You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Чорикор шаҳарчасига келган селда 80 инсон ҳалок бўлди - янгиланди видео
Шимолий Афғонистондаги сув тошқини камида 80 инсон умрига зомин бўлди.
Бугун чоршанба саҳар чоғи кўпчилик ухлаб ётган пайтда Чорикор шаҳрининг бир қисми сув тошқини остида қолган.
"Аксар қурбонлар аёллар ва болалар" - дейди маҳаллий расмий Воҳида Шакар.
Қурбонлар сони ҳали яна ошиши кутилмоқда.
Офатдан кейин. Видео:
Офат рўй берган Парвон вилояти ҳокими Фазлиддин Аярнинг билдиришича, ҳали яна юзлаб одамлар ўлган бўлиши мумкин.
"Маҳалламизда иккита оила вайрона остида қолиб кетди" - дейди Афғонистон Толо телеканалига гапирган Абдул Мажид.
"Кўпроқ қутқарувчиларга эҳтиёжимиз бор".
Айни пайтда Афғонистоннинг бошпа бир нечта вилоятида ҳам сел офати юз берган.
Мамлакат бўйлаб жами 120 нафардан кўпроқ инсон нобуд бўлган.
Чорикорда олинган суратларда қутқарувчиларни, вайронага айланган уйларни ва лойга ботган кўчаларни кўриш мумкин.
Одамлар харобага айланган уйлари ўрнида қолган-қутган рўзғор ашёларини излаётганлари аксланган расмлар ҳам бор.
Ярим мингга яқин уй-жой вайрон бўлган, минглаб одамлар бошпанасиз қолган.
Президент Ашраф Ғани жабрдийдалар учун шошилинч ёрдам кўрсатилишини айтди.
Шимолий ва шарқий Афғонистонда ёзда кўп ёмғир ёғади.
Шу боис бу ерларда ёз пайти ҳам селлар бўлиб туради.
Жорий ой бошида аксар болалардан иборат 16 инсон шарқий Афғонистондаги сув тошқинида ҳалок бўлган эди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek