Дунёда карантин, Уханда байрам ё Хитой нега коронавирусдан қўрқмайди? - O'zbekiston, Xitoy, koronavirus

Published
Ўқилиш вақти: 3 дақ

Хитойнинг, тўғрироғи, бутун дунёнинг коронавирус ўчоғи саналган Уханда байрам.

Минглаб одамлар елкама-елка, маска тақмай, бирон хавфсизлик чорасига риоя этмай, аквапаркда байрам қилишди.

Бунақа ҳолатни 2020 йилда дунёнинг ҳеч бир мамлакатида тасаввур этиш қийин.

Ухандаги дунёни шок қилган видео:

Айниқса, коронавирус илк бор одамзодда аниқланган ва сўнг дунёга ёйилган Ухан шаҳрида айни манзарани кўпчилик кутмаганди.

Негаки, карантин чоралари юмшатилса ҳам. кўп мамлакатлар маска (ниқоб) тақиш, катта сонда одамларнинг бир жойда тўпланишини тақиқлаш ва ижтимоий масофани сақлаш каби чораларни ушлаб туришибди.

Аммо Хитойнинг айтишича, у ерда маҳаллий одамлар орасида бири-бирига коронавирус юқиш ҳоллари учрамаяпти.

Шу боис минг кишилик кўнгилочар байрамлар ва фестиваллар уюштирилмоқда.

Хусусан, Wuhan Maya Beach Water Park (Ухан Мая Пляжи Аквапарки) саҳнида ўтказилган улкан фестиваль бутун дунёни ҳайратга солди.

Бу тасвирлар ҳали бир неча ой олдинги кимсасиз Ухандан буткул фарқ қилади.

Январь ойида дунёдаги илк коронавирус карантини айнан Уханда бошланган ва кўпчилик уни арвоҳшаҳар, деб атаганди.

Аҳолиси 11 миллионлик Ухан шаҳри ва атрофидаги Ҳубей вилоятида ўтган апрель ойида карантин юмшатила бошлаган.

Май ойи ўртасидан бошлаб бу ерларда маҳаллий одамлар орасида бир-бирига коронавирус юққан ҳоллар учрамагани айтилади.

Аввалгидек ҳаёт

Коронавирус одамдан одамга ўтиши исботланишидан бир ҳафта ўтар-ўтмас Хитой қатъий чоралар кўрганди.

Уханда 400 кишида коронавирус аниқланиб, 17 инсон вафот этиши ортиданоқ (ўтган 23 январь куни) мисли кўрилмаган кескин карантин жорий этилган.

Карантин давомида Ухан ва атрофидаги минтақа Хитойнинг бошқа ҳудудларидан буткул узиб қўйилди.

Бир неча ойлар ичида минглаб уханликлар тест топширишди.

Одамларнинг бир жойда тўпланиши тақиқланди.

Март ойига келиб, ҳукумат карантин чораларини юмшатишни бошлади.

Ҳар бир хонадондан фақат бир киши икки соатга кўчага чиқишига рухсат берилди.

Савдо марказлари очилди, жамоат транспорти қайта ишга тушди.

Одамлар ўртада масофа сақлаб, ниқоб (маска) таққан ҳолда ташқарига чиқа бошладилар.

Апрелнинг саккизинчи куни эса карантин расман бекор қилинди.

Тўйлар бошланди.

Ҳаёт қайта ўз изига тушаётгандек эди.

Мактаблар ва бошқа ўқув юртлари очила бошлади.

Тижоратлар қайта жонланди.

Аммо 12 май куни Уханда олтита коронавирус ҳолати аниқланди.

Ҳукумат мисли кўрилмаган ишни қилди:

Ухандаги 11 миллион аҳолининг аксариятини тезда коронавирусга текшириб чиқди.

Вирус жиловланди ва назоратга олинди.

Июнь ойига келиб эса тунги кўчма емакхоналар, яъни кўчалардаги таом расталари очилди.

Июль ойида эса Хитойнинг аксар ҳудудларида ҳаёт қарийб аввалги ҳолига қайтди.

Кинотеатрлар ишга тушди, парклар, кутубхона ва музейлар одатдаги муштарийларининг ярмига яқинини қабул қила бошлади.

Кўп сонда одамлар тўпланадиган тадбирларга изн берилди.

Бугун, яъни август ойида Ухандаги ҳаёт деярли олдингидек давом этмоқда.

Аквапаркдаги кўп минг кишилик байрам - бунинг исботи.

Ушбу паркка дам олиш кунларининг ўзида ҳозир 15 минг одам келмоқда.

Ҳалиям бу одатдаги меҳмонларнинг ярми дегани.

Илгари икки кунда 30 минг одам келган.

Аквапаркдаги сўнгги байрам нафақат дунёни шок қилди.

Ҳатто Хитойнинг ўзида ҳам бир хилда қабул қилингани йўқ.

Ижтимоий тармоқларда одамлар хавотир изҳор этишди.

Аммо Уханда май ойидан бери маҳаллий одамларда коронавирус топилмаган.

Шаҳарда қарийб 10 миллион одам тест топширган.

Шу боис кўп кишилик тадбирлар ва байрамларга рухсат берилган.

Аммо шаҳарнинг аксар аҳолиси тест топширган эса-да, барибир, четдан кимдир коронавирусни олиб келиши эҳтимоли бўлади, деган хавотирлар ҳам айтилмоқда.

Масалан, маҳаллий аҳолида 3 ой давомида вирус топилмаган Янги Зеландияда кутилмаганда коронавирус ҳоллари аниқланди.

Бундай тадбирларда бир кишида вирус бўлса ҳам етади, у кўпчиликка юқиши мумкин.

Дунё вирус билан олишмоқда

Айни дамда коронавирус ортга чекинаётгани йўқ.

Дунё бўйлаб 21 миллиондан кўпроқ одам бу вирусни юқтирди.

Коронавирусни муваффақиятли тарзда жиловлагани айтилган Жанубий Корея каби давлатлар эса ҳозир иккинчи тўлқин қаршисида қолишмоқда.

Хуллас, бошқа давлатлар ҳам Хитой каби кучли ишонч билан бундай йирик ва кўп минг кишилик тадбирлар ўтказиши учун ҳали анча вақт бор.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek