You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.

Take me to the main website

Украина Киев атрофидаги Россия қўшинларини сиқиб чиқармоқда, Россия отган ракеталарнинг 60 фоизи яроқсиз, Мариуполдаги театрда жон сақлаган 300 киши ўлгани айтилмоқда

Британия Мудофаа вазирлиги украиналиклар Киев шарқидаги Россия қўшинларини сиқиб чиқаргани ва Украина ҳарбийлари пойтахтдан 35 чақирим масофагача ерларни қайтариб олганини маълум қилди. Мариупол ҳокимлиги 16 март куни қилинган бомбардимон натижасида қарийб 300 одам ҳалок бўлганини айтмоқда. Россия армияси отган 1000 дан ортиқ ракеталарнинг 60 фоизи нишонга тегмаган.

Жонли ёритиш

  1. Оқ Уй: Россия кимёвий ё биологик қуролларни қўллаши мумкин, Урушнинг 15-куни

    Россия Украинага кимёвий ё биологик ҳужумлар қилишни режалаётган бўлиши мумкин ва биз буни кузатиб туришимиз керак, дейди Оқ Уй.

    Оқ Уй матбуот котиби Жен Псакининг айтишича, Россиянинг Украинада АҚШнинг биологик қурол лабораториялари борлиги ва кимёвий қуроллар тайёрланаётгани борасидаги иддаолари аҳмоқонадир.

    Унга кўра, бу каби сохта иддаолар Россиянинг келгусида амалга ошириши мумкин бўлган ҳужумларини оқлаш учун қилинмоқда.

    Аввалроқ Оқ Уй расмийлари уруш янада шиддатлашиши ва Россия но-одатий қуролларни қўллаши мумкинлигидан хавотир билдиришган.

    Бу каби қуролларга одатда кимёвий қуроллар, тактик (кичик кўламли) ядровий қуроллар, биологик қуроллар ва “кир бомба” номли бомбалар тури киради.

    Уларнинг айтишича, Россиянинг Суриядаги ҳарбий аралашуви даврида кимёвий қуроллардан фойдаланилган.

  2. Лавров: "Бу уруш эмас, махсус амалиёт", Урушнинг 15-куни

    Анталядаги музокаралар ортидан гапирган Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавровдан уруш қандай кетаётгани ҳақида сўралганда, у таржимон орқали “бу махсус амалиёт” деди ва у “умумийла, режадагидек” кетаётганини айтди.

    Лавров Ғарбни Украинага қурол етказиб бериш билан “хавфли амал қилиш”да айблади ва бу “уларнинг тамойиллари ва қадриятлари”га қарши эканини билдирди.

    Россиянинг бошқа давлатларга қарши ҳужум қилиш нияти бор-йўқлиги ҳақида сўралганда, у бундай ният йўқлигини айтиб, яна бир бор Россия Украинага ҳужум қилмаганини қайтарди.

  3. Лавров оддий аҳоли "қалқон" қилиняпти дейди, Кулеба яна учрашишга тайёр, Урушнинг 15-куни

    Украина ташқи ишлар вазири Дмитро Кулеба Анталяда Россия билан ўтган тинчлик музокаралари ортидан журналистларга гапирди.

    Унинг айтишича, икки томон Украинадаги инсонпарварлик масалаларига ечим топишга келишиб олишган.

    У “агар мазмунли мунозара ва ечимлар изланишига ишоралар бўлса, айни форматда яна учрашиш”га рози эканини айтган.

    “Мен Украинадаги урушни тўхтатиш, украиналик оддий фуқароларнинг азобига якун ясаш ва ерларимизни Россия босқинчи кучларидан озод қилиш ниятида бу каби мулоқотни давом эттиришга розиман”, - деди Кулеба.

    Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ҳам журналистларга гапирар экан, Украинада оддий аҳоли қалқон сифатида ишлатилаётганини айтди.

    У аввал ҳам янграган Россия даъволарини қайтара туриб, “гўёки ҳудудий мудофаа кучлари” томонидан “оддий фуқаролар гаровга олинган”ини айтди.

    Лавровнинг айтишича, учрашувда асосан “турк дўстлар”ининг инсонпарварлик масалаларидаги таклифлари муҳокама этилди.

    У Россия оддий аҳолига инсонпарварлик даҳлизларини очишда давом этаётганини билдирди.

  4. Шошилинч хабар: Британия Челси футбол клубининг эгаси Абрамовичга санкциялар киритди, Урушнинг 15-куни

    Британия ҳукумати Лондондаги Челси футбол клубининг эгаси Роман Абрамовичга қарши жазо чораларини киритди.

    Россиялик миллиардер Британияда пул ва мулклари музлатилган етти Россия олигархидан бири бўлмоқда.

    Онлайн чоп этилган Британия Молия вазирлиги ҳужжатида Абрамович Россия Президенти Владимир Путинга яқин бўлган “Кремплпараст олигарх” дея тасвирланган.

    Абрамович ўтмишда Путин ва Кремлга молиявий алоқалари борлигини рад этиб келган.

    Абрамовичга қарши жазо чоралар Россиянинг Украинага босқини ортидан Ғарбда эълон қилинаётган мисли кўрилмаган санкцияларнинг охиргиси бўлмоқда.

  5. Туркияда Россия-Украина тинчлик музокаралари бошланди, Урушнинг 15-куни

    Икки лимузин алоҳида етиб келди. Аввалига Украина ташқи ишлар вазири Дмитро Кулебани туркиялик ҳамкасби кутиб олди. Сўнг Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров етиб келди.

    Бу музокаралар бутун дунё диққати марказида.

    Анталяда матбуот анжумани учун ажратилган хона халқаро журналистлар ва тасвирчилар билан тўлган.

    Музокараларнинг ўзи ёпиқ эшиклар ортида ўтказилди, аммо ҳам Россия ва ҳам Украина делегациялари музокара ортидан журналистлар билан суҳбатлашишни ваъда қилишган.

    Айни дамда, бу учрашувдан кўп нарса кутилмаяпти.

    Кулебанинг аввалроқ айтишича, ҳар қандай силжиш Лавровнинг Москвадан оладиган “кўрсатма”ларига асосланади.

  6. Зеленский: Мариуполдаги туғруқхонага ҳужум - "уруш жинояти", Урушнинг 15-куни

    Украина президенти Володимир Зеленский Мариуполдаги туғруқхона ва болалар касалхонасига қилинган Россия ҳаво ҳужумини “уруш жинояти” деб атади.

    Ҳужумда 17 киши жароҳат олган. Мариупол ҳокими хабар қилишича, уч киши ҳалок бўлган.

    “Бу қандай давлат ўзи – Россия федерацияси, у касалхоналар ва туғруқхоналардан қўрқиб уларни вайрон қиладими?” – деб сўради Зеленский Киевдан қилган видео мурожаатида.

    “Туғруқхонада кимдир русийзабонларни камситганми? Нима бу ўзи? Бу касалхона “денацификация”си эдими?” – деди у.

    Зеленский касалхонага ҳужумни «украиналикларга қарши геноцид амалга оширилаётганининг охирги исботи», дея баҳолади.

  7. Украина ишғоли: Тўлашга пулим йўқ ёки Ғарб жазо чоралари Россия фуқароларига таъсир қила бошлади, Можаронинг 14-куни

    "Агар ҳозир Россиядан кетиш имкони бўлса, кетган бўлардим. Аммо ишимни ташлаб кетолмайман", дейди Андрей.

    У ҳозир Москвада ипотека ҳам ололмайди - фоиз ставкалари кўтарилиб кетди.

    У каби миллионлаб россияликлар ўз мамлакатлари Украинага бостириб киргани учун Ғарб қўйган иқтисодий санкциялари таъсирини ҳис қила бошладилар.

  8. Украина: Россиянинг талафоти минглабми?, Можаронинг 14-куни

    Пентагон Россиянинг Украинадаги талафотларига оид ўзининг янги рақамларини очиқлади.

    Америка Мудофаа вазирлигининг ҳисоб-китобларига кўра, Россия 2 мингдан 4 мингтагача одамини бой берган бўлиши мумкин.

    Бугун Россия Украинада бошлаган "махсус ҳарбий амалиётлар"нинг 14-куни.

    Украина ва Ғарб буни "тўлақонли ишғол" ва "ростмана уруш" эканини айтиб келади.

    Россиянинг талафотларига оид рақамларни вазирликнинг Разведка бошқармаси бошлиғи эълон қилган.

    Скотт Берриернинг даъво қилишича, "Россиянинг режаси пухта бўлмаган".

    У буни разведка маълумотлари таҳлили ва очиқ манбалардаги маълумотларга асосланиб айтаётганлигини таъкидлаган.

    Украина томонининг сўнгги иддаоларига таянилса, Россиянинг талафоти шу пайтгача 10 мингдан ошган.

    УНИАН агентлиги бу рақамлар фақат ҳалок бўлганлар эмас, яраланганларни ҳам ўз ичига олишини қайд этган.

    Россия Мудофаа вазирлиги фақат бир марта ўзларининг талафотларига оид маълумотларни расман ошкор қилган.

    Вазирлик қурбонлари сонини 498 тага нисбат берган.

    Бўлинмалари Украинада жанг қилаётган Россия Гвардия кучлари эса, ҳозирча жим.

    Бу хусусда бирор бир билдиришнома билан чиқмаган.

  9. Россия нефть ва газига қўйилаётган тақиқлар унга ва сизга қандай таъсир қилади?, Можаронинг 14-куни

    Россия иқтисодига бир нечта кучли зарба берилди. АҚШ ва Британия Россия нефти импортини ман қилишга киришмоқдалар, Европа Иттифоқи эса Россия газига тобелигини камайтиришини айтяпти.

    Президент Байденнинг айтишича, бу мувофиқлаштирилган жазо чоралари "Россия иқтисодининг асосий қон томири"ни нишонга олади.

  10. Баҳо: Украина Россияни бемалол енга оладими?, Можаронинг 14-куни

    АҚШ Давлат котибининг айтишича, Россияга қарши урушда Украинанинг мағлубияти муқаррар эмас. Унга кўра, Украина ютиши мумкин.

    Энтони Блинкен Украинадаги ҳозирги вазият манзарасида Би-би-сига интервью берди.

    АҚШ Давлат котиби можаронинг қанчалик узоққа чўзилиши ҳақида бир нима дея олмаслигини эътироф этди.

    Аммо Россия билан урушда Украина ғалаба қозона олади, деб ишонишини айтди.

  11. Украина: Путиннинг режаси чиппакка чиқиб, Украинанинг қўли баланд келаяптими?, Можаронинг 14-куни

    АҚШ Марказий Жосуслик хизмати раҳбари янги баёнот билан чиқди.

    Уильям Бернснинг айтишича, Путин пойтахт Киевни икки кунда олмоқчи бўлган.

    У АҚШ Конгрессидаги тингловда гапирган.

    Конгресс вакилларини огоҳлантирган.

    Бернснинг ўйлашича, “Путин ҳозир ғазабда ва ҳафсаласи пир бўлган”.

    “Худди шу боис ҳам у инсоний талафотларга қараб ўтирмаслиги, икки карра куч билан Украина Қуролли кучларини яксон этишга ҳаракат қилиши мумкин”.

    АҚШ Жосуслик хизмати раҳбарига кўра, “Путин узоқ йиллар давомида норозилик ва амбициялар ўтида ёнган”.

    У 24 февраль куни бошланган ишғол Кремль раҳбарининг “чуқур шахсий ишончи” масаласи эканини даъво қилган.

    Уильям Бернснинг сўзларига расмий Кремлнинг муносабати ҳалича маълум эмас.

    Буюк Британия Мудофаа вазирлиги ҳам Украина Ҳаво кучлари зафар қучаётганини айтиб чиққан.

    Вазирликка кўра, худди шу нарса Россиянинг Украина ҳаво ҳудудини забт этишига тўсқинлик қилаётган бўлиши мумкин.

    Буюк Британия Мудофаа вазирлигининг қўшимча қилишича, Россия кучлари учун Киев учун жанглар ҳам осон кечмаётир.

    “Украина пойтахтини эгаллаш йўлида бирор бир жиддий ютуққа эриша олишгани йўқ”.

  12. Украина: АҚШ Россия нефтидан воз кечди, Можаронинг 14-куни

    АҚШ президенти барибир бир қарорга келди.

    Россиянинг жавоб чоралари билан қилган таҳдидига қарамай, унинг нефти, гази ва кўмири экспортини буткул тақиқлади.

    Расмий Вашингтон ўзининг қарори Россия президенти Владимир Путинга “жиддий зарба” бўлади, деган умидда.

    Жо Байденнинг айтишича, “Путиннинг урушини субсидия қилиш ниятлари йўқ”.

    АҚШ президенти Европадаги иттифоқчилари Россия газига кўпроқ қарам экани, шу боис ҳам, худди ўзларидек йўл тута олмасликларини ҳам эътироф этди.

    Газнинг нархи кўтарилиб бораётганига оид хавотирларга қарамай, Байденнинг сўнгги қарори ҳар икки партиядаги аксарият томонидан бирдек маъқулланди.

    Байденнинг баёноти кутиларкан, жаҳон бозорида нефтнинг нархи кескин кўтарилди.

    Бир баррель нефтнинг баҳоси беш фоиздан ортиқроққа қимматлади – 130 долларга чиқди.

    Бунинг ортидан Буюк Британия Бош вазири ҳам мамлакати Россия нефтидан воз кечишини айтди.

    Аммо бунга шу йил охирига бориб муваффақ бўлишларини ҳам тан олди.

  13. Украина: Россия тобора иҳоталанаяптими?, Можаронинг 14-куни

    Украина ишғоли боис Россияни ташлаб чиқаётган глобал брендларнинг сафи янада кенгаймоқда.

    Coca Cola, McDonalds ва Heineken уларнинг сўнггиси бўлишган.

    Улар ҳам ўзларининг Россиядан чиқиб кетишларини эълон қилишган.

    Кремль эса, Ғарбнинг устма-уст санкциялари оқибатларини юмшатиш ҳаракатида.

    Бугун, чоршанба куни Москва фонд биржасидаги савдонинг қисман чекланиши айтилган.

    Банкларда махсус ҳисоби бўлганларнинг ҳам ундан қанча хорижий валюта олишлари белгилаб қўйилган.

    Аммо россияликлар ўз мамлакатлари тобора иҳоталаниб бораётганига гувоҳ бўлишмоқда.

    Бундан аввал Starbucks, l’Oreal ва Pepsi ҳам Россиядан чиқиб кетишаётганини эълон қилишган.

    Темир тўсиқ қулаб, Россияда ўзининг илк ресторанини очганида, McDonalds Ғарб билан янгича муносабатларнинг тимсоли сифатида ҳам кўрилган.

    Президент Владимир Путин Украинада “махсус ҳарбий амалиёт” олиб бораётганликларини айтади.

    Буни Россиядаги кўпчилик қўллаб-қувватлашини таъкидлайди.

    Аммо аҳолисининг олаётган ахбороти қаттиқ назорат қилинади.

    Украина ва Ғарб Россиянинг “махсус ҳарбий амалиёти”ни “тўлақонли ишғол” ва “уруш”, деб атайди.

  14. Украина: Сумида ўнлаб одам қандай ўлдирилган?, Можаронинг 14-куни

    Россиянинг ўтган тунда Сумига уюштирган ҳаво ҳужумига оид янги тафсилотлар маълум бўлди.

    Суми губернаторининг айтишича, Россия шаҳар шимоли-шарқидаги аҳоли турар-жойларига зарба берган.

    Дмитрий Живицкий Би-би-си билан интервьюсида буни “оммавий қотиллик”ка қиёслаган.

    Унга кўра, “бир кечанинг ўзида учта бомба ташланган. Бу даҳшатли тун бўлган”.

    Хабарларга кўра, бир ҳовлининг ўзидан тўққиз киши қурбон бўлган.

    Олтита уй-жой буткул вайрон этилган. Йигирмага яқинига қисман зиён етган.

    Россия муваққат сулҳга амал қилиб, инсонпарварлик йўлагини очган сешанба кунининг ўзида Сумидан 5 мингга яқин одам эвакуация қилинган.

    Суми Россия кучларининг давомий ҳужумларига нишон бўлиб келади.

    Шаҳар губернаторининг айтишича, инсонпарварлик йўлаги бугун ҳам очиқ бўлади.

    Маълум бўлишича, Россия яна бир бор ўт очишга рози бўлган.

    Россия давлат медиасининг хабарларига ишонилса, бунга ўхшаш йўлаклар пойтахт Киев, Чернигов, Харьков ва Мариуполда ҳам қайта очилган.

  15. Россия ва Украина Ташқи ишлар вазирлари учрашишмоқчи, Можаронинг 14-куни

    Сергей Лавров ва Дмитрий Кулеба эртага, пайшанба куни учрашишмоқчи.

    Ўз музокараларини Туркияда ўтказишмоқчи.

    Туркия Россиянинг Украинадаги амалларига ўзининг норозилигини расман ва ошкора билдириб келаётган давлатлардан бири бўлади.

    Дунёнинг НАТОга аъзо ягона мусулмон давлати саналади.

    Бу Россиянинг ишғоли бошланган икки ҳафтача вақт оралиғида икковлоннинг илк бор учрашиши бўлади.

    Россия ва Украина вакиллари шу пайтгача бир неча бор Беларусь чегарасида музокаралар олиб боришган.

    Кун тартибида Украинадаги ҳарбий амалиётга зудлик билан чек қўйиш ва Россия қўшинларини олиб чиқиб кетиш масаласи ҳам бўлган.

    Аммо ҳали-ҳануз икки ўртада доимий сулҳга эришилмаган.

    Музокаралар таклифи Туркия Ташқи ишлар вазиридан чиққан.

    Пайшанба кунги мулоқотнинг уч томонлама бўлиб ўтиши айтилаётир.

    Бугун Россиянинг Украинада ўзининг "махсус ҳарбий амалиёти"ни бошлаганига икки ҳафта тўлади.

    Украина ва Ғарб буни "тўлақонли ишғол" ва "ростмана уруш" эканини айтади.

    БМТ нинг сўнгги ҳисоб-китобларига таянилса, жанглар шу пайтгача мингдан зиёд одамни ўлдириб, яралаган.

    Қуролли тўқнашувлар боис, Украинадан қочиб чиққанларнинг сони 2 миллиондан ортган.

  16. Украина: Мингдан ошиқ одам ўлиб, яраланган, Можаронинг 13-куни

    БМТ Украинадаги инсоний талафотларга оид янги рақамларни эълон қилди.

    Халқаро ташкилотга кўра, Россиянинг ишғолида 400 дан ортиқ тинч фуқаро ўлдирилган.

    800 дан зиёдига турли кўринишдаги тан жароҳатлари етган.

    Россия 24 февраль куни Украинада ўзининг “махсус ҳарбий амалиёти”ни бошлаган.

    Украина ва Ғарб эса, бунинг “тўлақонли ишғол” ва “уруш” эканини айтади.

    БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарининг билдиришича, ҳақиқий рақамлар бундан ҳам кўп бўлиши мумкин.

    Ташкилотга кўра, кўпчилик ҳаво ҳужумлари ва портлашлар натижасида яраланган.

    Россия кучларининг зарбалари Украна бўйлаб “юзлаб турар-жойлар”ни вайрон қилган.

    Қурбонлардан бир нафарининг журналист экани айтилади.

    БМТ Россия ҳарбийларининг назорати остида бўлган ҳудудларда Украинани ёқловчиларнинг “ўзбошимча” қўлга олинишидан хавотир билдирган.

    Украина ҳукумати ихтиёрида бўлган минтақаларда эса, россияпараст, деб кўрилганларга қарши зўравонликлардан ҳам ўз ташвишларини изҳор этган.

    БМТнинг сўнгги ҳисоб-китобларига кўра, Россиянинг ўзида урушга қарши намойишга чиққан 12700 га яқин одам ҳибсга олинган.

    Халқаро ташкилот Россия яқинда қабул қилган янги таҳрирдаги қонун лойиҳасини ҳам қоралаган.

    Унга мувофиқ, Россиянинг Украинадаги ҳарбий амалиёти ҳақида “сохта” маълумот тарқатган ва Россия Қуролли кучларининг номига доғ туширган, деб топилганлар учун жиноий жавобгарлик кўзда тутилган.

  17. Имкон қадар тийилинг, Можаронинг 13-куни

    Хитой президенти Украинадаги вазиятни “хавотирли”, деб атади.

    Си Цзиньпин томонларни имкон қадар оғир-босиқликка чақирди.

    Хитой президенти бу ҳақда Франция ва Германия лидерлари билан виртуал мулоқоти чоғида баён қилди.

    Хабарни Хитой давлат телевидениеси тарқатди.

    Хитой президентига кўра, ҳозир бор эътибор вазиятнинг издан чиқиб кетмаслигига қаратилмоғи керак.

    Уч давлат бирлашиб, Россия ва Украина ўртасидаги тинчлик музокараларини дастаклаши лозим.

    Хитой Россия билан яқин дипломатик алоқаларга эга.

    Расмий Пекин шу пайтгача Россиянинг Украинага қарши амалларини на-да ёқлаган ва на-да танқид қилган.

    БМТ Хавфсизлик Кенгашининг Россия ишғолини қораловчи овоз беришида эса, бетараф қолган.

    Хитой дунёнинг ҳарбий, иқтисодий ва ядровий қудратларидан биттаси бўлади.

    Россиянинг анъанавий ва яқин иттифоқчиларидан бири сифатида кўрилади.

    Аммо Ғарб билан ҳам муҳим савдо-тижорий алоқалари бор.

  18. Инсонпарварлик йўлаклари очилди, Можаронинг 13-куни

    Россия Мудофаа вазирлиги янги баёнот билан чиқди.

    Оддий аҳолининг эвакуацияси учун Чернигов, Суми, Харьков, Мариуполь ва пойтахт Киевдан инсонпарварлик йўлаклари очилганини билдирди.

    Аввалги уринишлар эса, иш бермаган.

    Украина томони бунда Россияни айблаган.

    Россия кучлари муваққат сулҳга амал қилмаганликларини даъво қилган.

    Кеча режаланган сўнггисида эса, Россиянинг режасини “буткул ахлоққа зид” эканликда танқид қилган.

    Расмий Москва очмоқчи бўлган йўлаклар аксариятининг Россия ва Беларусга олиб чиқиши маълум бўлган.

    Россия Мудофаа вазирлиги бугун, Гринвич вақти билан эрталабки соат 07:00 дан бошлаб ўт очишни тўхтатиб туришганини айтган.

    Вазирликдан бу иқтибосни Россиянинг Интерфакс ахборот агентлиги келтирган.

    Шу соатларда олинаётган хабарларга кўра, қамал остидаги Мариуполдан очилган эвакуация йўлаги яна ўққа тутилган.

    Бу ҳақда Украина Ташқи ишлар вазирлигининг матбуот котиби айтиб чиққан.

    Олег Николенкога кўра, Россия кучлари Мариуполь ва Запорожье ўртасидаги йўлакни ҳужумга тутишмоқда.

    Унинг маълум қилишича, бу йўлак орқали шаҳарга ёрдам келтириб, у ердан одамларни олиб чиқиб кетиш учун 8 та юк машинаси ва 30 та автобус келаяпти.

    Қарийб бир ҳафтадирки, Мариуполда сув ва электр токи йўқ, озиқ-овқатнинг ҳам таги кўриниб қолган.

    Украина томонининг сўнгги даъвосига Россиянинг муносабати ҳозирча имконсиз.

    БМТ эълон қилган сўнгги маълумотларга таянилса, Украинадан қочган одамларнинг сони 2 миллиондан ошган.

    Келаси бир неча кун ичида Украинада об-ҳавонинг кескин совиб кетиши, айрим ерларида ҳароратнинг -20 гача пасайиб кетиши кутилмоқда.

  19. Украина: БМТ янги рақамларни очиқлади, Можаронинг 13-куни

    Халқаро ташкилотнинг Би-би-сига айтишича, Украинадан қочаётганларнинг сони 2 миллиондан ортди.

    БМТ Қочқинлар бўйича Олий комиссарлигининг комиссари ҳали анча олдин буни Иккинчи Жаҳон урушидан кейин Европадаги энг йирик қочқинлар инқирози, деб атаганди.

    Украиналиклар Россия 24 февраль куни бошлаган “махсус ҳарбий амалиёт” боис қўшни давлатларга қочишмоқда.

    Украина ва Ғарб Россиянинг амалиётини “кенг кўламли ишғол” ва “ростмана уруш”га қиёс беришаётир.

    Россия ҳозирга келиб, Украинанинг йирик ва стратегик жиҳатдан муҳим шаҳарларига қаратилган ҳужумларини янада шиддатлаштирган.

    Уларга ҳам ҳаводан ва ҳам қуруқликдан зарба бераётир.

  20. Украина: Россия оғир талафотга учраяптими?, Можаронинг 13-куни

    Британия Мудофаа вазири Россиянинг Украинадаги ҳарбий амалиётларига ўзининг баҳосини берди.

    Бен Уоллеснинг айтишича, Россия кучлари Украинада оғир талафотларга учрашаяпти.

    Россия бунинг натижасида тобора “чорасиз” аҳволга тушиб бормоқда.

    “Ҳужумлари янада ваҳшатли тус олаяпти”.

    Британия Мудофаа вазирига кўра, бугун 13-кун. Россия ҳали ҳам олға силжиётгани йўқ.

    “Ўзлари кўп тўхталаётган шимолий карвони ҳам ҳақиқатда бир жойда тиқилиб қолган. Олдинга айтарли ҳаракатланмаяпти”.

    Вазирнинг маълум қилишича, Британия Украинага ҳарбий ва ноҳарбий кўмакларини янада кўпайтиради.

    Ёрдамларнинг НАТО ва Европа Иттифоқига аъзо давлатлар орқали олиб ўтилишини ташкиллаштиришда ҳам ёрдам беради.

    Унга кўра, ўз режалари тафсилотларини эртага, чоршанба куни парламент мажлиси чоғида эълон қилади.