Ўзбекистон: Мен қурган бинони президент келиб кўрди, лекин пулимни беришмади – тадбиркор

Сурат манбаси, official
«Президент ташаббуси билан бино қурдим, уни президентнинг ўзи ҳам келиб кўрди, лекин ҳаққимни беришмади», дейди навоийлик тадбиркор Би-би-сига.
"Улугбек Комилов" МЧЖ раҳбари Улуғбек Комилов қурилиш соҳаси билан шуғулланади.
У 2018 йилнинг июнь ойи бошида Тошкент шаҳри Олмазор тумани ҳокимияти ташаббуси билан халқ тилида Қичқириқ номи билан машҳур канал бўйида Нуронийлар Маркази қура бошлаганини айтади.
«2019 йил январь ойида бинони қуриб битказдим. Бироқ орадан шунча вақт ўтдики, ҳали менга берилиши керак бўлган 50 фоиз ҳаққим - 800 миллион сўмдан ошиқроқ маблағни ололмаяпман», маълум қилади Комилов.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Маҳаллий матбуот 2018 йилнинг февраль ойида президент Мирзиёев Олмазордаги каналлар бўйини ободонлаштириш ва аҳолининг дам олиши учун қулай шароит яратишга кўрсатма бергани ҳақида ёзган эди.
Тадбиркор Улуғбек Комилов ҳам ана шу дастур бўйича ўзига берилган буюртма асосида Нуронийлар Маркази қурганини айтади.
Тадбиркор қурилиш ишларига Олмазор тумани ҳокимлиги бош-қош бўлгани, лекин бино фойдаланишга топширилгандан сўнг, ўзига тегишли бўлган қонуний ҳақни олишга келганда, у учун давлат идоралари эшиклари тақа-тақ ёпилганини маълум қилади.
"Бу ерда ҳар ҳафта туман ҳокимлигидан штаб бўлган, яна инжиниринг компаниясидан келишган. Мен уларнинг оғзаки ваъдаларига ишониб қураверганман".
«Лекин бинони қуриб, топширишим билан мени ҳеч ким эшитмай қўйди», давом этади у.
Президент келган бино

Сурат манбаси, courtesy
Шу йилнинг май ойида Олмазор туманини айланган президент Шавкат Мирзиёевга Улуғбек Комилов фирмаси қурган бино ҳам намойиш этилган.
«Абдулла Қодирий ва Чўлпон номидаги кутубхоналар, Нуронийлар маскани ҳам аввалги ташрифнинг амалий натижаларидир», дейилади 24 май куни президентнинг расмий вебсайтида эълон қилинган мақолада Мирзиёевнинг 2018 йил февраль ойидаги Олмазорга ташрифи назарда тутилиб.
Мақолада «Нуронийлар масканида фахрийлар ўз вақтини мазмунли ўтказиши, саломатлигини мустаҳкамлаши учун барча шароитлар яратилган» жумлаларини ҳам ўқиш мумкин.
Улуғбек Комилов қурувчиси рози қилинмаган бинонинг «президентга кўз-кўз этилиши»ни ақлга сиғмайдиган ҳолат, дея тасвирлайди.
«Биласизми, деярли бир йилдан бери ҳаққимни сўраб, идорама-идора югураман. Ҳамма эшиклар мен учун тақа-тақ ёпилиб қолди», сўзлайди Комилов.
У ҳукумат порталлари ва қабулхоналари, Бош прокуратурага бир неча мурожаат қилгани, адвокат учун ўнлаб миллион сўм сарфлагани, аммо муаммоси ҳал бўлмаганини таъкидлайди.

Сурат манбаси, courtesy
Тадбиркор нега ўзининг қонуний ҳаққи берилмаётгани ва давлат идоралари нима учун уни тингламаётгани сабабларини аниқ билмаслигини маълум қилади.
«Билганим шуки, ўз ҳаққим учун курашганим туфайли менга ортиқ қурилиш заказлари бермай қўйишди, бизнесим фалажланиб қолди».
Комилов ўз муаммосини матбуотга олиб чиқишдан аввал узоқ ўйлагани ҳақида гапиради.
«Балки сизга дардимни айтганим менинг зараримга ишлар, лекин шу йўл билан президентимизга сиз олиб бораётган ислоҳотларни қўл остингиздагилар ҳаётга қандай татбиқ этаётганини кўриб қўйинг, деб айтмоқчиман ».
«Бундай адолатсизлик қурбонига айланишни Худо ҳеч қайси тадбиркор бошига солмасин», қўшимча қилади у.
Тадбиркор президент Мирзиёевдан ўзи дуч келган муаммонинг ҳал этилишида ёрдам сўрашини билдиради.
«Ҳурматли президент, сиз шу бинога келгансиз, уни кўриб қувониб, кетгансиз. Бироқ мен ўз ҳаққимни ололмаяпман. Сиздан илтимос, шу ишни ўз назоратингизга олинг».

Сурат манбаси, courtesy
Би-би-си тадбиркорнинг шикояти бўйича Олмазор тумани ҳокимлигига ёзма тарзда саволлар йўллади.
Аммо таҳририят ўз сўровига ҳалича жавоб олгани йўқ.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek






























