Коронавирус: Иккинчи тўлқин ва Бразилия президентида коронавирус - Koronavirus

Бразилия

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Болсонару тўртинчи марта тест топширган
Published

Бразилия президент Жаир Болсонару коронавирусга топширган таҳлили мусбат чиққанини эълон қилган.

Болсонару тўртинчи марта тест топшириш ва жигарларини текширтириш учун шифохонага борган эди.

Унинг тана ҳарорати 38 даража экани билдирилган.

Коронавирусга чалинганини Болсонару телевидение орқали эълон қилган.

"Бу касаллик эртами, кечми, аҳолининг катта қисмига юқишини кутаётгандик, охир-оқибат бу юз берди", деган у.

Бразилия АҚШдан кейин коронавирусдан энг кўп жабр кўрган давлат.

Касаллар сони 1.6 миллион, ўлганлар 65 мингдан ошган.

Иккинчи тўлқин

Австралиянинг иккинчи йирик шаҳри бўлган Мелбурн коронавирусдан зарарланиш ҳоллари кескин ортиб кетиши боис карантинга қайтиши эълон қилинди.

Жануби-шарқий Виктория штати бош вазири Даниел Эндрюс беш миллион аҳолиси бор шаҳарда уч ҳафталик карантин чоршанба ярим тундан эътиборан бошланишини маълум қилди.

Карантин чоралари доирасида фақат озиқ-овқат дўконлари ва соғлиқ хизматлари кўрсатувчи муасссалар фаолиятига рухсат берилади.

Зарурат бўлмагани тақдирда уйдан чиқиш ва ишга бориш учун уйни тарк этиш тақиқланади.

Австралия

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Австралия

Мелбурнда душанба куни 127, бугун эса 191та янги ҳолат аниқанган.

Жонс Хопкинс университети маълумотларига кўра, Австралияда пандемия бошидан буён 8755 одам коронавирусга чалинган, ўлганлар сони 10 нафар.

Минтақа

Якшанбадан карантинга қайтган Қозоғистонда вирусга чалинганлар сони 50 мингга яқинлашган.

Охирги 24 соатда 1109 та янги ҳолат қайд этилган. Улардан 649 нафари коронавирус симптомсиз кечаётган беморлар.

7 июль ҳолатига жами коронавирусга чалинганлар 49683 кишини ташкил этмоқда, вафот этганлар 264 киши.

Қирғизистонда Бош вазир Қубатбек Бўронов пойтахт Бишкекда вазият оғир эканиин айтиб, бошқа шаҳар ва қишлоқлардан аҳолини Бишкекка келмай туриш ҳақида огоҳлантирган.

BBC

Мамлакатда коронавирусга чалинганларнинг қарийб ярми - 3434 нафарни бишкекликлар ташкил этади.

Жами зарарланганлар сони 8141 киши, 99 киши вафот этган.

Расмийлар Бишкекда зотилжам хасталиги ҳам кучайиб бораётганини айтмоқда.

Россияда сешанба куни Covid-19 тарқалиши бўйича шу йилнинг апрелидан буён энг кам ҳолат қайд этилган.

Охирга 24 соатда инфекцияга чалинганлар 6 368, вафот этганлар 198 киши.

Пандемия бошидан буён чалинганлар 694 230 киши, вафот этганлар 10 494.

"Левада-центр" маркази ўтказган сўров натижаларига кўра, Россиядаги врачларнинг 60 фоизи коронавирус бўйича расмий статистикага ишонмайди.

Дунёда

  • Испанияда ўтказилган тадқиқот коллектив иммунитет аҳолини ҳимоя қилиши ҳақидаги назарияга шубҳа уйғотган;
  • БМТ ҳисоботида айтилишича, атроф-муҳит ҳимоясига яхши эътибор берилмаса, касалликлар ҳайвонлардан одамларга ўтишда давом этади;
  • Британиядаги ўтган дам олиш кунлари очилган учта паб мижозларда коронавирус аниқланиши ортидан ёпилган;
  • Британия Молия вазири Риши Сунак иш ўринлари ва атроф-муҳит муҳофазасини дастаклаш учун 3 миллиард фунт-стерлинг (3,7 млрд доллар) маблағ ажратиш режасини эълон қилди;

Дунё бўйлаб коронавирусга чалинганлар 11 ярим миллион кишига етган, 530 минг одам вафот этган.

BBC

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek