининики ўта оғир экани айтилади.
Ўзбекистон минтақанинг аҳолиси энг катта давлати бўлади.
Жорий пайтда расман 34 миллиондан ортади.
Яқинда мамлакат масъуллари айнан аҳоли орасида ноаниқ қолаётган ҳолларни назарда тутиб, Ўзбекистонда коронавирусдан ўлим ҳоллари расман айтилаётганидан кўп экани эҳтимолини назардан соқит этишмаган.
Ўзбекистонда бугун, 8 август ҳолатига кўра, жами коронавирусга чалинганлар сони 29459 кишига етган.
Ўлим кўрсаткичлари эса, умумий ҳисобда расман 185 тани ташкил этиб турибди.
Коронавирусга қарши кураш штаби вакили Ҳабибулла Оқилов яқинда позитив баёнот берган.
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш тизими карантин тартиби юмшатилиши ортидан коронавирус билан касалланганлар сони ортиши эҳтимолига тайёр эканини айтганди.
Ўзбекистонда кучайтирилган карантин тартиби сўнгги бор 15 августгача узайтирилган.
30 июль куни эса, Соғлиқни сақлаш вазирининг шифохонага тушгани расман хабар берилган.
Вазир Алишер Шодмоновнинг Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт марказига ётқизилгани айтилган.
Расмий хабарда бунинг аниқ сабаби очиқланмаган, аммо вазирнинг стационар шароитда режали даволаш муолажаларини олаётгани маълум қилинганди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek