You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Дафн маросимлари стриптиз томошаларисиз ўтмайдими?
Мусиқа қулоқни қоматга келдирадиган даражада, ярим-яланғоч қизлар оҳангга мос равишда рақсга тушмоқда, томошабинлар эса ҳуштак чалиб, қийқирганча қизларни олқишламоқда. Бу Хитойнинг баъзи қисмларида гувоҳи бўлишингиз мумкин бўлган дафн маросимларидан биридаги ҳолат.
Жорий йилнинг бошида Хитой ҳукумати «ахлоқсиз ва жирканч» дея дафн маросимлари, никоҳ тўйлари ва ибодатхоналарда намойиш этилувчи стриптиз томошаларига қарши босимни кучайтирди.
Ҳукумат расмийлари мазкур одатни йўқ қилиш йўлида биринчи марта уринмаяпти, лекин бирор сезиларли натижага эришмаяпти ҳам.
Дафн маросимларида нега стриптиз томошалар уюштирилади?
Қарашлардан бирига кўра, кўплаб одамларни ўзига жалб қила олиши сабабли стриптизчилар дафн маросимларида томоша уюштириш учун ёлланади. Хитойда маросим пайти қанча кўп оломон йиғилса, марҳумнинг обрўси шунча улуғланади, деб ҳисобланади.
Бошқа назария эса «серфарзанд бўлиш» нияти билан боғлиқ.
«Баъзи маҳаллий маданиятларда шаҳвоний рақсларни ижро этиш марҳумнинг кўплаб фарзандга эга бўлиш орзусини ифода этади,» дейди Фужиан Нормал университети профессори Ҳуан Жиансинг.
Шунингдек стриптиз томошалари бойлик нишонаси сифатида кўрилгани учун уюштирилади, деган қараш ҳам бор.
«Чеккароқ ҳудудлардаги хитойлик оилалар дафн маросимига келганларни актерлар, қўшиқчилар, қизиқчилар ва стриптизчилар чиқишлари билан хушнуд қилиш орқали ўз молиявий ҳолатларини кўз-кўз қилишни хуш кўрадилар,» деб ёзади Global Times.
Бу одат кенг тарқалганми?
Дафн маросимларида стриптиз томошалари уюштириш одатини кўпроқ Хитойнинг қишлоқ ҳудудларида кузатиш мумкин. Тайванда эса бу одат урфга айланган. Аслида мазкур одатнинг келиб чиқиши ҳам Тайванга бориб тақалади.
«Дафн маросимида стриптиз томошалари ташкиллаш 1980 йилда Тайванда омма эътиборига туша бошлаган,» дейди Жанубий Каролина университетида фаолият юритувчи антрополог Марк Московитз.
«У Тайванда урфга айлана бошлади. Хитойда эса ҳукуматнинг кучли назорати остида кенг тарқалмади. Кўпчилик хитойликлар бу одат ҳақида ҳали эшитмаган ҳам.»
Бироқ, ҳатто, Тайванда ҳам мазкур одатни йирик шаҳарларда учратиш анчайин қийин.
«Чунки стриптиз қонуний ва жиноий ҳаракатлар чегарасида турувчи амалдир. Шу сабабли йирик шаҳарларда стриптиз томошаларини очиқликда учратиш мушкул,» дейди Московитз.
Ўтган йили Тайван жанубида жойлашган Чинайи шаҳрида «Jeep» машиналари устида рақсга тушган 50 та стриптиз раққослари иштирокидаги дафн маросими бутун дунёда гап-сўз бўлган эди.
Ўшанда маҳаллий сиёсатчилардан бирини боқий дунёга кузатишган, марҳум эса бир вақтлар дафн маросими «орзудагидек» ўтишини васият қилгани кейинчалик маълум бўлган эди.
Нега бу одатга қарши курашилмоқда?
Хитойда ҳукумат томонидан стриптиз томошаларига қарши бошланган навбатдаги кампания тафсилотлари у қадар ҳайратланарли эмас. Ҳукумат бир неча йиллардан буён дафн маросимларидаги бу одат билан курашиб келади.
Хитой Маданият вазирлиги бундай томошаларни «ёввойилик» деб атайди ва одам йиғиш мақсадида дафн маросимига стриптизчи қизларни ёллайдиганлар «аёвсиз жазоланади» деб огоҳлантирмоқда.
«Хитой ҳукумати ўзини фуқароларни тўғри йўлга бошлайдиган ота сифатида кўрмоқда,» дейди доктор Московитз.
«Расмийлар ярим-яланғоч томошалар жамият, айниқса, болалар дунёқарашига салбий таъсир қилишидан хавотирда.»
Бироқ доктор Московитзнинг фикрича, бу одатни жамият ҳаётидан ўчириб ташлаш осон бўлмаслиги мумкин.
«Шу пайтга қадар мазкур одатга қарши қанча қонун қабул қилинмасин, қанчалик қарши курашилмасин, у турли ҳудудларда қайта-қайта пайдо бўлишда давом этаверди,» қўшимча қилади у.
2006 йилда шарқий Жиангсу провинциясидаги деҳқонлардан бирининг дафн маросимига юзлаб одамлар йиғилиши ортидан бешта стриптиз гуруҳининг раҳбарлари қўлга олинган эди.
2015 йилда Хитой ижтимоий тармоқларида Жиангсу ва Ҳебей провинцияларидаги дафн маросимларида яланғоч томошалар уюштириш одати яна бошлангани ҳақида хабарлар пайдо бўла бошлади. Ҳукумат, бу сафар ҳам, ташкилотчилар ва ижрочиларни жазога тортди.
Эндиликда Маданият вазирлиги Ҳенан, Анҳуй, Жиангсу ва Ҳебей провинцияларида стриптиз томошаларига қарши кампанияни кучайтириш ҳаракатида. Ҳукумат дафн маросимларида бундай томошаларни ташкил қилганлар ҳақида хабар берувчиларга пул мукофоти ҳам эълон қилган ва ишонч рақамларини жорий қилган.
Ҳозирда мазкур одатни бутунлай йўқ бўлиши савол остида қолмоқда. Бироқ ҳукумат ҳам уни жамият ҳаётидан ўчириб ташлаш ниятидан қайтмоқчи эмас.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek