You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Коронавирус: Сўнгги хабарлар яна нохуш - O'zbekiston, Xitoy, koronavirus
Коронавирус: Сўнгги хабарлар яна нохуш - вирус сабаб, АҚШ Мудофаа вазири Ўзбекистонга келмайдиган бўлди. Коронавирусдан қўрққан ўнлаб мусулмон Эронда қалбаки ароқ ичиб ўлди. Британияда Соғлиқни сақлаш вазирининг ўзи коронавирусни юқтирди. Трамп эса, соғломлигини айтмоқда. Дунёда нималар бўлмоқда?:
АҚШ Мудофаа вазирининг минтақага сафари март ойининг учинчи ҳафтасига режаланган.
Марк Эспернинг Ҳиндистон, Покистон ва Ўзбекистонга келиши кутилганди.
Аммо вазирлик матбуот воизи сешанба куни кутилмаган баёнот билан чиққан.
Эҳтиёт чораси сифатида вазирнинг сафари ортга сурилишини маълум қилган.
Воиз бунинг сабабини коронавирус билан боғлаган.
Маълум бўлишича, вазир Вашингтонда қолмоқчи.
Коронавирусга қарши курашда вазирлигига ёрдам бермоқчи.
Унинг минтақага энди аниқ қачон келиши маълум эмас.
АҚШ Мудофаа вазирлиги воизи бўлажак ташрифнинг санасини очиқламаган.
Бор-йўғи ўтган ой бошида АҚШ Давлат котиби Ўзбекистонга келган.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири, Президент Шавкат Мирзиёев билан музокаралар олиб борган.
Худди шу сафар манзарасида Трамп маъмуриятининг Марказий Осиёга оид янги стратегияси ҳам эълон қилинган.
Ўзбекистон ва коронавирус
Ана шу ташрифидан қисқа вақт ўтмай, Майк Помпео Ўзбекистон илова Марказий Осиё давлатларининг коронавирус хавфига бас келишга қанчалик қодир эканликларини ҳам савол остига олган.
Хитой ва коронавирусдан зиён чеккан давлатларга 100 миллион долларгача кўмак беришга ҳозир туришларини баён қилганди.
Агар, расмий маълумотларга ишонилса, ҳозирча Ўзбекистонга коронавирус кириб бормаган.
Аксарияти коронавирус манбаси бўлган Хитойга бевосита чегарадош қолган Марказий Осиё давлатларида ҳам вирус қайд этилмаган.
Орада бунга оид хабарлар масъуллар томонидан расман ва ошкора рад этилган.
Ҳозир четда бўлган ўзбекистонликлар сони миллионлаб, аммо ҳалича улар орасида ҳам коронавирус аниқланганига оид бирор бир расмий хабар олинмаган.
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги кеча, сешанба куни коронавирус масаласида бу яқин йилларда кўрилмаган энг йирик матбуот анжуманларидан бирини берган.
Айни шу матбуот анжумани чоғида ҳам, вазир "касалликни беркитаётганлари йўқлиги, бунинг иложи ҳам йўқ"лигини айтган.
"Агар, касаллик қайд этиладиган бўлса, дори воситаларининг захираси ҳам, профилактика бўйича имкониятлари ҳам етрли экани"ни баён қилган.
Эронда коронавирус ёшларни ҳам ўлдирмоқда:
Коронавирус дунё бўйлаб тўхтамаяпти
Америка Қўшма Штатларида бугунга келиб коронавирус юқтирганлар сони минг кишидан ортган. 29 киши ўлган.
Масъуллар аҳолини коронавирус таҳдидини жиддий олишга чақиришган.
Маълум бўлишича, АҚШ Президенти Дональд Трамп ҳам ўтган ой коронавирусга чалинган инсон билан битта анжуманда иштирок этган.
Аммо, шундай бўлса ҳам, ўзини коронавирусга текширтиришни лозим, деб топмаган.
Худди шундай инсон билан мулоқотда бўлган Республикачи беш сенатор эса, ўзларини бошқалардан иҳоталашга қарор қилишган.
Уларнинг орасида АҚШ Президенти аппаратининг яқинда тайинланган раҳбари ҳам бор.
Европада эса, энг ёмон аҳвол ҳали-ҳануз Италияда қайд этилиб турибди.
Италияда коронавирусдан ўлим ҳолати кеча, сешанба куни 631 кишига чиққан.
Масъуллар мамлакатни бутунлай ёпиб қўйишган. Бунақаси бўлмаган.
Италияда вирусга чалинганлар сони бугунга келиб 10 минг кишидан ортган.
Сешанба куни Франция Президенти ҳам жиддий огоҳлик билан чиққан.
Европада коронавирус тарқалиш ҳолатини фавқулодда чоралар талаб қилувчи фавқулодда инқирозга қиёс берган.
Мамлакатида вирус хуруж қилиш арафасида турганини айтган.
Франция Италия билан бирга коронавирусдан энг кўп зиён чеккан иккита Европа давлатидан биттаси бўлиб турибди.
Худди шу куни Британияда Соғлиқни сақлаш вазирининг ўзи коронавирусни юқтиргани ҳам маълум бўлган.
Буюк Британияда вирусни юқтирганлар сони 373 кишига етган. Қурбонлар сони 6 нафарга чиққан.
Худди шу манзарада Туркия, Боливия, Жамайка ва Конго Демократик республикасида илк коронавирус ҳолати қайд этилган.
Аллақачон уч киши вирусни юқтирган Молдовада барча мактаблар ёпилган.
Дунё бўйлаб коронавирусга чалинганлар сони бугунга келиб 119000 кишига етган.
Вирусдан жаъми 4296 киши ўлган. 55 фоиздан ортиқ ҳолатда одамлар тузалиб кетган.
Эроннинг Аҳвазида эса, миш-мишларга ишонган камида 36 киши қалбаки ароқдан заҳарланиб ўлган.
Улар шу йўл билан ўзларини коронавирусдан ҳимоя қилмоқчи бўлишган.
Яна қалбаки ароқдан заҳарланган уч юзга яқин киши касалхонага ётқизилган.
Хабарларга кўра, етти киши қалбаки ароқ сотишда гумонланиб, қўлга ҳам олинган.
"Умра визалари" бериш ва коронавирус тарқалган давлатлардан сайёҳлар келишини вақтинчалик чеклаган Саудия Арабистони яна бир кескин чорага қўл урган.
Саломатлиги ва сафарига оид янглиш маълумот берганлар $133 000 АҚШ доллари миқдорида жаримага тортилишларини маълум қилган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek