"Унутманг, ортингизда Президент турибди" – минтақа етакчилари ўз халқларини Наврўз билан қандай табриклади?

prezident

Сурат манбаси, President.uz

Published
Ўқилиш вақти: 4 дақ

Марказий Осиё лидерлари сезиларли сиёсий ва иқтисодий синовлар манзарасида ўз халқларини Наврўз билан табрик йўллаган. ББC уларнинг анъанавий табрикларида бу сафар тилга олинган асосий нуқталарни ўрганиб чиқди.

Умуман олганда, минтақа давлатлари президентлари анъанага содиқ қолган ҳолда, қадимий урф-одатлар аҳамияти, миллий ўзлик, Наврўз айёмининг минтақа маданиятларида тутган ўрнини яна эсга олган.

Нутқ ва табрикларда ислоҳотлар, минтақавий ҳамкорлик, ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги эврилишлар каби кун тартибида турган масалалар ҳам тилга олинган.

Шунга қарамай, президентларнинг табрикларида эътибор беришга арзирли нуқталар ҳам кўзга ташланган.

Ўзбекистон

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Наврўзга бағишланган тантанали маросимда сўзлаган нутқида мамлакатда давом этаётган ислоҳотлар, инсон қадри, ижтимоий адолат, аҳоли турмуш даражасини яхшилаш каби мавзуларни тилга олган.

Президент жамиятнинг деярли барча асосий қатламларини санаб ўтиб, ёшларга мурожаат қилган.

"Қаерда бўлманг, қайси соҳада ишламанг, миллий қадриятларимизга, ўзлигимизга, Ватанимизга муносиб ва содиқ бўлинг! Ҳеч қачон унутмангки, ортингизда салкам 38 миллионлик буюк халқ, Президент турибди", деган у.

prezident

Сурат манбаси, President.uz

Сурат тагсўзи, Ўзбекистон етакчиси ўз нутқида минтақавий ҳамжиҳатлик ва қардош халқлар бирлиги муҳимлигига яна бир бор урғу берган

Мирзиёев маҳалла институти аҳамиятига алоҳида тўхталган ва бу йилда маҳалла раислари сайловлари бўлиб ўтишини эслатган ҳамда фуқаролар бу жараёнда "фидойи ва ватанпарвар юртдошлар учун овоз беришига ишониши" ҳақида гапирган.

Ўзбекистон етакчиси ўз нутқида минтақавий ҳамжиҳатлик ва қардош халқлар бирлиги муҳимлигига яна бир бор урғу берган

"Шу ой охирида қадимий Хўжанд шаҳрида Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон етакчиларининг уч томонлама учрашуви мана шу йўлда яна бир амалий қадам бўлади, деб ишонаман", деган у.

Қирғизистон

japarov

Сурат манбаси, President.kg

Сурат тагсўзи, Садир Жапаров Наврўзни Ош шаҳрида кутиб олган.

Президент Садир Жапаров қирғиз халқини Ош шаҳрида ташкил этилган тантанада қилган чиқишида табриклаган.

Қирғизистон президенти нутқидаги асосий нуқталардан бир – бу чегаралар масаласи.

Жапаров Ўзбекистон ва Тожикистон билан узоқ йиллардан бери совуқ муносабатларга сабаб бўлиб келган чегаралар муаммосига ниҳоят барҳам берилгани муҳим ютуқ бўлганини таъкидлаган.

"Қирғизистоннинг ривожи ва фаровонлиги мамлакатдаги барқарор вазият ҳам осойишталикка боғлиқ. Қирғизистоннинг ёрқин келажаги миллатимиздаги осудалик ва чегараларимизга тааллуқли муаммолар ечимига боғлиқ эканини айтишни истар эдим", деган президент Жапаров.

Жапаров минтақада визасиз режим ўрнатиш таклифини ҳам ўртага ташлаган.

"Эндиликда, ҳамкорлигимизни янги даражага кўтариш мақсадида Марказий Осиё давлатлари ўртасида визасиз режим ташкил этиш ҳамда бошқа мамлакатлардан минтақага келаётган меҳмонлар учун ягона виза жорий ташаббусини илгари сурамиз", маълум қилган у.

У, шунингдек, маориф тизимидаги ислоҳотларга тўхталиб, 12 йиллик мактаб таълими тизимига ўтиш режасини эълон қилган.

Тожикистон

rahmon

Сурат манбаси, President.tj

Сурат тагсўзи, Раҳмон яна иқлим ўзгариши оқибатлари ва озиқ-овқат хавфсизлиги масаласини тилга олган.

Тожикистонни "Наврўзнинг асл ватани" деб атаган Эмомали Раҳмон ўз халқини бу кунда қадимий миллий байрамларни асраш ва дарахт экишга чақирган.

Тожик президенти, умуман олганда, охирги йилларда одат қилганидек, ўзининг Наврўз табригида ҳам иқлим ўзгариши оқибатлари ва озиқ-овқат хавфсизлиги масаласини эслаб ўтган.

"Мамлакат деҳқонлари ва тасарруфида ер участкаси бўлган барча инсонлар баҳорнинг ҳар бир қулай кунидан тўлиқ фойдаланиб, йилига уч-тўрт ҳосил олишга интилиши ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари етиштиришни ошириши лозим. Президент ери ёки томорқага эга ҳар бир хонадон ўзининг озиқ-овқатга бўлган эҳтиёжини қондириш ва захира тўплаш мақсадида ернинг ҳар бир қаричидан унумли фойдаланиши зарур", таъкидлаган Раҳмон.

Тожикистон президенти табригида бошқа ҳамкасблари каби геосиёсий масалаларни бевосита тилга олмаган.

Қозоғистон

Президент Қосим-Жомарт Тоқаевнинг табриги ҳам бошқа етакчиларникидан у қадар фарқ қилмайди.

Тоқаев ҳам ўз юртида кенг қамровли ислоҳотлар олиб борилаётганини тилга олган.

Бироқ у Қозоғистоннинг баъзи геосиёсий амбицияларига ишора қилган.

"Изчил ва ҳар томонлама ўйланган ташқи сиёсат шарофати билан Қозоғистон бутун дунёда обрўли давлат ўлароқ тан олинди", ишонч билдирган мамлакат раҳбари.

У жорий йилда Қозоғистон илғор, фаровон ва кучли давлатга айланиши зарурлигини таъкидлаган.

toqayev

Сурат манбаси, Akorda.kz

Сурат тагсўзи, Тоқаев мамлакатни янги геосиёсий воқеликларга мослаштириш лозимлигини айтган.

Тоқаев бу мақсадга эришиш учун мамлакатни янги геосиёсий воқеликларга мослаштириш лозимлигини айтган.

"Мамлакатимиз мақсадлари ва устувор йўналишлари аниқ. Рақамлаштириш ва сунъий идрок, йирик инфратузилма лойиҳалари, транспорт алоқаси ва энергетика, агросаноат комплекси, инсон капитали – бу мамлакатимиз тараққиётининг асосий йўналишлари", деган Тоқаев ва Қозоғистон ўзи тилга олган йўналишларда рақобатбардош бўлиш учун етарли имкониятга эгалигини билдирган.

"Биргаликда "Қонун ва Тартиб" тамойили мустаҳкам ўрнашган адолатли, хавфсиз, тоза, маърифатли ва ривожланган Қозоғистонни барпо этамиз", маълум қилган у.

Туркманистон

serdar

Сурат манбаси, turkmenistan.gov.tm

Сурат тагсўзи, Туркман президенти табригида асосий урғу — сиёсат одатга кўра — миллий ўзлик, қадриятлар ва мафкурага қаратилган

Сердар Бердимуҳаммедовнинг "Туркманистоннинг мустақил бетараф халқига" дея бошланувчи табригида ушбу мамлакатнинг яқин тарихида сиёсий анъана тусига кирганидек, асосий урғу миллий ўзлик, қадриятлар ва мафкурага қаратилган.

Кичик Бердимуҳаммедов Туркманистоннинг бетараф мақомига бу йилда 30 йил тўлаётганини эслатган.

"Давлатимизнинг доимий бетарафлик мақоми бутун дунё халқлари ўртасидаги бирдамлик, дўстлик ва биродарликни мустаҳкамлаш, умумжаҳон тинчлигини таъминлаш, ўзаро ишонч ва яхши қўшничилик алоқаларини кенгайтириш борасида улкан аҳамиятга эга. Ҳозирги пайтда дунё давлатлари билан ўзаро манфаатли дўстона муносабатларни доимий равишда ривожлантириш юртимизнинг халқаро нуфузини янада оширмоқда", маълум қилган у.