Ўзбекистон клубларида стриптиз ўйнаш мумкинми ёҳуд фейк хабар таъсири

Published

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода ўзбек йигитлар иштирок этаётган базмда яланғоч ечинаётган қиз акс этади.

Стриптиз рақсини тушаётган қиз базм столидан четда, алоҳида курсида ўтирган йигит устида эшилиб, кийимларини бирма-бир ечади. Ўзбек тилида гапираётган базм қатнашчилари эса қий-чув ва кулгу аралаш бу манзарани ўз мобил телефонларига ёзиб олишмоқда.

Раққоса устида тобора кам қават кийим қолар экан, ўзбекча дўппи кийган официант қиз келиб меҳмонларга хизмат қилишда давом этади.

Йигитлардан бирининг шеваси чамаси Хоразмча.

Аммо, дўппилик қиз ва шу шеванинг ўзи бу каби базм Ўзбекистонда бўлиб ўтаётгани ҳақида тасаввур пайдо бўлишига асос бўлди.

Отабек Жовлиев исмли интернет фойдаланувчиси Фейсбукдаги «Халқ билан мулоқот» саҳифасига мазкур видеони улашар экан, "Номаълум манбалардан келган хабарга кўра, Хоразм вилояти Ургенч шаҳрида жойлашган ресторанлардан бирида қизлар яланғоч бўлиб ечиниб стриптиз ўйнашмоқда. Нега эркакларимиз бу нарсага бефарқ қарашмоқда?..." дея сенсацион пост қолдирди.

Тармоқ фойдаланувчиларининг катта қисми базмда иштирок этаётган эркакларга ғазабнок сўзларни ёзишган.

Зўравонликка даъватлар янграган

"Ўзбеклар орли халқ, номусли халқ сифатида эътироф этилади. Ўтирганлардан ақала биттаси туриб, сочидан улоқтирса ЎЗБЕК ЭРКАГИ бўларди…", - деб ёзади Lobar Aliyeva.

Ўнлаб юзерлар нафратларини "ресторанни одамларга қўшиб ёқиб юбориш", "ўйинчини ўлдириш", "томоша қилётган эркакларни ўлдириш" каби фикрларни билдиришган.

Kamolat Umarova бу воқеа аниқ Хоразмда бўлганлигини ёзади:

"Тоза очилган Дубай ресторани. Олдин Бобур тўйхонаси эди. Яқиндагина бошқа бировлар сотиб олиб у ерни дабдала ресторан қилишганини эшитгандик…", - дейди у.

Зумрад Ахмедова стриптизли базм учун ҳозирги сиёсатни айблайди:

"Каримов даврида шундай бўлганмиди. Тартиб бор эдию. Дахшат."

Сайфиддин Амонов ўзбек аёлларининг аҳлоқсизлигидан ҳайратланмаслигини билдирди.

"Nima qibdi? Xuddi o`zbek qizlari aqlli or nomusliday gapiribsizlar Dubaylaga qatnamaganday Dubauda urganib kelganda xay u erda shu ishdan boshqa nima qiladi?"

Пост остидаги бир неча изоҳ муаллифлари бу каби ўтиришларни маъқуллашган.

"Номи кайси рестаран. бир бориб курайлик кунгил йозайлик. бундай холатлар араб, туркда ва бир канча шунга ухшаган давлатларда бор. Хоразмда очилибдими курайлик росмикин. Яна тулик ялангочландими йоки менга куриндими бу» дейди бошқа бир киши.

"Яқинда бўлди"

Видео тарқалиши Хоразм вилоят ҳокимлигининг муносабат билдиришига сабаб бўлди. Ҳозирда ҳатто Ички ишлар бошқармаси суриштирув олиб бораётгани айтилади.

Дарё.уз сайтига гапирган вилоят ҳокимлиги ходими Ифтихор Ражаббоевнинг маълум қилишича, видеода акс этган воқеа аслида Россиянинг Санкт-Петербург шаҳридаги "Пойтахт" ресторанида бўлиб ўтган.

"Ушбу видео Хоразм вилоятида эмас, 17 июнь куни Россиянинг Санкт-Петербург шаҳридаги "Пойтахт" ресторанида олинган. Ўша ерда меҳмон бўлган хоразмлик йигитлар билан бирма-бир гаплашдик. Улар буни тасдиқлади», - деди ҳокимлик вакили.

Би-би-си Санкт-Петербургдаги "Пойтахт" (эски номи "Корона") ресторани билан боғланди.

Ўз исмини очиқламаган ходим ресторан ўзбек таомларига ихтисослашгани, унда хусусий базм ўтказиш ва кўнгилхушлик учун ўз раққосаларингизни олиб келиш мумкинлигини тасдиқлади.

"Катта залда стол резерв қилиб буни қилсак бўладими," деган саволга, ходим бироз ўйланиб туриб, "йўқ" дея жавоб қайтарди.

Интернетда тарқалган видео ҳақида сўралганда, ходим бу ўз ресторанида олинганини тасдиқлади.

"Туғилган кун базми бўлганди яқинда, ўша пайтда олинган", - деди у.

Мазкур видео ва унга илова қилинган пост сохта хабар қанчалар тез тарқалишини исботлади.

Ўзбекистон ҳудудида юз бермаган воқеа ортидан бутун бошли вилоят аҳоли хулқи ва тарбияси сўроқ қилинди.

Ўзбекистонда стриптизни ман қилувчи ёки унга рухсат берувчи қонунлар йўқ.

Аммо, 2015 йилда Ўзбекистонда бу каби рақс тури тақиқлангани борасида қатор Россия сайтлари хабар берганди.

Хусусан, регнум ва републик сайтлари ёзишича, 2015 йилда Ички ишлар вазирлиги тунги клубларга стриптиз ва ингичка устунларга таяниб тушиладиган рақсларни ман қилган.

Бу каби тақиқлов бўлганини Тошкент, Самарқанд ва Урганчдаги тунги клублар тасдиқлашган. Уларга кўра, оғзаки кўрсатмада раққосалар "миллий қадриятларга зид бўлган кийимда бўлишлари тақиқланади" дейилган.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbekBBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.