Дайжест. Россия: "Мигрантлар қамоқхоналари" кимларни кутмоқда, ўз ишқий видеосини тарқатган ўзбекистонлик - O'zbekiston Rossiya migrantlar yangiliklar

Россиядаги намойишлар

Сурат манбаси, EPA/ARXIV

Published
  • Намойишларда қатнашган чет элликлар депортация қилинди;
  • Москвада ҳар тўртинчи мигрант - ўзбекистонлик;
  • Маҳаллий нашрлар Россияда яна мигрантлар кўпайиб кетди, дея ёзмоқда;
  • Ўз ишқий видеосини тарқатган ўзбекистонликни нима кутмоқда?

Намойишдаги иштирок учун ҳайдалиш

Ноқонуний намойишларда қатнашганлиги учун 122 нафар чет эл фуқаросига Россияга кириш тақиқланди.

Бу ҳақда Россия нашрлари ИИВ маълумотига асосланиб хабар бермоқда.

2021 йилда Москва полициясининг миграция масалалари бўйича бўлинмалари Москвадаги норозилик ва рухсатсиз ҳаракатларда қатнашган 122 нафар чет элликларга қарши Россияга 40 йил муддатга киришни тақиқлаш тўғрисида қарор қабул қилди, деди миграция масалалари бўйича бўлим бошлиғи Дмитрий Сергиенко.

Расмийга кўра, Москва полицияси доимий равишда жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган чет элликларнинг Россия Федерацияси ҳудудига киришини чеклаш бўйича иш олиб бормоқда.

Маълумотга кўра, Москва полицияси уч ой ичида ҳуқуқбузарликларга мойил бўлган 24 455 нафар чет элликларнинг мамлакатга киришига рухсат бермаган.

Қирғизистонликлар ўзбекистонликлардан ўзди

Мигрантлар

Сурат манбаси, BBCUZBEK

Москвадаги мигрантлар сони 21 фоизга қисқарган. Ҳозирда пойтахтдаги мигрантларнинг 30 фоизи қирғизистонликлар, 27 фоизи ўзбекистонликлардир.

Айни пайтда Москвада 800 мингга яқин чет эл фуқаролари бор. Бундан бир йил олдин эса уларнинг сони миллиондан ортиқ эди.

- Москвадаги хориждиклар асосан Қирғизистон, Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари, - деди пойтахт ИИВ Миграция бошқармаси бошлиғи Дмитрий Сергиенко.

"Москвадаги чет эл фуқаролари сони 21 фоизга камайди, яъни 789 мингга етди. Ўтган йилнинг шу даврида уларнинг сони миллиондан ошган", - деди Сергиенко хавфсизлик, миграция сиёсати ва миллатлараро муносабатлар бўйича комиссия йиғилишида.

Москва жамоатчилик палатаси, пойтахтдаги чет элликларнинг аксарияти - қарийб 93 фоизи Россияга виза талаб қилинмайдиган мамлакатлардан келганлигини аниқлади.

"789 мингдан 733 мингтаси Қирғизистон (30%), Ўзбекистон (27%) ва Тожикистон (20%) фуқароларидир», - дея қўшимча қилди у.

Россияга виза билан келган чет элликлар асосан, Хитойликлардир Ундан кейинги ўринларда Туркия ва Вьетнам фуқаролалари турибди.

"Мигрантлар яна оммавий кела бошлашди"

Шу мазмундаги хабарлар ва мақолалар Россия нашрларида тобора кўпроқ кўрина бошлади.

Апрель ойидан айрим қўшни мамлакатларга авиақатновларнинг қисман тиклангани маҳаллий матбуот ва ижтимоий тармоқларда ташвишли чиқишларнинг кўпайишига сабаб бўлди.

"15 июнда "иммиграцион таътил" тугайди, яна мигрантлар Россияни "босиб» олишади"? деб ёзади "Московский комсомолец" нашри.

"Демак, Егорьевск ва Королевдаги мигрантларни вақтинчалик сақлаш марказлари (ЦВСИГ) ўзларининг биринчи меҳмонларини кутишмоқда. Бу ерга қонунбузарларни сақлашади, бепул боқишади ва кейин тўрт томонга қўйиб юборишади", - дейилади мақолада.

Россиялик расмийлар ҳам яна нолегал муҳожирлар сони кўпайиши мумкинлигини билдирди. Ўтган хафтада Россия ИИВ ноқонуний юрган муҳожирларни июндан кейин ҳайдалишидан огоҳлантирди.

Собиқ севгилисидан ўч олмоқчи эди

Россия полицияси

Сурат манбаси, ANTON NOVODEREZHKIN/TASS

Aрхангельскда Ўзбекистон фуқароси собиқ маъшуқасининг очиқ видеотасвирлари ва суратларини тарқатиш билан ўч олди.

Ва у бу ҳаракати билан 2 йилга яқин қамаладиган бўлди.

Архангельск вилоят тергов қўмитаси матбуот хизмати хабар беришича, 39 ёшли Ўзбекистон фуқароси 35 ёшли ўз ватандоши билан яқин муносабатда бўлган.

Муҳожир эркак севгилиси билан жинсий яқинлигини видео ва суратларга олиб юрган.

Маълум вақтдан сўнг жуфтлик ажралишгач, ушбу видео ва суратларни интернет орқали тарқатган.

Ўзбекистонлик аёл ҳуқуқ-тартибот идораларига шикоят билан мурожаат қилган.

Россия Федерацияси Тергов қўмитасининг Aрхангельск вилояти ва НAО бўйича тергов органлари томонидан тўпланган далиллар суд томонидан 39 яшар шахсга ҳукм қилиш учун етарли, деб топилди.

Сўроқ пайтида айбланувчи ўз айбини тан олгани айтилмоқда.

Муҳожир Aрхангельск шаҳар Ломоносов туман судининг ҳукми билан у 1 йилу 7 ойга умумий тартибдаги ахлоқ тузатиш колониясида жазо ўташга ҳукм қилинган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek