You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Ўзбекистон - Россия: Қулликка тушган Ўзбек аёлининг барча бармоқлари синдирилган
- Author, Ирина Матвиенко
- Role, Журналист, Тошкент - Москва
- Published
Ўзбекистонлик Бакия 2003 йили ноябрда иш излаб Ғазалкентдан Москвага келади.
Бу ерда унда алдов, қуллик, таҳқир ва ноинсоний муносабат кутиб турарди.
Москвага сафар қилган Ўзбекистонлик журналист Ирина Матвиенко бу аёлнинг Ўзбекистондан Россияга қадар кечган ҳаётий ҳикояси билан танишган:
Россияга келиши олдидан Бакияга 500 доллар ойлик маош ваъда қиладилар.
Аммо келганидан кейин 200 дейишади. Иложсиз қолади, ахир қайтиб кетолмайди-ку!
Лекин шу пулни ҳам ололмайди.
Чунки у қулдорликка тушганди.
Бу ҳолатдан уни фақат 2012 йили 30 октябрида қутқаришади.
Қуллик азоби
Бакия ва бошқа Ўзбекистон ҳамда Қозоғистон фуқаролари Гольяноводаги озиқ-овқат дўконида қулга айланишади.
Кичик бир хато учун ҳам уларни калтаклашарди.
Бакиянинг барча бармоқлари синиб кетган.
Ўнг қўлидаги кўрсаткич бармоғи ишламайди.
Бир кун иш берувчи аёл бармоғини 180 градусга қайиради.
Қирс этган овоз чиқади.
Кафтидан суяги чиқиб кетади, қон отилади.
Иш берувчи аёл эса бармоғини қайта тўғрилаб, латта билан ўраб қўяди ва ишлашга жўнатади.
Ҳамон сарсон
Бакия ҳозир Москвада. Баъзан фаррошлик қилади, баъзида идиш-товоқ ювади.
Ҳар ой уйига энага учун 200 доллар жўнатади.
Иккита ёш боласи Ўзбекистонда, энага қўлида ўсмоқда.
Катта қизи эса грант асосида Атирау (Қозоғистон) университетитда таҳсил олади.
Бир ўғли 12 ёшда. Бу фарзанди қулликда туғилиб, ўсган.
Ҳозир Ғазалкентдаги интернатда ўқийди.
Бакия 2005 йили қулликда яна бир қиз туққан.
Аммо иш берувчи хўжайин аёл чақалоқларни оналардан тортиб оларди.
Орадан 3 йил ўтгач, у Бакияга қизчаси ўлганини айтади.
Она бу чинми ёки ёлғон - билмайди. У қизалоғи ҳозир 14 ёшга кирган бўларди.
Бошпана орзуси
Бакиянинг орзуси - пул ишлаб, Чирчиқда квартира сотиб олиш, болалари учун бошпана яратиш.
Мен унга мигрантларни қўллаб-қувватлаш дастури ҳақида айтдим.
Афсус, Бакия бу ҳақида ҳеч нарса эшитмаган экан.
У Москвадаги Ўзбек диаспораси ҳақида ҳам билмайди.
Давлатга ёрдам сўраб мурожаат этмайди. Фақат ишлайди.
Ҳозир унга доимий иш керак.
Айни пайтда патент олиш учун пул йиғмоқда.
Чунки патентсиз бор-йўғи вақтинчалик иш топиши мумкин, холос.
Бакия жуда меҳнаткаш.
Бу аёл учун ишончли иш берувчи топишни жуда истардим.
Ахир у ҳаётда керагидан ортиқча азоб тортиб улгурган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek