Дайжест: Мирзиёев таклифи, мораторий битаяпти, арилар ҳам кира олмади, педофилликда айбланаётган ўзбек - O'zbekiston Rossiya migrantlar yangiliklar

Сурат манбаси, official
Президент сайловини ЕХҲТ тўлақонли миссияси кузатадими? Россияда пандемия сабабли ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларига жорий қилинган мораторий ниҳоясига етмоқда. Ўзбекистонлик нолегаллар депортациядан огоҳлантирилди. Рус тили сертификати муддати 3 йилга қисқартирилади.
- Президент сайловини ЕХҲТ тўлақонли миссияси кузатадими?
- Ё ўзингиз кетинг, ё ҳайдаймиз.
- Рус тили 3 йилда эсдан чиқиб қоладими?
- Ҳужжатсиз арилар Ўзбекистонга қайтарилди.
- Ўзбекистонлик 14 ёшли ўсмир билан машинада ушланди...
Таклиф
Шавкат Мирзиёев бўлажак президент сайловини кузатиши учун Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси ва Парламент ассамблеяси тўлақонли миссиясини таклиф қилди.
Ўзбекистонда навбатдаги президент сайлови шу йилнинг октябрь ойига режаланган.
Бўлажак сайловда амалдаги президент Шавкат Мирзиёев ўзининг қайта беллашиш-беллашмаслиги ҳозирча маълум эмас.
Марказий Сайлов комиссияси 14 апрель куни президент сайловига тайёргарликни бошлаган, чора-тадбирлар дастурини расман тасдиқлаган.
Ўзбекистон президенти эса, худди ўша куни пойтахт Тошкентда Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг амалдаги раиси, Швеция ташқи ишлар вазири Анн Линде билан учрашганди.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг таклифига оид сўнгги янгилик ана шу учрашувдан беш кун ўтиб ўртага чиққан.
Хабарларга кўра, бу ҳақда Ўзбекистон президентининг матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилган.
У, "Бу борада бизга холисона баҳо керак", — дея президентнинг Анн Линде билан учрашувида айтган сўзларидан иқтибос келтирган.
ЕХҲТ Ўзбекистонга ўзининг тўлақонли кузатувчилар миссиясини илк бор 2016 йили юборган.
Ислом Каримовнинг кутилмаган вафоти ортидан муддатидан илгари чақирилган сайловда ўша пайтда мамлакатнинг муваққат президенти бўлган Шавкат Мирзиёев ғалаба қозонган, мустақил Ўзбекистоннинг расман сайланган иккинчи президентига айланганди.
Ўзбекистонда бу галги президент сайловига тайёргарлик глобал коронавирус пандемияси билан бир пайтга тўғри келмоқда.
Қонунийлаштиришга ҳаракат

Сурат манбаси, BBCUZBEK
Россия Ички ишлар вазирлигининг маълумотларига кўра, бугунги кунда мамлакатда МДҲ давлатларидан миллиондан ортиқ ноқонуний муҳожир бор, уларнинг энг катта қисми - 332 мингдан зиёди ўзбекистонликдир.
Мазкур меҳнат муҳожирларидан жорий йилнинг 15 июнига қадар Россия ҳудудидан чиқиб кетиш талаб қилинмоқда.
Маълумки, Россия пандемия даврида ишчиларни сақлаб қолиш мақсадида мамлакатдаги мигрантларнинг ҳужжатларида енгилликлар берганди.
Имтиёзлар карантин даврида 3 марта узайтирилиб, сўнгги муддати июнь ойининг ўртасига тўғри келаяпти.
Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Россиядаги ваколатхонаси раҳбари Саиднумон Мансуров "РИA Новости"га берган интервьюсида Ўзбекистон ва Россия ҳукуматлари меҳнат мигрантларини қонунийлаштириш масаласини ҳал қилишда яқиндан ҳамкорлик қилаётганини айтган.
5 йил эди, 3 йил бўлди

Сурат манбаси, BBCUZBEK
Россия мигрантларнинг рус тилини билиш сертификатлари учун амал қилиш муддатини қисқартирди.
Энди муҳожирлар рус тили, Россия тарихи ва унинг қонунларини билиш бўйича имтиҳонларни аввалгидек ҳар беш йилда бир эмас, ҳар уч йилда топширишлари керак бўлади.
Бу борадаги фармонни Россия Бош вазири Михаил Мишустин имзолаган ва мазкур ҳужжат ҳуқуқий маълумотларнинг расмий веб-сайтида эълон қилинган.
Россияга келган мигрантларнинг рус тили билими даражасини тасдиқловчи сертификат ишлаш учун патент олишдаги мажбурий ҳужжатлардан ҳисобланади.
Миграция борасида таҳлилчилар ушбу тартиб жорий этилганидан буён бу сертификатнинг муддатлилиги масаласини муҳокама этиб келадилар.
Экспертларга кўра, ўрганилган тилнинг 5 ёки 3 йилда унутилиб қолиши, яна қайта имтиҳон топшириш зарурати мантиқсизликдир.
Арилар ҳам ҳужжатсиз экан

Сурат манбаси, PA Media
Ўзбекистондан Россия ҳудудига олиб киришга уринилган асаларилар зарарли бўлиши мумкин, деб топилди.
Чеченистонга қараб кетаётган юк эгаси ўзбекистонлик бўлиб, асаларичилик қутиларининг санитария талабларига оид зарур ҳужжатлари текшируви сабаб манзилига етиб бормаган.
Россельхознадзор маъмурияти 14 апрель куни Ўзбекистон фуқаросининг Қозоғистон ҳудудидан 2352 та асаларичилик пакетини (кўчириш учун тузоқ) Саратов вилоятида тўхтатган.
"Асалариларга илова қилинган ҳужжатларни ўрганишда ветеринария талаблари бузилганлигини аниқладилар. Импорт қилинган асаларилар юқумли касалликлар бўйича текширилмаган", - дейилади Россельхознадзор бошқармаси хабарномасида.
Ўзбекистондан Қозоғистон орқали келаётган асаларилар Россия учун хавфли, деб топилган.
"Ушбу касалликлар ҳайвонларнинг юқумли касалликлари рўйхатига киритилган бўлиб, улар учун чеклов чоралари (карантин) ўрнатилиши мумкин", - деб таъкидлади Россельхознадзор.
Хабарга кўра, юк эгасига нисбатан 10.8-модданинг 1-қисмига (Ҳайвонларни ташишда ветеринария ва санитария қоидаларини бузиш) кўра маъмурий иш қўзғатилган.
"Aсаларилар учиб келган жойига қайтарилди", дейилади хабарда.
41 ёшли ўзбек педофилликда айбланмоқда
Ленинград вилоятида ўзбекистонлик муҳожир 14 ёшли болага жинсий зўравонлик содир этганликда айбланмоқда.
Мазкур воқеа ортидан жиноий иш қўзғатилган, педофилликда айбланаётган эркак ҳибсга олинган.
Унинг 41 ёшли Ўзбекистон фуқароси экани, ҳеч қаерда ишламаслиги, Санкт-Петербургда вақтинча рўйхатдан ўтгани, ўсмир билан ижтимоий тармоқларда танишишгани маълум қилинган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek



































