Қирғизистон кучли президент истайдими? Ўзбеклар қандай фикрда? Qirg'iziston, Markaziy Osiyo

    • Author, Шоҳруҳ Соипов
    • Role, Мустақил журналист, Ўш
  • Published

Қирғизистон расмийларига кўра, 11 апрель куни бўлиб ўтган референдумда қатнашганларнинг 79 фоизи мамлакат конституциясига ўзгартиришларни ёқлаб овоз берганлар.

Қирғизистоннинг Ўзбекистонга бевосита чегарадош ва ўзбеклар нисбатан зич яшовчи жануби ҳар бир сайловда муҳим аҳамият касб этади.

Олти миллиондан сал ошувчи мамлакат аҳолисининг бир миллионга яқинини ўзбеклар ташкил этади.

Ўшлик шифокор Одина Миразимова, ўтган ўн йил давомида республикада ҳукм сурган парламент бошқарувидан халқ истагандек ўзгаришлар бўлмаганини, аксинча, порахўрлик авж олиб, ноқонуний ишлар кўпайиб кетганини айтади.

"Парламент бошқаруви яхшидир балки, аммо Қирғизистонда бу тизим ижобий ишламади. Сабаби, парламентдаги депутатларнинг кўпчилиги халқни, давлатни эмас, ўз бизнес, чўнтагини ўйлаб ишлашди. Шунинг учун ўзгариш бўлмади. Халқнинг яшаш шароити аввалгига қараганда ёмонлашди. Президентлик бошқарувида яхши ўзгаришлар бўлади деб умид қилаяпмиз. Турли хил бошқарувда бўлаверса ҳам олдинга силжиш бўлмаяпти", дейди суҳбатдошим.

Унинг фикрича, янги Президент Садир Жапаров, Қирғизистоннинг иқтисодий аҳволини яхшилаб, инвесторларни жалб қилиб, завод ва фабрикаларни қуриш билан бирга ёшлар учун иш жойларини такшил қилиши керак. Миграция оқимини тўхтатиши керак.

Жорий йилнинг 10 январида ўтказилган президентлик сайловида, Садир Жапаров қарийб саксон фоиз овоз билан ғолиб бўлган.

Турғунова Асел Қирғизистоннинг янги конституцияси лойиҳаси билан яхши таниш эмаслигини айтади. Бироқ референдумда уни ёқлаб овоз берган. У бош қомус халқ фойдаси учун ишлашига амин.

"Қомусни салбий тарафлари бўлиши мумкин эмас. Президент жавобгарлик олаяпти", дейди уй бекаси.

"Нарх-наволар кўтарилаяпти, озиқ-овқат қимматлаяпти. Ночор оилалар бор. Уларга ёрдам бериш керак. Ойлик иш ҳақи, болалар учун нафақа пул ва қарияларнинг пенсиялари кўпайтирилса яхши бўлади. Улар ҳозир оз. Янги сайланаётган депутатларимиз шу масалаларга эътибор бериб, ёрдам беришса деймиз", дея умид қилади Асел.

Президент Садир Жапаров расман ишга киришар экан, илк расмий сафари билан аввал Россияга, кейин Қозоғистон ва Ўзбекистонга ташриф буюрди.

Ўшлик Мажид Эрбобоев давлат раҳбари референдум орқали ўз ваколатларини кенгайтирганидан кейин, энг аввало миллатлараро тотувликни яхшилаши ва қўшни давлатлар билан алоқаларни ривожлантириши кераклигини айтади.

"Ўзбекистон билан ҳамкорлик ривожланаяпти. Икки давлат президентлари ўзаро ҳамкорлик тўғрисида келишдилар. Қирғизистонда ҳам завод, фабрикаларни қуриш керак. Хитой билан темир йўл қуриш режалаштирилаяпти. Агар бу йўл қурилса, анча одам иш билан таъминланади. Иқтисод ривожланади", дейди суҳбатдошим.

У ўзбек ёшларини депутатликка отланаётгани қувонтираётганини, уларни давлат ишларига яна ҳам кўпроқ жалб қилиш орқали, сиёсий майдондаги ролини ошириш кераклигини урғулайди.

"Аҳолиси олти миллиондан сал кўпроқ Қирғизистонда бир миллиондан ортиқ ўзбек яшайди. Бу жуда катта кўрсаткич. Ўзбек ёш депутатларимиз қирғиз тилини яхши билиши керак, самарали алоқа қилиши учун. Илмли бўлса, яхши ишлайди. Албатта, тадбиркорлар ҳам кўп, улар ҳам ўз ишларини қилаяпти. Келажакда, давлат ишларига, депутатликка ўзбеклар ҳам кўпроқ қатнашишса яхши бўлади. Илм олиб, давлат равнақи учун ҳисса қўшсак, келажагимиз яхши бўлади", дейди нафақадаги Мажид Эрбобоев.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek