Коронавирус беморларини даволаганимиз тан олинмаяпти - чортоқлик шифокорлар - O'zbekiston

Published
Ўқилиш вақти: 3 дақ

Коронавирус беморларини даволаб, президент қарорида ваъда қилинган рағбатлантириш пулларини ололмаётган шифокорлар масаласини Би-би-си бундан аввал ҳам ёритган эди.

Наманган вилоят Чортоқ тумани тиббиёт бирлашмаси юқумли касалликлар бўлими ходимлари ҳам Би-би-сига айни муаммо билан мурожаат қилдилар.

Бу тиббиёт ходимларининг сўзларига кўра, улар 20 июлдан бошлаб 14 кун давомида коронавирус беморларини тўғридан-тўғри даволашда иштирок этганлар, бироқ уларга 26 март куни имзоланган 4652-сонли президент қарорида белгиланган рағбатлантириш пуллари берилмаган:

Мазкур қарорда коронавирус беморлари билан мулоқотга киришадиган, улар жойлаштирилган объектларда ҳамда инфекцияни аниқлаш лабораторияларида фаолият олиб бораётган тиббиёт ходимларига ҳар 14 кунлик меҳнати учун 5 миллион сўмдан 25 миллион сўмга қадар рағбатлантириш пуллари берилиши кўзда тутилган.

Бироқ чортоқлик шифокорлар 14 кун давомида коронавирус беморларини даволаш ишларида бевосита иштирок этганларига қарамай, уларга бор йўғи ойлик маошига қараб кунлик 6 фоизли қўшимча ҳақ берилганини айтмоқдалар.

«Районларда бошқача касаллар ётадими?»

Чортоқлик шифокорлар президент қарорида келтирилган рақамларга ишониб, рўзғорга мадад бўлсин умидида 14 кун ёпиқ бинода коронавирус беморларига қараганликларини айтадилар.

«Ёпиқ карантинда ишладик. Оила аъзоларимизни, қайнона-қайнотамизни, кунлик ишларимизни ташлаб, озгина бўлса ҳам рўзғорга ёрдам бўлади, деб келгандик. Орамизда ёлғиз боқувчи бўлган аёллар ҳам бор ахир».

«Ўзингиз ўйланг - 1 миллион пул учун 20 қават маскада ёпиқ карантинда ишлашнинг ўзи бўладими? Ходимларимиз ҳам телевизор кўришади. Барча каналларда президентимиз шифокорларни рағбатлантираётгани кўрсатиляпти. Вилоят шифохоналарида шу пуллар тарқатиляпти. Нима районларда бошқача касаллар ётибдими?» дейди шифокорлардан бири Би-би-си билан суҳбатда.

Би-би-си шифокорлар дуч келган муаммо юзасидан Чортоқ туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Зулфия Мамажонова билан боғланди.

Мамажонова ўзи раҳбарлик қилаётган бирлашма карантин зонаси сифатида ишлаб келгани, вилоят юқумли касалликлар шифохонаси тўлиб қолгандан сўнг бу муассасада ҳам коронавирус беморлари даволана бошланганини маълум қилди.

Аммо у ходимларини президент қарори бўйича рағбатлантириш тўғрисида юқоридан кўрсатма келмаганини қўшимча қилди.

Мамажонованинг сўзларига кўра, у 21 июль куни Наманган вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига коронавирус беморларига қараётган ходимларини молиявий рағбатлантириш масаласи бўйича тегишли хат билан мурожаат қилган, аммо бошқарма бу мурожаатни қаноатлантирмаган.

«Бошқармага хатимда ходимларим тақдири нима бўлади, деб сўраганман. Энди нима учун ходимларга 15-25 миллион сўмлик маблағ тўланишига кўрсатма келмаган, деган саволга мен жавоб беролмайман», билдиради Мамажонова.

Тан олинмаган меҳнат

Шифокорлар ва раҳбарият билан суҳбатлардан сўнг вилоят соғликни сақлаш бошқармаси Чортоқ туман тиббиёт бирлашмасини коронавирус беморлари бевосита даволанадиган шифохона тоифасига ўтказмай, уни коронавирус инфекциясига шубҳаланган беморлар сақлаб турилувчи провизор муассаса ўлароқ кўриб келган, деган хулоса пайдо бўлади.

Шифокорларга шу сабабдан ҳам президент қарори орқали ваъда қилинган тегишли пуллар ўрнига кунлик 6 фоизли қўшимча ҳақ тўланган бўлиши мумкин.

Шифокорлар эса Би-би-сига ўтган ўн тўрт кун давомида бўлимда 57 нафар беморга тўлиқ қарашгани айтдилар ва уларнинг барида коронавирус аниқланганини исботловчи ҳужжатларни тақдим этдилар.

Би-би-си нега ўз ҳаётини хавф остига қўйиб, йирик суммада рағбатлантириш бўйича ҳукумат ваъдасига ишониб 14 кун давомида хавфли вирус билан ёнма-ён меҳнат қилган, кўплаб инсонларнинг ҳаётини сақлаб қолган шифокорлар лозим даражада мукофотланмагани, яққол коронавирусга чалинган беморлар даволанган бўлим эса шунчаки провизор муассаса мақомида қолдирилганига ойдинлик киритиш мақсадида Наманган вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ва Соғлиқни сақлаш вазирлигига билан боғланишга ҳаракат қилди, лекин қилинган қўнғироқлар жавобсиз қолди.

Шундан сўнг Би-би-си 20 июлдан шу кунга қадар Чортоқ туман тиббиёт бирлашмасига шифокорларни рағбатлантириш учун пул ўтказилгани ёки йўқлиги тўғрисида маълумот олиш учун Молия вазирлигига мурожаат қилди.

Молия вазирлигидан Чортоқ туман тиббиёт бирлашмаси фақат карантин зонаси сифатида фойдаланилган, деган жавоб олинди.

Молия вазирлиги матбуот котиби, тартибга кўра, Соғлиқни сақлаш вазирлигидан шифокорларни рағбатлантириш бўйича талабнома олингандан сўнг белгиланган сумма тўлаб берилишини тушунтирди.

Би-би-си нега хавфли коронавирус юқтириб олган беморларнинг соғлиги учун ўз ҳаётини хатарга қўйган шифокорларнинг меҳнати тан олинмаётгани юзасидан масъулларнинг изоҳларини қабул қилишга тайёр эканини маълум қилади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek