Ўзбекистон: "Янги Ўзбекистон. Янги нигоҳ" медиаҳафталиги ва Россия:Рейдлар бошланди, энди итлар билан текширилаяпти bbc.com/uzbek дайжести - O'zbekiston Rossiya migrantlar yangiliklar

Published
  • "Янги Ўзбекистон. Янги нигоҳ"да Россияликлар сабоғи
  • Россияда эса мигрантларни итлар билан текширишаяпти
  • Инстаграмда видео тарқатган мигрантни ФХХ қўлга олди
  • Яна бир ўзбекистонлик 8 йилга қамалди

Беш кунлик медиаҳафталик

Медиа ҳафталик

Сурат манбаси, official

Бугун Тошкентда Бутунжаҳон матбуот эркинлиги кунига бағишланган "Янги Ўзбекистон. Янги нигоҳ" медиаҳафталиги ўз ишини бошлади.

Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, Ўзбекистон Кинематография агентлиги, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи, Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети каби бир қатор ташкилотчилар беш кун давомида ўнлаб конференциялар, фильмлар намойишлари, ижодий учрашувлар ва тақдимотлар ўтказилишини маълум қилган.

"Ҳафталикнинг барча тадбирлари ёш журналистлар, иқтидорли ёш мутахассислар ва талабаларнинг касбий маҳоратини, билим даражасини оширишга, ижодий ва касбий ривожлантиришга йўналтирилган", - дейилади медиаҳафталик пресс-релизида.

Медиа ҳафталик

Сурат манбаси, official

Россия нашрлари медиаҳафталик борасида "Дмитрий Киселев ўзбекистонлик ёш журналистларга ўргатиш учун машҳур шоуменлар билан биргаликда Тошкентга учганини" маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, Дмитрий Кисилев - "Россия сегодня" халқаро ахборот агентлиги бош директори, "Вести Недели" дастурининг муаллифи ва бошловчисидир.

У ўзининг кескин аксилғарб чиқишлари билан машҳур.

"Янги Ўзбекистондаги ҳаётимиз жадал равишда ривожланмоқда ва атрофдаги барча нарсаларнинг, шу жумладан, медиамаконнинг трансформациясини талаб қилмоқда. Одамлар ижтимоий тармоқлар, телевидениега кўпроқ қизиқяптилар ва шу сабабдан медиа, истеъмолчиларнинг талабларига қараб ишлаши керак. Шу ўринда Ўзбекистон 60 % ёшлардан иборат мамлакат эканини ҳисобга олиш лозим. Шунинг учун ёшлар талабига жавоб бера оладиган контентни ярата билиш муҳим. Бундай контентни фақат ҳар қандай форматда ишлай оладиган, серқирра ва мамлакат ҳаётини тезкорлик билан ёрита оладиган ёш авлод журналистлари, мултимедия контент муаллифлари яратиши мумкин", - деб айтган ўз чиқишида Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси раҳбари Фирдавс Абдуҳолиқов.

7 майга қадар давом этадиган медиаҳафталикда таниқли журналистларнинг маҳорат дарслари билан бирга, "Шум бола-2021" халқаро кинофестивали ўтказилиши ҳам режалаштирилган.

Яна янги ҳужжат, бу гал 10 йиллик

Россия Ички ишлар вазирлиги мамлакатда узоқ вақт қолиш мақсадида бўлган барча муҳожирлар учун 10 йил давомида амал қиладиган ягона электрон ҳужжатни жорий этмоқчи. Вазирлик матбуот хизмати маҳаллий ОАВга бу ҳақда маълум қиларкан, ҳужжатнинг амалга киритилиш вақтини ҳозирча билдирмаган.

«Чет эл фуқароси учун Россия Федерациясида узоқ вақт қолиш ҳуқуқига эга бўлишнинг зарурий шарти - ягона электрон маълумот манбаси бўлган ҳужжатни олиш бўлади. Бу ҳужжат чет элликларга 10 йил муддатга берилиши режалаштирилган ва унинг амал қилиш муддати тугагандан сўнг у янгиланади», - дея изоҳ берган ИИВ матбуот хизмати.

ИИВ га кўра, ягона электрон ҳужжатда унинг эгаси ҳақидаги барча маълумотлар жамланади. Бу вақтинча ишлаш ёки яшаш ҳуқуқини берувчи амалдаги ҳужжатларга дахлдорми-йўқми, ҳозирча аниқ маълумотлар берилмаган.

Мигрантларни итлар билан текширишди

Петербургдаги полициянинг итлар билан ўтказган рейдлари чоғида 30 нафар далолатнома тузилди, дея маълум қилди маҳаллий нашрлар.

Хабарга кўра, Санкт-Петербург полицияси кинологлари мигрантлар яшаб-ишлайдиган Пушкин туманидаги қурилиш майдончаларида ўнлаб вагон-уйларда тақиқланган моддаларни излашган.

- Тадбир мақсади миграция қонунчилиги нормаларига риоя қилинишини текшириш,жиноятлар профилактикаси ва олдини олишдан иборат эди, - дейилади ИИВ Бош бошқармаси хабарномасида.

Тақиқланган моддалар текширувига қарши итлар билан ўтказилган рейдда 75 нафар мигрантларининг ҳужжатлари текширилган. Натижада, миграция қонунчилиги нормаларини бузганлик учун 30 га яқин баённома тузилган.

ИИВ хабарномасида махсус итлар ва кинологлар билан мигрантларнинг вагон-уйларида ўтказган текширувида тақиқланган моддалар топилгани ҳақида ҳандай маълумот йўқ.

Инстаграмдаги видеоларни ФХХ кузатган

Екатеринбургда 23 ёшли ўзбекистонлик муҳожир ҳибсга олинган, у ижтимоий тармоқларда терроризмга чақириқларни эълон қилганликда айбланмоқда.

Суриштирувларга кўра, мигрант бир неча йил олдин Урал пойтахтига ишлашга келган. У 30 апрел куни ФХХ ходимлари томонидан ҳибсга олинган.

Маҳаллий нашрларнинг ёзишича, ўзбекистонлик муҳожир йигит Инстаграмда террористик ҳаракатларни амалга оширишга чақирувчи видео материалларни тарқатган.

Ҳозирда муҳожирга қарши террористик фаолиятга даъват қилиш, терроризмни тарғиб қилиш моддаси бўйича жиноий иш қўзғатилган. У 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

Ўз рафиқасини пичоқлаган мигрант 8 йилга қамалди

29 апрел куни Москвада 2020 йил сентябр ойида «Каширская Плаза» савдо марказида хотинини пичоқлаб ўлдирган Ўзбекистон фуқаросига суд ҳукми ўқилди. У РФ ЖК нинг қотиллик бўйича моддасига кўра айбдор деб топилиб, саккиз йил қаттиқ тартибдаги колонияда жазо муддатини ўтайдиган бўлди.

8 ой олдин 36 ёшли ўзбекистонлик Т.И.нинг савдо марказидаги қотиллиги тасвирланган видеолар ижтимоий тармоқларда кенг тарқалганди. Кундуз куни савдо марказида одамлар кўз ўнгида аёл кишини аёвсиз дўппослаётган эркакни кўриб ўткинчилар полиция чақирган. Полиция етиб келгунича, аёлга бир неча бор пичоқ урган ва аёл тан жароҳатлари оқибатида воқеа жойида вафот этган.

Тергов суриштирувларига кўра, марҳума Т.И.нинг рафиқаси бўлган. Айбланувчи жиноятга рашкни сабаб қилиб кўрсатган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek