You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.

Take me to the main website

Украина Киев атрофидаги Россия қўшинларини сиқиб чиқармоқда, Россия отган ракеталарнинг 60 фоизи яроқсиз, Мариуполдаги театрда жон сақлаган 300 киши ўлгани айтилмоқда

Британия Мудофаа вазирлиги украиналиклар Киев шарқидаги Россия қўшинларини сиқиб чиқаргани ва Украина ҳарбийлари пойтахтдан 35 чақирим масофагача ерларни қайтариб олганини маълум қилди. Мариупол ҳокимлиги 16 март куни қилинган бомбардимон натижасида қарийб 300 одам ҳалок бўлганини айтмоқда. Россия армияси отган 1000 дан ортиқ ракеталарнинг 60 фоизи нишонга тегмаган.

Жонли ёритиш

  1. Украина 15 миллиард долларлик кўмак олди

    Украина Миллий Банки хабар қилишича, мамлакатга шу пайтгача кўрсатилган халқаро кўмаклар 15 миллиард долларга етган.

    "Бизнинг ҳисоб-китобларимизга кўра, халқаро молиявий, техник ва инсонпарварлик қўллаб-қувватловларнинг жами миқдори 15 миллиард доллардан ортади, шундан 5 миллиард доллардан ортиғи бевосита бюджетга тушган", дейилади Миллий Банк баёнотида.

    Украина Қуролли Кучларини қўллаб-қувватлаш махсус жамғармасига 6 миллиард Украина Гривнасидан зиёд(қарийб 299 миллион доллар) пул келиб тушгани, банк шундан 1,6 миллиардини ҳарбийлар эҳтиёжига йўналтиргани хабар қилинган.

    Шу куни АҚШ матбуоти Президент Жо Байденнинг маъмурияти Конгрессдан Украинага 10 миллиард доллар ажратишни сўрагани ҳақида хабар қилдилар.

    Ушбу масала бўйича қарор 11 март куни эълон этилиши кутилаётгани айтилди.

  2. Яхталар мусодара қилинган

    Франция расмийларига кўра, ўзларининг маълумотига кўра, "Роснефть" ширкати раҳбари Игорь Сечинга тегишли бўлган Amore Vero деб номланган яхта мусодара қилинган.

    Бу ҳақда Рейтер ахборот агентлиги Франция Молия вазири Брюно Ле Мерга асосланиб хабар тарқатган.

    Россиялик амалдорга тегишли деб кўрилган яхта Франциянинг Ўрта Ер денгизидаги Ла-Сьота бандаргоҳида турган бўлган.

    Франция расмийларига кўра, Amore Vero яхтаси 1 апрелгача соҳилда туриши кўзланган бўлган, бироқ 3 март тунида бирданига денгизга чиқишга ҳаракат қилган.

    2016 йили Россияда нашр этиладиган "Новая газета" ушбу яхтани Игорь Сечинга боғлаган мақола босилган. Аммо Россия суди газетадан бу хабар борасида раддия бериш ҳақида қарор чиқарган эди.

    Бундан олдин Forbes журнали Германия Алишер Усмоновнинг 600 миллион доллар деб баҳоланадиган яхтасини арест қилгани ҳақида хабар қилганди.

    Би-би-си Рус хизмати Россия Президенти Владимир Путинга алоқадор деб кўриладиган яхта Германиядаги соҳилда тургани, бироқ Украинада уруш бошланишидан икки ҳафта олдин 82 метрлик Graceful яхтаси Гамбургдан Россияга олиб кетилгани ҳақида мақола эълон қилган эди.

  3. 8-кун: Украинанинг илк йирик шаҳри Херсон Россия қўшинлари назоратига ўтди

    Бугун Россия Украинага уруш бошлаганига роппа-роса бир ҳафта бўлди. Охирги кеча-кундуздаги энг асосий ҳодисалар:

    Украинанинг жанубидаги дастлабки йирик шаҳри Херсон Россия қўшинларининг назоратига ўтди.

    Агар Россия кучлари жанубий ҳудудлар устидан назоратни қўлга киритса, Украина денгиздан узилиб қолади.

    Украинанинг стратегик порт шаҳри Мариуполь бомбардимонга тутилиши оқибатида юзлаб инсонлар ҳалок бўлди.

    Киев Украина ҳукумати назорати остида қолаяпти. Киевга шимолдан келаётган Россиянинг улкан ҳарбий карвони ўрнидан силжимай турибди.

    БМТга кўра, Украинани ташлаб чиқишга мажбур бўлган қочқинлар сони 1 миллионга етди.

    Халқаро Олимпия Қўмитаси Россия ва Беларусь паралимпиячиларини Қишки ўйинлардан четлатди.

  4. Британия: Россия генерал ва офицерлари Гаага трибуналига тортилишлари мумкин

    Британия Ташқи ишлар вазирлиги баёнотига кўра, Буюк Британия Гаагадаги Халқаро Жиноят трибуналига мурожаат қилишда иттифоқчиларни бирлаштиришда етакчи ролни ўйнаган.

    Бундан олдин дунёнинг 38 мамлакати Владимир Путин режимини Украинада ҳарбий жиноятларни содир этишда айблаб даъво аризаси киритгани хабар қилинган эди.

    Бу мамлакатлар орасида Европа Иттифоқининг 27 мамлакати, Швейцария, Канада ва Янги Зеландия бор.

    "Халқаро Жиноят мамҳкамасини ташкил этишда иштирок этган мамлакат сифатида Буюк Британия айблов ҳукмларини қўлга киритишда зарур техник дастакловни тақдим этишга тайёр", - деб айтган Британия Адлия вазири Доминик Рааб.

    "Жиноий буйруқ бераётган ҳар қандай Россия раҳбари ва зобити ўзига судланувчи курсиси ва охир-оқибат қамоқ таҳдиди борлигини билиши керак", - дея огоҳлантирган Доминик Рааб.

    Британия Ташқи ишлар вазири Лиз Трасс айтишича, адолатни қарор топтиришда Лондон барча иттифоқчилари билан қалин ҳамкорлик қилади.

    Россия халқаро жиноят атамасини ўз ичига олган халқаро ҳуқуқнинг Женева Конвенциясини имзолаган эди.

    Лекин 2016 йили Қрим аннексияси тажовуз деб расман эътироф этилгани ортидан Россия халқаро жиной маҳкама таркибидан чиқиб кетди.

  5. Гаага трибунали Россия эҳтимолий жиноятлари терговини бошлади

    Гаагадаги Халқаро Жиноят Судининг бош прокурори Карим Хон эълон қилишича, Россия содир этган эҳтимолий ҳарбий жиноятларни тергов қилиш бошланди.

    "Украинадаги вазиятнинг дастлабки таҳлилидан кейин бизнинг судимиз ваколатига кириши мумкин бўлган жиноятлар содир этилган деб ҳисоблаш учун етарли асосни кўрди менинг идорам. Шундай деб ҳисоблаш мумкин бўлган конкрет ҳолатлар аллақачон аниқланган ва терговга асос бўлиб хизмат қилади", - деб айтди Халқаро Жиноят Суди бош прокурори.

    Бундан олдин Карим Хон терговни бошлашга рухсат олиш учун суднинг президентлик кенгашига мурожаат қилиш ниятида эканини билдирган, аммо 38 мамлакатнинг Гаага судига мурожаат қилиши ишни зудлик билан бошлашга асос берган.

  6. БМТ: Украинадан қочқинлар сони 1 миллионга етди

    БМТнинг Қочқинлар бўйича комиссарлиги хабар тарқатишича, шу вақтгача Украинадан қочиб чиққан инсонларнинг сони 1 миллионга етган.

    Мамлакатни тарк этган одамларнинг сони охирги уч кунда кўпайган.

    Ҳали душанба куни БМТ Украинани тарк этганларнинг сони ярим миллионни ташкил этгани ҳақида хабар қилган эди.

    Қочқинларнинг аксари Польшага ўтган.

    БМТнинг қочқинлар бўйича Олий комиссари Филиппо Гранди инсонпарварлик юкларини жабрдийларга етказиш учун Россия ҳарбийларини Украина шаҳарларини ҳужумга тутишни тўхтатишга чақирган.

    Таҳлилчилар ҳисоб-китобича, Украина инқирози туфайли 12 миллионча одам бошпанасиз қолиши мумкин.

  7. Украина: Россия талофати 9000 ни ташкил этди

    Украина қуролли кучлари Россия ҳарбийларининг талофатлари ҳақида маълумот эълон қилди:

    • шахсий таркибдаги қарийб 9000 инсон(УНИАН агентлиги ушбу рақам ўлдирилган ва яраланганларни назарда тутишини маълум қилган)
    • 217 та танк
    • 900 жанговар зирҳли машина
    • 11 ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими
    • 31 та тикучар

    2 март куни илк бор Россия Мудофаа вазирлиги Украинадаги талофатлари ҳақида маълумот берди. Россия Мудофаа вазирлигига кўра, 498 Россия ҳарбийси ҳалок бўлган, 1597 ҳарбий яраланган.

    Мудофаа вазирлиги ушбу маълумотга ҳарбий амалиётларда иштирок этаётган Россия Гвардияси ва ўзини мустақил деб эълон қилган ДХР ва ЛХР кучлари талофатларини ҳам ўзи ичига олган-олмаганини аниқламаган.

    Би-би-сида икки томон баёнотларини текшириш ва мустақил баҳолаш имконияти йўқ.

  8. 7-кун: Янги кун янада кўп вайроналар билан бошланди

    Харьков шаҳри ҳокими хабар қилишича, Украинанинг иккинчи аҳолиси кўп шаҳрига ракета ҳужумлари оқибатида камида 21 инсон ҳалок бўлган, 112 киши яраланган.

    Харьков шаҳридаги полиция идораси ва унга яқин жойлашган Каразин университети биноларига ракеталар келиб тушган.

    Украина ҳарбийлари хабар қилишича, қуршовдаги Харьковни тўла қўлга олиш мақсадида Россия ҳарбий десантчилари ташланган.

    Афтидан, Украина жанубида Россия ҳарбийлари катта силжишга эришганлар, Россия Мудофаа вазирлиги Херсон шаҳри устидан назоратни қўлга киритганини даъво қилди.

    Бироқ Херсон шаҳри ҳокимига кўра, Херсон Россия қўшинларининг тўла қуршовида қолган, аммо ҳамон Украинаники.

    Бир кун олдин Киевдаги телеминора ҳужумга тутилгани, оқибатда беш инсон ҳалок бўлгани ва яна беш киши жроаҳтлангани ортидан Украина теле ва радио кўрсатув ва эшиттиришларининг эфирга узатилиши вақтинча узилган.

    Украина шимолидан Киевга қараб ҳаракатланиб келаётгани хабар қилинган ҳарбий карвон Киевдан 24 километрча узоқликда экани хабар қилинмоқда.

    Мамлакат жанубидаги стратегик Мариуполь порт шаҳри ҳам Россия кучларининг мунтазам бомбардимонлари остида қолмоқда.

    АҚШ Конгрессидаги чиқишида Президент Жо Байден айтишича, Россия Президенти Владимир Путин Ғарбнинг Украина ишғолига жавоби бунчалар қаттиқ бўлишини ҳисобга олмаган.